Ўзбекистон | 14:10 / 01.06.2022
17909
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда “буханка” нархи 2 800 сўмга кўтарилди

Кутилганидек, ғаллани фермерлардан бозор нархида сотиб олишга ўтилаётгани қолипли нон нархларида акс этди. Энг катта “сакраш” Тошкентда кузатилди: “буханка” 1600 сўмдан 2800 сўмга қимматлашди. Бошқа турдаги нонлар нархида катта ўзгариш йўқлиги айтилмоқда: улар аввалдан бозор нархида сотиб келинади. Шунингдек, айрим ҳудудларда, хусусан Хоразмда қолипли нон бунгача ҳам 3 минг сўмга яқин нархда сотилаётганди.

Бугун, 1 июндан Тошкентдаги аксарият бозорлар ва дўконларда қолипли нон 2800 сўмдан сотила бошланди. Бир кун олдин пойтахтда “буханка” нархи 1600 сўм эди.

Нархлар ошиши шу пайтгача ортга суриб келинган ғалла ислоҳоти билан боғлиқ: ҳукумат ғалла етиштирувчилардан буғдойни бозор нархида сотиб олишга ўтиб, ун нархини субсидиялашни тўхтатмоқда.

Kun.uz суҳбатлашган айрим фермерлар аввалги йилларда етиштирилган буғдой учун давлат тўлаган нархлар уларнинг ҳатто харажатларини ҳам қопламаганини айтди.

Шунингдек, фермерлар давлатга дон топшириш режасини ортиғи билан бажарганига қарамай, ортиқча етиштирилган буғдой мажбуран тортиб олиниши ҳолатлари бутун республикада одатий ҳолга айланган эди. Ҳосил учун бозор нархида тўлов қилиниши шу каби ҳолатларга ҳам чек қўйиши, деҳқон ортиқча етиштирган ғалласини ҳам ихтиёрий равишда биржага чиқаришдан манфаатдор бўлиши кутилмоқда.

Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотга кўра, 30 март ҳолатида биринчи навли ундан тайёрланган 600 граммлик қолипли нон республика бўйлаб ўртача 2233 сўмдан сотилган. Энг қиммат нархлар Хоразм (2949 сўм), Наманган (2647 сўм) ва Жиззах (2552 сўм) вилоятларида бўлган, фақатгина Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида “буханка” нархи 2 минг сўмдан паст бўлган.

Ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш аслида 2018 йил сентябрь ойидан бошланиши кўзда тутилган эди, аммо маълум сабабларга кўра давлат субсидия ажратишни давом эттирди.

Аввалроқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида пенсионерлар ва нафақахўрларга Тошкентда 400 минг сўмдан, бошқа ҳудудларларда 300 мингдан пул тарқатиш бошланганди.

Шунингдек, кам таъминланган оилалардаги 4,5 миллион нафар боланинг ҳар бири учун 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тўланмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар бир оила аъзоси учун 20 килодан ун ҳам тарқатилиши белгиланган.

Мавзуга оид