Ўзбекистон | 14:26 / 11.07.2022
50334
10 дақиқада ўқилади

Ерларимиз шиддат билан ишдан чиқяпти, чунки... тайинли эгаси йўқ

Агар ер сингари ишлаб чиқариш воситалари хусусий қўлларда бўлмаса, катта эҳтимол билан улар самарасиз ишлатилади. Ерга хусусий эгалик қилиш ҳуқуқи нафақат аграр давлатнинг ривожи учун, балки бутун бошли халқнинг ирсий фондини сақлаб қолиш учун ҳам керак. Бу ҳақда Kun.uz колумнисти Шаҳзод Йўлдошбоев фикр юритади.

Охирги ҳафталарнинг шиддатли хабарлари оқими орасида бир муҳим хабар, назаримда, жамоатчилик назаридан четда қолди – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши таклиф этилган ўзгаришлар қаторида унинг 55-моддасини ўзгартириш таклиф этилди. Қандай таклиф бу?

Ҳозирда Ўзбекистонда деҳқон ва фермерлар ерларни хусусий мулкка олиши имконияти йўқ. Таклиф мазкур меъёрни Конституцияда мустаҳкамлашни назарда тутяпти.

Муҳокамага қўйилган ўзгартишлар рўйхати бўйича ерларни икки турга: қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги ерларига бўлиш таклиф этиляпти. Шу билан бирга, хусусийлаштириш имконияти фақат иккинчи турдаги ерлар учун кўзда тутиляпти, қишлоқ хўжалиги ерлари учун эса – йўқ, мазкур ерларни давлат измида қолдириб, деҳқонларга фақат ижара шартномасига асосан маълум муддатга берилиши таклиф этиляпти.

Икки тур ер?

“Бу икки турдаги ерлар орасида нима фарқ бор?” деб савол берсангиз, ажабланмайман. Тўғри, экин экиладиган ва дейлик, кўп қаватли уй қуриладиган ер – уларни ажратишнинг нима кераги бор? Нега қурувчи-тадбиркорга ерни хусусийлаштириш мумкин-у, деҳқон-тадбиркорга мумкин эмас?

Юқори эҳтимол билан сизнинг бу саволингизга озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги устидан давлат назорати, нархларни ушлаб туриш кераклиги ҳақида аргументлар келтирилади.

Бироқ, иқтисодиёт назарияси ва ривожланаётган давлатларда ўтказилган тадқиқотлар энг юқори самарага эришиш учун ва унданам муҳимроғи – унумдор ерлардан айрилиб қолмаслик учун барча турдаги ерларга мулкчилик ҳуқуқини кучайтириш лозимлигини тушунтиради. Табиийки, қишлоқ хўжалик ерларига ҳам.

Назария

Иқтисодиёт илми асосичисчи Адам Смит барча ўз манфаати учун ҳаракат қиладиган шароитда бутун жамият максимал фойда олади деб ҳисоблаган. Масалан, новвой тонг соат 4 да туриб нон пиширади. У буни сиз учун қайғургани сабабидан қилмайди, у шунчаки билади – кўпчилик одамлар эрталабки нонуштада иссиқ нон ейишни яхши кўради, ва даромадини ошириш учун эрта тонгда туриб ишини бошлайди. Ва айнан шу учун у сифатли маҳсулотлардан фойдаланади (харидоридан айрилиб қолмаслик учун) ва нони нархини имкони борича пастлатади (рақобатчиларидан устун келиш учун). Шундай қилиб, мадомики новвойлар ўз даромади учун жаҳд қилишаётган экан, жамият сифатли иссиқ нонларни қиммат бўлмаган нархларда олиб ейиши мумкин бўлади.

Бироқ, институционалистлар иқтисодиёт бу каби самарали бўлиши учун хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмоғи ҳам кераклигини айтишган.

Новвой ўз тандири учун хавотирда бўлса, яъни исталган вақтда унинг ишлаб чиқариш воситаси олиб қўйилиши мумкинлигидан безовта бўлиб турса, келажак ҳақида уйламайди ва имкони борича қисқа муддатда кўпроқ фойда олишга уринади. “Эртага менинг новвойхонам бу ерда бўлмаслиги мумкин, шу учун сифатга эътибор бермасдан иложи борича кўпроқ фойда олволишим керак”, деб ўйлайди у ва:

  • нонига сифатсиз маҳсулотлардан қўшади,
  • тандирини аямай ишлатади.

Яъни эртанги кунга ишончсизлик нонпазни иқтисодий фойда келтирувчи субъектдан потенциал зараркунандага айлантиради.

Бундан ташқари, мулк ҳуқуқи етарлича таъминланмаган ҳолатда тадбиркорлар ўз бизнесига имкони борича камроқ инвестиция киритишади. Чунки улар киритган инвестициянинг фойдасини эртагаёқ кимдир бошқа кўриши мумкин. Яъни ҳар бир рационал тадбиркор бундай вазиятда ўз корхонасини ривожлантиришдан қўрқиб туради – “кимдир тортиб олиши мумкин!”

Натижада товар таклифи камаяди, нархлар ўсади. Ишлаб чиқаришни фақат “танланганлар” кўпайтиради –коррупция ва бошқа шунга ўхшаш омиллар сабабли мулк дахлсизлигига бўладиган таҳдидлар улар учун қўрқинчли эмас. Албатта, айнан ушбу “ботир”лар монополистларга айланади ва бутун бозор учун ўз қоидаларини ўрнатади.

Мен келтирган мисолда новвойни деҳқонга, тандирни ерга алмаштирадиган бўлсак, ерга бўлган ҳуқуқлар мустаҳкамлиги қанчалик муҳим эканини тушунамиз.

Бошқа тадбиркорлар сингари деҳқон ва фермерлар ҳам ерга бўлган ҳуқуқлари тўлиқ бўлгандагина узоқ истиқболни кўзлаб ерга инвестиция киритишади, ернинг ҳолатини яхшилашади, ишлаб чиқаришнинг технологик модернизацияси устида ишлашади.

Амалда

Институционалистлар олдинга сурган назария – хусусий мулк дахлсизлиги фақат қоғозда бўлган мамлакатлар учун ачинарли манзарани чизиб беради. Ривожланаётган мамлакатларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар уларнинг гапларини тасдиқлайди.

Масалан, иқтисодчи-институционалист Светозар Пежович ҳатто ўхшаш миқдордаги табиий бойликлари, аҳолиси ўсиши темпи ва амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳаларига қарамасдан, хусусий мулкни кўпроқ ҳимоялайдиган мамлакатлар кўпроқ иқтисодий самарага эришишини ўз тадқиқотида исботлади.

Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларга келадиган бўлсак, шакарқамиш етиштириш соҳаси иқтисодиётининг катта қисми бўлган Фижи давлатида ўтказилган тадқиқот ерга эгалик шаклининг қай даражада деҳқонларнинг маҳсулдорлигига таъсир қилишини кўрсатди. Ерни ижарага олган, ижара муддати тугаши билан ерни топширишини билиб шакарқамиш эккан деҳқонлар ерга тўлиқ ҳуқуқлари бўлган деҳқонларга нисбатан гектарига 11 тоннадан кам маҳсулот етиштиришган. Кейинги фасл олдидан ҳам ижарачи деҳқонлар чорак гектар камроқ шакарқамиш экканлар.

Демак, деҳқоннинг ерга бўлган ҳуқуқи тўлиқ бўлмагани учунгина Фижи иқтисодиёти шакарқамиш таклифининг катта қисмидан мосуво бўлди.

Балки гап ерга бўлган ҳуқуқларда эмас, анави Фижи деҳқонлари аввалдан маҳсулдор бўлган, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо Нигерда ўтказилган тадқиқот деҳқонлар ҳам ўзининг, ҳам ижарага олинган ерларида ишлаганда ўз ерига кўпроқ ресурс сарфлаши, жумладан ўғит ва меҳнатни кўпроқ сарфлаши маълум бўлган. Бошқача қилиб айтганда, деҳқонлар айнан ўша одамлар бўлганда ҳам ҳуқуқий мақом маҳсулдорлик учун улкан аҳамият касб этар экан.

Бизнинг деҳқонлар билан гаплашиб, қишлоқ хўжалигимизда бўлаётган ишларни кузатиб ҳам шу хулосага келиш мумкин. Ерни ижара шартномасига асосан ишлатаётганлар уни ўзиники деб билишмайди, ғамини ейишмайди, асрашмайди, қисқа муддатда катта фойда олиш мақсадида ерни “сиқиб, сувини ичишади” – ҳаддан ташқари кўп кимёвий ўғитлар ва пестицидлар ишлатишади.

Ғишт заводларига маҳсулдор тупроқни сотиб юбориш, томчилаб суғориш тизимини йўлга қўйиш учун берилган субсидияларни “еб юбориш” ва бошқа ҳолатлар айнан шундан. Иқтисодиётга доир ишларда инсофга суянилмайди.

Бунда энг қўрқинчлиси – ерларга ишлатилаётган кимёвий ўғитлар ва пестицидларнинг одам соғлиги, ирсий саломатлигимиз учун хавфли миқдори. Ерни ижарага олиб ишлатаётган деҳқонлар учун узоқ келажак, ернинг узоқ истиқболли маҳсулдорлиги муҳим эмас. Айнан шу биз кўраётган масъулиятсизликни келтириб чиқаради.

Узоқ истиқболда бу ҳолат бизни фалокатга етаклаяпти...

Ҳолатни тузатиш учун эса ерларни хусусийлаштириш орқали стимулларни тўғирлаш лозим.

СССРдан меърос

Бундан ташқари, биз фермернинг ерларга инвестиция киритмасдан шунчаки ушлаб туришини, ерни кўзбўямачиликка ишлатиб турганини ёки шунчаки деҳқонларга ижарага бериб, даромад топишини кузатамиз. Зотан ижарага олинган ерни у қонунан сотолмайди, давлатга қайтариб берса эса, эвазига ҳеч нарса олмайди.

Алал-оқибат ерларимизнинг катта қисми ҳозирда номуносиб истифода этилмоқда. Бу эса яқин келажакда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини савол остига қўйяпти. Ер хусусий мулк бўлса, бир муддатдан кейин ўзининг ҳақиқий – ерга инвестиция киритадиган ва ғамини ейдиган эгасини топади.

Кўп йиллик социализм тарихи ва давлатнинг иқтисодиётдаги гегемониясини сабаб, хусусийлаштириш масаласи халқимиз учун ҳанузгача нозик мавзу бўлиб келди. Кўпчилик одамларимизнинг фикрича, хусусийлаштириш камсонли одамларнинг ерларни монополлаштиришига олиб келади. Бироқ мазкур хавфсираш асоссиз эканини бошқа, ер олди-сотдиси йўлга қўйилган давлатлар тажрибаси кўрсатиб турибди.

Мисол келтирай. Ўзбекистонда мавжуд турар жойлар – уйлар сони қишлоқ хўжалиги ерлари гектарлари сонидан анча кам. Уйлар олди-сотдиси мавжудлигига қарамасдан, уйларни ҳеч ким монополлаштириб олгани йўқ. Давлат уйларнинг эгалигини ўзига олволиб, бизга муддатли ижарага беришига эҳтиёжимиз йўқ – уйларни олди-сотди қилиб эркин бозор қулайликларидан фойдаланиб юрибмиз. Барча соҳаларда мувафақиятли ишлаб турган бозор механизмлари айнан ер масаласида панд беришига ишониб бўлмайди. Ер участкаларини сотиш бўйича аукционлар шаффоф бўлса бас.

Хулоса

“Ўйин қоидалари” тадбиркорни фақат қисқа муддатли фойдани кўзлашга мажбур қилишидан бутун жамият зарар кўради.

Деҳқонлар ҳам қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган ҳолдагина келажак учун инвестиция кириташади. Деҳқонлар ўз ерлари ҳолати ҳақида қайғуришларини – ерлар ишдан чиқишидан қўрқишларини, ишлаб-чиқаришларини кенгайтиришларини, бу билан нархлар барқарорлиги таъминланишини истасак, хусусийлаштириш тажрибасини қишлоқ хўжалиги ерларига ҳам татбиқ этмоқ керак.

Бу нафақат маҳсулдорлик ошишига, балки кимёвий ўғитлар ва пестицидларнинг рационал қўлланилишига, бу эса иқтисодий ривожланиш ва ирсий фондимиз соғлигига ижобий таъсир этади.

Шубҳа йўқки, ерларни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш ва амалга ошириш енгил жараёнлардан эмас. Аммо қийин деб Ўзбекистон Конституциясининг 55-моддасига ўзгартиш киритиб – давлатнинг ерларга бўлган шартсиз эгалиги ҳуқуқини мустаҳкамлаб, мазкур иқтисодий ислоҳот келажагига нуқта қўмаслигимиз керак!

Шаҳзод Йўлдошбоев,
Georgetown университети талабаси, АҚШ

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Мавзуга оид