13:09 / 11.07.2022
19687

Ота-оналар учун солиқ имтиёзлари, бюджетдаги интизомсизлик ва портлаётган газ баллонлари – Сенатнинг 28-ялпи мажлиси қандай ўтди?

2022 йил 8 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлисида 13 та масала кўриб чиқилди, шу жумладан 4 та қонун қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Дастлаб сенаторлар Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари ва 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини муҳокама қилди.

Маълум қилинишича, давлат бюджети даромадлари ҳажми 2021 йилда олдинги йилга нисбатан деярли 32 трлн сўмга ўсган. 2022 йилнинг  1-чорагида эса давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 трлн сўмга кўпайган. Сенаторлар давлат бюджетининг харажатларини молиялаштирилишига доир ҳисоботларни ҳам тинглаб, тегишли қарор қабул қилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқиб, қабул қилди. Қонун солиқ маслаҳати соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ва солиқ тўловчиларга малакали солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатилишини таъминлаш тизимини яратишга қаратилган. Солиқ маслаҳати соҳасини тартибга солиш ваколати ва Молия вазирлигининг айрим функциялари Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилмоқда.

Сенаторлар, шунингдек «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунни бир овоздан қабул қилди.

Қонун билан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирлари, уни эълон қилиш хавфи тўғрисида аҳолига хабар бериш, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг аниқ вазифалари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларига раҳбарлик қилиш ва яна бир қатор жиҳатлар белгиланмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун билан махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга фойда солиғидан озод этилиши белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан маъқулланган «Солиқ ва божхона қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси туширилмоқда, фарзандларига нодавлат таълимга оид хизматлар учун ота-оналарга солиқ имтиёзлари берилмоқда.

Шунингдек, қонун билан жисмоний шахслар ва тадбиркорлар учун яна бир қанча солиқ имтиёзлари белгиланмоқда.

Ялпи мажлисда дарёлар ўзанларини ободонлаштириш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Сенаторлар шунингдек, ҳукуматга иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан парламент сўрови юбориш бўйича ҳам Сенатнинг тегишли қарорини қабул қилди.

Шундан кейин сенаторлар экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди.

Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистонда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши бўйича Ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама этилди.

Сенаторлар ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилди.

Сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишни назарда тутувчи Сенат қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, 28-ялпи мажлисда сенаторлар Сенатнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва Сенат Кенгаши қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат томонидан қабул қилинган қонунлар 10 кун муддатда президентга юборилади. Қонунлар 30 кун ичида президент томонидан имзоланади (ёки парламентга қайтарилади) ва ҳар бир қонуннинг ўзида кўрсатилган муддатларда кучга киради. 

Top