Ўзбекистон | 11:37 / 09.08.2022
5804
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда Cobalt икки нафар болани уриб юборди. Улардан бири ҳалок бўлди

Болаларнинг иккинчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган

Жиззах вилояти ИИб ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 3 август куни соат 12:00 ларда 4К-237 Ғаллаорол-Қўйтош автомобил йўлининг Ғаллаорол тумани “Кўкбулоқ” ҚФЙ ҳудудидан ўтган 10-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ғаллаорол тумани “Бахт” МФЙда яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс Cobalt машинаси билан Қўйтош йўналиши бўйича ҳаракатланаётиб, йўлнинг ўнг томонида велосипед бошқариб кетаётган 8 ёшли бола ва унинг 6 ёшли синглисини уриб юборган.

Оқибатда, “Кўкбулоқ” ҚФЙга қарашли Чаёнли қишлоғида яшовчи, 2014 йилда туғилган бола оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Унинг 2016 йилда туғилган синглиси оғир тан жароҳатлари олиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Жиззахда “Афросиёб” тезюрар поезди икки нафар болани уриб юборган. 2007 йилда туғилган болалардан бири вафот этган, иккинчиси жонлантириш бўлимига ётқизилганди.

Мавзуга оид