19:26 / 09.09.2022
8134

Стратегик ислоҳотлар агентлигига раҳбар тайинланди

Стратегик ривожланиш агентлиги негизида ташкил этилган Стратегик ислоҳотлар агентлигига Шуҳрат Вафоев раҳбарлик қилади.

Президент фармони билан Шуҳрат Вафоев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори лавозимига тайинланди.

Шуҳрат Вафоев 1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Москва муҳандислик қурилиш институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Жонc Ҳопкинс университетини тамомлаган.

1996-2000 йилларда Марказий банк тузилмаларида турли лавозимларда ишлаган, 2000-2002 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бўлим бошлиғи бўлган, 2002-2007 йилларда Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди Ижрочи директори маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган. 2007 йилдан 2010 йилгача Молия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган .

2010-2012 ва 2017-2018 йилларда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори бўлган, 2012-2017 йилларда шу жамғармада директорнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. 2018-2019 йилларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлган.

Шуҳрат Вафоев 2019 йил январидан буён инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон президентининг Стратегик ислоҳотларни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони имзолаганди.

Top