23:32 / 25.08.2022
38573

Президентга янги маслаҳатчи тайинланди

Республика олий таълим кенгаши раиси, Транспорт университети ректори лавозимларида ишлаб келган 44 ёшли Одил Абдураҳмонов Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Одил Қаландарович Абдураҳмонов Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

У мазкур лавозимдан истеъфога чиқарилган Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ўрнини эгаллади. 

Абдураҳмонов бунгача Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент давлат транспорт университети ректори лавозимларида фаолият юритаётганди.

У Президент администрациясида аввал ҳам ишлаган: бу тузилма Президент девони деб аталган вақтда бош консултант лавозимида, кейинроқ девоннинг ижро аппарати раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Абдураҳмонов фаолияти давомида Республика бандлик, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш илмий маркази раҳбари ҳам бўлган. 2018 йил 31 июлдан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

2019 йил апрел ойида Президент администрациясига қайтиб, Абдужаббор Абдувоҳидовга ўринбосар бўлган. 2020 йил июлида Транспорт университети ректори лавозимига ўтказилган.

Абдураҳмонов 2022 йил 8 июндан бошлаб Республика олий таълим кенгаши раиси лавозимида ҳам фаолият юритаётганди. Бу тайинловдан кўп ўтмай кенгашга янги ваколатлар берилганди.

Одил Абдураҳмонов 1978 йилда туғилган, иқтисодиёт фанлари доктори илмий даражасига эга.

Top