Ўзбекистон | 19:10 / 24.05.2022
21681
3 дақиқада ўқилади

Икки вилоятда бош солиқчилар ўзгарди

Наманган вилояти ДСБ бошлиғи Фарғона вилоятига худди шу лавозимга ўтди, унинг ўрнини биринчи ўринбосари эгаллади.

Ўзбекистон президенти фармойишига асосан Алишер Носирович Бойханов Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Алишер Бойханов / Наманган вилояти ҳокимлиги

Алишер Бойханов 1972 йилда Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича ихтисослиги иқтисодчи, халқаро иқтисодий муносабатлар.
 
Алишер Бойханов меҳнат фаолиятини 1994 йилда Наманган тумани давлат солиқ инспекцияси катта инспекторлигидан бошлаган.

1999–2009 йилларда давлат солиқ тизимида турли лавозимларида ишлаган. 2009–2015 йилларда Чортоқ тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 2015–2018 йилларда Наманган вилояти Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини мувофиқлаштириш уюшмаси раиси бўлган.

2018-2019 йилларда Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи вазифасида ишлаган. Тайинловга қадар Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

2018 йил сентябридан буён Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Адҳамжон Тиллаволдиев ДСҚ раҳбари Шерзод Қудбиев ва вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирокидаги тадбирда ҳурмат билан кузатилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

У энди Давлат солиқ қўмитасининг Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси лавозимида иш бошлади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Адҳамжон Тиллаволдиев президентнинг 2022 йил 23 майдаги тегишли фармойишига асосан Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани ҳақида хабар қилган.

Ушбу тайинлов Фарғона вилояти ҳокимлигида Давлат солиқ қўмитаси раиси ҳамда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, тегишли бошқармалар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги ташкилий йиғилиш давомида эълон қилинди.

Адҳамжон Тиллаволдиев / Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Адҳамжон Тиллаволдиев 1965 йилда Тошлоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1986 йилда Марғилон план-иқтисод техникумини, 1992 йилда Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини тамомлаган.

Солиқ тизимидаги меҳнат фаолиятини 1997 йилда Тошлоқ тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимидан бошлаб, 2002–2017 йиллар давомида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, хўжалик бирлашма раҳбари бўлган, Фарғона вилояти ҳокимлигида масъул раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2018 йилнинг январь ойидан сентябрига қадар Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

У 2018 йил сентябрида Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

  • Маълумот учун, 2020 йил мартидан буён Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бўлган Шукруллохон Нисбатхонов 2022 йил апрелида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.

Мавзуга оид