Жаҳон | 15:36 / 31.03.2022
12023
2 дақиқада ўқилади

 Россияда 134,5 минг киши армияга чақирилади

Россия президенти Владимир Путин баҳорги армияга чақирув бўйича фармонни имзолади. Унга кўра, 134,5 минг киши армияга чақирилади.

Фото: «Москва» ахборот агентлиги.

Фармон матни Россия расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган. Унда ёзилишича, чақирув 1 апрелдан 15 июлгача давом этади. Уч ой давомида 134 минг 500 нафар 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган россияликлар армияга чақирилади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бу йил ўтган йилгига қараганда камроқ одам армияга чақирилишини айтганди. Ўтган йил 135 минг 650 киши баҳорги чақирув доирасида армияга чақирилган. Россия мудофаа вазирига кўра, армияга чақирилганлар ҳеч қандай «қайноқ ҳудудларга» юборилмайди. Хизматни якунлаганлар захирага олиниб, яшаш манзилларига жўнатиб юборилади.

Россия бош штаби раҳбарининг ўринбосари Евгений Бурдинскийнинг таъкидлашича, баҳорги армияга чақирув Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ эмас, уларда фақат шартнома асосида хизмат қиладиган ҳарбийлар иштирок этади. Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилганини маълум қилган, Путин бу ҳолат бўйича текширув ўтказишга буйруқ берганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид