Ўзбекистон | 18:01 / 07.04.2022
77975
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов вазирликдан кетди

Президент фармонига асосан, Алишер Саидаббосович Султонов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан энергетика вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Султоновнинг кейинги иш жойи ва Энергетика вазирлигининг янги раҳбари ким бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Алишер Султонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йилда А. Ф. Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган . 1996−1998 йилларда «Ўзнефтқайтаишлаш» компаниясида бош мутахассис лавозимида ишлаган.

1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда «Ўзбекнефтгаз» компанияси Шўртан қурилиши бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 2002−2013 йилларда «Шўртан газ-кимё мажмуаси» унитар шуъба корхонасига раҳбарлик қилган.

Алишер Султонов  2013−2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари бўлган, 2015 йил августидан 2018 йил сентябрига қадар «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 2017 йил ноябридан Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. 

2019 йил февралида Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ўрнатувчи янги вазирлик ташкил этилиб, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖдан давлат-ҳокимият ваколатлари мазкур вазирликка ўтказилган, президент Алишер Султоновни янги вазирликнинг биринчи раҳбари этиб тайинлаганди.

  • Маълумот учун, 2018 йил 20 августида, «Ўзбекнефтгаз» раиси ва бош вазир ўринбосари бўлган Алишер Султонов бош вазир Абдулла Орипов билан бирга Бекободдан Тошкентга қайтишда йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. Ўшанда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Дамас» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилганди.
  • Алишер Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши қайд этилганди.

Мавзуга оид