Жаҳон | 12:12 / 08.09.2022
5357
2 дақиқада ўқилади

Россияда жисмоний шахсларнинг «дўст» мамлакатлар валютасига бўлган талаби ошди

Россия Федерациясида жисмоний шахсларнинг Хитой юани, турк лираси ва дирҳамни (БАА) сотиб олишга бўлган талаби ортиб бормоқда, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: AFP

Россияда жисмоний шахслар томонидан Россия расмийлари «дўст» деб ҳисоблаган мамлакатлар миллий валютасини сотиб олишга ва сотишга талаб ортди. Бу ҳақда 8 сентябр, пайшанба куни «Коммерсант» газетаси хабар берди. 

Гап, биринчи навбатда, Хитой юани ҳақида кетмоқда. Промсвязбанк резидентлар учун турк лирасини, Совcомбанк эса дирҳамни (БАА) айирбошлашни бошлади. Дирҳам доллар ва еврога муқобил сифатида инвестиция мақсадларида, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларига сайёҳлик ёки хизмат сафарларида фойдаланиш учун таклиф этиляпти. 

Айни пайтда, Россия молия вазири ўринбосари Алексей Моисеевнинг РБК’га айтишича, Россия давлат компаниялари ўз балансларида қолган етакчи Ғарб валюталаридан қандай фойдаланиш бўйича режаларни тақдим этишлари керак бўлади. Улар Россия оммавий ахборот воситалари томонидан Украинага қарши тажовуз учун санкциялар жорий этилганидан кейин «заҳарли» деб аталганди.
 
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати тегишли кўрсатма тайёрламоқда. «Компаниялар режа ишлаб чиқиши керак. Фақат валютани олиб, сотиш эмас, балки ушбу валюта билан бирор нарса қилишга қаратилган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш керак», деб тушунтирди вазир ўринбосари. Масалан, импорт хариди ёки облигацияларни сўндириш учун доллар ва еврони йўналтириш мумкин. 

Август ойида Россия банки молия бозори билан боғлиқ янги вазифалар тўғрисида ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботдан кўриниб турибдики, улардан бири - «молия ва реал секторлар балансларининг девалютизацияси»дир. Молиявий муассаса банкларнинг «заҳарли» валюталардаги операцияларини қисқартиришга қаратилган қўшимча тартибга солиш чораларини кўришга ваъда берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид