Жаҳон | 10:32 / 22.02.2022
9851
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ДХР ва ЛХР масаласида бетарафликка амал қилади - Мухтор Тлеуберди

Мамлакат бу ҳудудларнинг мустақиллигини тан олишни режалаштирмаяпти.

Фото: Қозоғистон ТИВ

Қозоғистон томонидан Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олиш масаласи кун тартибида йўқ. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди сешанба куни ҳукумат йиғилиши чоғида журналистларга маълум қилди.

«Бундай масала кўриб чиқилмаяпти. Биз халқаро ҳуқуқ асослари ва БМТ тамойилларига амал қиламиз», — деди Тлеуберди Қозоғистон бу ҳудудларнинг мустақиллигини тан оладими, деган саволга жавоб берар экан. 

Шунингдек, у мамлакат бу масалада бетараф қолишини қайд этди.

Қозоғистон қўшинларини Украинага юбориш масаласи ҳам кун тартибида йўқ, дея қўшимча қилди Тлеуберди. Шу билан бирга, «ҳозирда Қозоғистоннинг расмий позицияси муҳокама қилинмоқда», деди вазир.

«Россиянинг бундай қарорга келиши сабабларини таҳлил қилиш керак. Биринчидан, ғарб ва Россия ўртасида хавфсизлик тизими бўйича ҳеч қандай келишув йўқлиги аниқ. Иккинчидан, норманд форматидаги иштирокчилар Минск келишувларини қандай амалга ошириш бўйича ўзаро позицияга эга эмас. Бу ҳам сабаблардан бири. Учинчи сабаб: биз ДХР ва ЛХРда гуманитар инқироз ҳақида гапиряпмиз. Яъни, қочқинлар оқими ҳозир бу республикалардан Россия томон йўналтирилмоқда. 

Ҳозир Қозоғистоннинг расмий позицияси ишлаб чиқилмоқда. Яқин бир неча соат ичида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади, унда биз расман ўз позициямизни қабул қиламиз. Аммо ишонтириб айтаманки, Қозоғистон томонидан ДХР ва ЛХРни тан олиш ҳақида гап кетмаяпти. Биз халқаро ҳуқуқ асосларидан келиб чиқамиз», — деди ТИВ раҳбари. 

Аввалроқ, АҚШнинг БМТдаги вакили Путиннинг «империялар оламига» қайтиш истаги ҳақида маълум қилганди

Томас-Гринфилд ўз нутқида президент Владимир Путиннинг россияликларга мурожаати ҳақида эслатиб, Москва «Россия империясининг барча ҳудудларига даъвогарлик қилиши» мумкинлигидан огоҳлантирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид