14:14 / 06.08.2022
10492

Самарқандда катта миқдорда нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани маълум бўлди

Фото: AP

Самарқанддаги “Мароқанд нефть базаси”МЧЖга қарашли Булунғур филиалида қарийб 21,5 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари талон-торож қилинган. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрганишлар жараёнида, Булунғур филиали ходими Х.Л. жавобгарлигидаги нефть маҳсулотлари инвентаризациядан ўтказилганда, 7та вертикал пўлат сиғимларга (РВС) қасддан техник ўзгартириш киритиш ва қўлбола усулда сиғим ичига темир қувур жойлаштирилганлиги аниқланган.

Натижада жами 21 млрд 494,7 миллион сўмлик 2 минг 573,5 тонна нефть маҳсулотлари камомадига йўл қўйилиб, катта миқдорда талон-торож ишлари амалга оширилган.

Хусусан:

  • АИ-80 автобензинидан 18 млрд 340,4 млн сўмлик 2 382,1 тонна;
  • ЭКО маркали дизель ёқилғисидан 75,2 млн сўмлик 4,7 тонна;
  • ТДЛ-05 маркали дизель ёқилғисидан 1 млрд 752,1 млн сўмлик 111,6 тонна;
  • ТД-К5 евро маркали дизель ёқилғисидан 1 млрд 327,0 млн сўмлик 75,1 тонна.

"Ўзбекнефтегаз" матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу жиноий иш доирасидаги барча тегишли ҳужжатлар ДХХ ва Бош прокуратурага тақдим қилинган.

Аввалроқ, “Мароқанд нефть базаси”даги талон-торожлик ҳолатлари ва нефть маҳсулотлари ноқонуний сотилиши ортидан 11 нафар ходим ишдан олингани маълум қилинганди

Top