10:20 / 05.05.2022
19158

Жиззахда сел Damas машинасини оқизиб кетди

2022 йил 4 май куни Жиззах вилояти Зомин туманида ёғган ёмғир кучли сел оқимлари юзага келишига сабаб бўлган. Оқибатда, аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошган.

Фото: Kun.uz

Вилоят ФВБ ахборот хизматининг хабар беришича, Зомин туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган ёғингарчилик натижасида туманнинг Пшағор, Аччи ва Шўрча қишлоқларидан ўтган сойлардан кучли сел оққан.

Ҳодиса оқибатида сел сувлари “Жиззах — Зомин” автомобил йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб ўтган.

“Пшағор” ҚФЙ Қонғли қишлоғида яшовчи, 20 ёшли Э.Н. сувда оқиб кетаётганда ФВВ ходимлари қутқариб қолган. Ушбу фуқаро тан жароҳатлари олмагани ва аҳволи яхшилиги маълум қилинган.

Бундан ташқари, “Пшағор” ҚФЙ ҳудудидан ўтувчи сойда оқиб келган Damas машинаси сув ўтказиш иншоотига пачақланган ҳолда тиқилиб қолган. ФВВ қутқарувчилари яроқсиз ҳолга келган машинани қувур ичидан олиб чиқишган. Унда ҳеч ким бўлмагани айтилмоқда.

2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди. Сел енгил машина ва чорва молларини оқизган. Бундан ташқари, юқори кучланишли электр линиясининг темир устунини йиқитганди.

“Ўзгидромет” 3-5 апрел кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Аввалроқ, 2022 йил 20 апрел куни ёғган ёмғирлар Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида кучли селлар келишига сабаб бўлган. Оқибатда, айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланганди.

Фориш туманида 4 нафар фуқаро (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) сел оқизиб кетиши натижасида ҳалок бўлган. Ушбу туманда бир нечта қишлоқни сел босган, хонадонлар сув остида қолган, машиналарни сув оқизганди.

Top