Ўзбекистон | 10:24 / 04.04.2022
14226
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ер талашган одамлар оммавий жанжаллашди

Ҳодиса юз берган жойга ИИБ ходимлари етиб келиб кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олган.

Ижтимоий тармоқларда Чироқчи туманида одамлар ер талашиб жанжаллашгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Унда ИИБ ходимлари қийинчилик билан 20 нафарга яқин одамни тинчитишга уринаётганини кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, 2022 йил 31 март куни соат 09:00ларда Чироқчи тумани “Оқ олтин” МФЙда жойлашган “Шомурод ота” фермер хўжалиги раҳбари A.Д. ўзига тегишли бўлган 20 гектар ер майдонини шудгор қилмоқчи бўлганида бир нечта фуқаро томонидан қаршилик кўрсатилган.

Шундан сўнг фермер ички ишлар органларига ҳолат бўйича хабар берган. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келиб, жамоат тартибини сақлаб, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан фермерга қаршилик кўрсатган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун Чироқчи тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид