Ўзбекистон | 17:19 / 22.08.2022
9340
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Россиянинг Уляновск области ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қирғизистон фуқароларининг нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирган.

“Қардош Қирғизистон халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради, жабрланганлар шифо топишини тилади”, дейилади хабарда.

Уляновск областида 21 август, якшанба куни микроавтобус ва иккита юк машинаси тўқнашиб кетди. Николаевский туманининг Николаевка қишлоғи яқинида М-5 Урал йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар берди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати. 

ИИВ область бошқармаси хабарига кўра, юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси ўз вақтида тезлигини пасайтирмаган ва микроавтобусга бориб урилган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, деб хабар берилди Уляновск области ҳукумати сайтида. Терговчилар мазкур ҳолат юзасидан “Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. 

Уляновск области губернатори Алексей Русскихнинг сўзларига кўра, ЙТҲда жабрланганларнинг уч нафари оғир аҳволда, Николаев тумани шифохонаси шифокорлари уларнинг ҳаёти учун курашмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид