Ўзбекистон | 12:42 / 18.03.2022
11876
2 дақиқада ўқилади

Автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш кескин ошди. Бунга сабаб нимада?

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказиш сонининг кескин ўсишини ўтган ойдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши билан изоҳламоқда.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2022 йилнинг февраль ойида 128,4 минг дона автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг февраль ойига (51,5 минг) нисбатан 149,2 фоизга, жорий йилнинг январь ойига нисбатан эса 13,4 фоизга кўп.

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг кескин ўсишини ўтган ойдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида белгилангани билан изоҳлашмоқда.

Февраль ойи давомида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 28,8 минг донани ташкил этиб, январь ойига нисбатан 3,2 фоизга ошган. Иккиламчи бозорда эса ушбу кўрсаткич 99,6 минг донани ташкил этган (ўсиш 16,8 фоиз).

Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони январь ойига нисбатан Тошкент (63,2 фоиз), Қашқадарё (38,1 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (15,9 фоиз) сезиларли даражада ошган бўлса, Сирдарё (27,8 фоиз), Фарғона (22,3 фоиз), Наманган (16,9 фоиз), Бухоро (6,2 фоиз), Сурхондарё (6,1 фоиз), Самарқанд (4,8 фоиз), Жиззах (1,9 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (6,6 фоиз) камайиш кузатилган.

Шунингдек, иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларининг энг кўп расмийлаштирувлари Самарқанд – 12,5 минг (январь ойида – 9,7 минг), Фарғона – 11,8 минг (9 минг), Андижон – 10,2 минг (7,2 минг), Наманган – 9,4 минг (8,1 минг), Қашқадарё – 8,3 минг (6,4 минг) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида – 11,7 минг (13,6 минг) қайд этилган.

Аввалроқ, 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ундириладиган йиғимлар бекор қилингани хабар қилинганди. Бунга қадар янги автомобиль харид қилинганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланарди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид