Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жамоат транспортидаги жирканч шилқимлик: кўздан панадаги муаммо
Жамоат транспортидаги тегажоғлик 3 хил кўринишда рўй беради: вербал, новербал ва жисмоний. Вербал, яъни оғзаки тарзда шилқимлик қилиш – ёқимсиз гап отиш, ҳуштак чалиш, ҳаёсиз таклифлар билдириш билан; новербал эса таъқиб қилиш, ҳаёсиз видеолар кўрсатиш билан содир бўлади. Жисмоний шилқимлик эса қизларнинг танасига, сочларига тегишни англатади. Кўплаб ҳолатларда қизлар қўрқув сабаб бу ҳақда хабар бера олишмайди.
Куннинг тиғиз пайтларида – ишга, ўқишга бориш ва қайтиш вақтида жамоат транспорти одамлар билан тўлади. Куннинг шу қисмида автобус, метро йўловчилар учун ҳар қачонгидан ноқулайроқ бўлади. Айниқса, аёллар учун. Ана шундай пайтларда тиқилинч метро вагони ёки автобус салонида хотин-қизларга тегажоғлик қилиш ҳолатлари учраб туради. Бу ҳақида аксар ҳолатларда хотин-қизлар бошқаларга айтишга хижолат бўлади ёки имкон топа олмайди.
Ҳар уч хотин-қиздан бири
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Аёл” гуруҳида “Жамоат транспортида (автобус, метро) сиз билан бирор марта бўлса ҳам тегажоғлиқ ҳолатлари содир бўлганми?” деган сўровнома ўтказиб кўрдик. 294 киши қатнашган сўровномада, 102 киши жамоат транспортида тегажоғлик ҳолатларига дуч келганини, 164 киши эса дуч келмаганини, 28 киши эса жамоат транспортидан фойдаланмаслигини билдирган.
Сўровномага асосан, 294 респондентдан 102 нафари тегажоғлик ҳолатларига дуч келиши – тахминан ҳар 3 қиздан биттаси шундай ҳолатга тушиши мумкинлигини англатади.
Балки жамоат жойларида хотин-қизларга тегажоғлик тез-тез учраши ҳақида кўпчилик билмас: сабаби бундай ҳолатга тушган қизлар вазият ҳақида очиқ айтишга тортинган бўлиши ёки шок ҳолатида қолгани учун айтадигани ичида қолган бўлиши мумкин.
Шилқимлик 3 хил кўринишда содир бўлади: вербал, новербал ва жисмоний.
Вербал, яъни оғзаки тарзда шилқимлик қилиш – ёқимсиз тарзда гап отиш, ҳуштак чалиш, ҳаёсиз таклифлар билдириш билан, новербал эса таъқиб қилиш, ҳаёсиз видеолар кўрсатиш билан содир бўлади. Жисмоний шилқимлик эса қизларнинг танасига, сочларига тегишни англатади.
“Қўрққанман, лекин негадир индай олмаганман”
Юқоридагиларни ўқиш ёқимсиз бўлиши мумкин, лекин булар жамиятда мавжуд ҳолатлар ҳақида.
Ўрганишларга кўра, хотин-қизлар одамлар гавжум бўладиган бекатларда, куннинг тиғиз қисмларида жамоат транспортида тегажоғликка дуч келишади. Бу эса хотин-қизларнинг жамоат транспорти хизматларидан етарли даражада фойдалана олмаслигига сабаб бўлади. Энг ёмони, бу уларнинг эркин ҳаракатланишига ҳам халақит беради.
“Биринчи курс эдим. Одам лиқ тўла автобусда кетаётгандим, оёғимга нимадир қадалгандай бўлди, орқамда бир аёл кетаётганди, сумкаси бўлса керак, деб ўйлаганман. Автобусда одам сал камайгач, орқамга қарасам, у аёл эмас, ўзим тенги ёки ўзимдан ёши кичикроқ бир йигит турибди.
Қўрққанман, лекин негадир индолмаганман. Биринчи дуч келган бекатда автобусдан тушиб қолгандим”, деб ёзади сўровномада қатнашган фойдаланувчилардан бири.
Шундай ҳолатга тушган яна бир қиз эса автобусдан тушиб қолиб, йиғлаганини айтган.
Тегажоғлик сабаб
Шилқимликка дуч келган инсонларда шахснинг ўзига хос хусусиятларига қараб турли таъсирланиш ҳолатлари кузатилиши мумкин:
Ишончсизлик – бир марта жамоат транспортида тегажоғликка дуч келган қиз бошқа сафар ҳам шундай бўлишидан қўрқиб қолади.
Ғазабланиш – ўзига нисбатан содир этилган ҳолатни қайта-қайта ўйлаб асабийлашиш, нега одамлар бундай қилиши мумкинлигини ўйлаш;
Ўз-ўзини айблаш – “нега мен билан бундай ҳолат содир бўлди? Ўша ҳолатда мен бўлмаслигим мумкин эди, нимадир қилишим мумкин эди”, деган кайфиятни бошдан ўтказиш.
Бундан ташқари, ўзига бўлган ишончнинг тушиб кетиши, бош оғриғи, иш ё ўқишга боришга қўрқиб қолиш кайфияти ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Тегажоғлик учун қонунда жазо борми?
Ўтган йили Тошкент метросида вояга етмаган шахсга нисбатан тегажоғлик қилган шахс жавобгарликка тортилган эди.

Суд ҳукми билан, фуқаро К.Ш. 2021 йил 18 сентябр куни Тошкент метрополитени поездининг вагонида ЖК 129-моддасининг (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Маҳкумга иш ҳақининг 20 фоизи миқдори давлат даромадига ушланган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Яъни Жиноят кодексига кўра, шахснинг ўн олти ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш — 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Савол: жамоат транспортида 16 ёшдан катталарга нисбатан тегажоғлик ҳаракатларини содир этганларга ҳам жазо борми?
Бундай ҳолатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига тўғри келиши мумкин.
Унга кўра, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик — 3–5 БҲМ жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Чиптачига хабар беринг
2021 йил ноябр ойидан бошлаб Тошкент шаҳри автобусларида бир марталик йўл чипталари тегажоғлик ҳолатига дуч келганлар чиптачига хабар бериши мумкинлиги ҳақидаги ёзув билан чиқа бошлади.

“Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизматининг маълумот беришича, тегажоғлик ҳақида хабар берилгач, чиптачи шундай ҳолатга тушган аёлга ёрдам беради, уни хавфсиз жойга ўтказади, бироқ тегажоғлик қилган шахсга нисбатан тўғридан тўғри чора кўриш ваколати унда йўқ.
Тегажоғликни қандай қилиб чеклаш мумкин?
Шилқимлик ҳолатлари ҳақида одамларни кўпроқ хабардор қилиш. Транспорт соҳаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги ходимларни жамоат жойларидаги тегажоғлик, кўриладиган чоралар ҳақида хабардор қилиб бориш унинг олдини олишда ёрдам бериши мумкин. Жамоат транспортига турли постерлар, баннерларни илиш орқали одамлар хабардорлигини ошириш, тегажоғлик ҳақида хабар берганларни рағбатлантириш орқали ҳолатга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш мумкин.
Сўровномалар ўтказиб туриш. Тегажоғлик ҳолатлари бор-йўқлиги ҳақида йўловчилар ўртасида мунтазам сўровномалар ўтказиб бориш муаммони аниқлашга ёрдам беради.
Камералар ўрнатиш. Қоидабузарларни тийиб туриш учун кузатув камералари мавжуд бўлиши ҳам яхши самара беради.
Жамиятда хотин-қизларга ҳурмат кайфиятининг устувор бўлиши, улар турли зўравонлик ҳолатларига дуч келганда ҳимоя тизимининг тўғри ишлаши – энг муҳими.
Ҳурматли аёллар! Кимдир сизга ўринсиз равишда қўпол, уятсиз муомалада бўлса, қўрқманг, сиз бундай қилишларига муносиб эмассиз. Яқин-атрофдагилардан албатта ёрдам сўранг, зарурат бўлган ҳолатларда ички ишлар органларига, метрода қўриқлаш хизмати ходимларига мурожаат қилинг. Қонун сиз томонда эканини унутманг.
Зилола Ғайбуллаева
Мавзуга оид
16:14 / 04.06.2026
Электропоезд чиптасини Тошкент жамоат транспорти билан боғловчи тарифлар жорий этилади
15:14 / 04.06.2026
Йўлкирани автобусга чиқиш пайтида тўлаш мажбурий бўлади
20:20 / 02.06.2026
Тошкентда шифокор амалиётчи талаба қизларга шилқимлик қилди
17:55 / 25.05.2026