Ўзбекистон | 15:17 / 19.09.2022
34124
7 дақиқада ўқилади

Инсофсиз таксичилар билан курашаётган аэропортнинг ўзи инсофлими?

Ўтган ҳафта Тошкент халқаро аэропорти ўз такси хизматини ишга туширди. Ундаги нархлар бозордаги бошқа таклифлардан 2 баробар қиммат. Аэропортнинг Gentra'сидан фойдаланиш пулига мобил илова орқали Malibu ёки Land Cruiser чақириш мумкин.

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш терминалидан чиқишда норасмий таксичилар йўловчиларнинг йўлини тўсиб, уларни ўз хизматидан фойдаланишга қўпол ва маданиятсиз тарзда ундаши оддий ҳол бўлиб қолган. Улар шаҳардаги йўлкира нархларидан бехабар йўловчилардан бир неча баробар кўп пул ундириши ҳам учраб турадиган ҳолат.

Uzbekistan Airports бу муаммони ҳал этиш учун 12 сентябрдан бошлаб Тошкент халқаро аэропортининг ўз расмий такси хизматини ишга туширди. Лекин ундаги нархлар юқорилиги эътирозларга сабаб бўляпти.

Аэропорт таксиси қанчага тушади?

Тошкент аэропорти мижозларига такси хизматини кўрсатиш учун “Bobur Diyor” компанияси аукцион орқали танлаб олинган. Такси хизматидан фойдаланиш тартиби қуйидагича:

  • йўловчи учиб келиш залида ўрнатилган пештахта олдига келиб, манзилини айтади;
  • менежер тариф бўйича километрни ҳисоблаб чиқади ва тўлаш учун суммани айтади;
  • агар йўловчи нархга рози бўлса, тўлов қилади (нақд ёки банк картаси орқали);
  • йўловчига манзили ва тўлаган суммаси кўрсатилган квитанция берилади;
  • йўловчи терминалдан чиқиб, квитанцияни кўрсатган ҳолда биринчи турган таксига ўтиради.
Фото: Uzbekistan Airports

Шунингдек, йўловчи пештахтадаги менежерга мурожаат қилмасдан, тўғридан тўғри биринчи турган машинага ўтириб, такси хизматидан фойдаланиши ҳам мумкин.

Мижозлар учун “Комфорт”, “Бизнес”, “Люкс” ва “Премиум” тарифлари жорий этилган.

Uzbekistan Airports нархномани фақат рус тилида эълон қилди. Компания сайтининг ўзбекча талқинига ҳам шу жадвал жойланган. 

“Комфорт” тарифида Nexia-3 автомобилига ўтириш минимум 30 минг сўм, Cobalt'да 35 минг, Gentra'да 40 минг сўм туради. Бу минимум нарх 3 км масофага элтиб қўйишни ўз ичига олади ва 4-километрдан бошлаб босиб ўтилган ҳар 1 км учун машина русумига қараб 3 минг, 3,5 минг ёки 4 минг сўм ҳисобланади.

Нархлар агрегаторлардан 2 баробар қиммат

Айтайлик, йўловчи аэропортдан Юнусобод туманидаги Mega Planet савдо марказигача бормоқчи.

Масофани ҳисоблаш учун энг оптимал вариант: Бобур – Фурқат – Себзор – Аҳмад Дониш кўчалари билан юриладиган маршрутни танлаб оламиз. Google харитасининг кўрсатишича, маршрутнинг узунлиги – 14 км. Шунга кўра, Mega Planet'гача элтиб қўйиш нархи аэропорт таксисининг “Комфорт” тарифида қуйидагича бўлади:

  • Nexia-3 – 63 000 сўм (11 * 3000 + 30000)
  • Cobalt – 73 500 сўм (11 * 3500 + 35000)
  • Gentra – 84 000 сўм (11 * 4000 + 40000)

Юқоридаги нархларни Yandex Go ва MyTaxi такси хизматларидаги айнан шу маршрут бўйича нархлар билан таққосласак:

  • Yandex Go: 30 500 сўм
  • MyTaxi: 35 300 сўм

Бу нархлар – Yandex Go ва MyTaxi хизматларининг “Комфорт” тарифларидаги, қолаверса, буюртмалар тиғиз пайтдаги нархлардир. Маълумот учун, бу сервисларда нисбатан арзонроқ бошқа иккитадан тарифлар (“Старт” ва “Стандарт”; “Мини” ва “Эконом”) ҳам бор. Шунингдек, тиғиз бўлмаган пайтларда нархлар юқорида кўрсатилганидан арзонроқ бўлади (масалан, агар йўловчи тунги рейсда келган бўлса).

Аэропорт таксиси нега қиммат?

Uzbekistan Airports раиси Раъно Жўраеванинг айтишича, аэропорт таклиф қиладиган такси нархи шаҳардаги таксиники билан бир хил бўлмаслигини “тушуниш керак”, чунки у “бензинда юради, юқори сервисга эга бўлади ва фақат аэропортга хизмат кўрсатади”.

“Бироқ, шу билан бирга, биз йўловчиларни танлов ҳуқуқида чекламаймиз. 100 метрдан кейин сиз бошқа ҳар қандай таксига ўтиришингиз мумкин”, деди у.

Раъно Жўраева кўрсатган сабаблар 2 баробар қиммат нарх учун асос бўлиши ёки бўлмаслиги борасида ҳар ким турлича фикр билдириши мумкин. Бироқ таъкидлаш керак, юқорида мисол қилиб келтирилган икки сервисда ҳам ҳайдовчиларга “Комфорт” тарифида хизмат кўрсатиш учун муайян талаблар қўйилади.

Қолаверса, аэропорт такси хизмати орқали Gentra'да бориш мумкин бўлган пулга такси агрегатлари орқали Malibu, Land Cruiser ёки Mercedes-Benz E-class автомобилини чақиртириш мумкин. Юқоридаги мисол бўйича (аэропорт – Mega Planet):

  • Аэропортнинг ўз таксиси (Gentra) – 84 000 сўм;
  • Yandex Go Business (Malibu, Captiva, Epica) – 59 000 сўм;
  • MyTaxi Business Plus (Malibu, Land Cruiser, Trailblazer, Equinox, Mercedes-Benz E-class) – 89 000 сўм.

Масаланинг лекини шундаки, терминал олдига киришга фақат аэропортнинг ўз таксиларига рухсат берилади. Йўловчи бошқа таксига чиқмоқчи бўлса, тахминан юз метр юриб, автотураргоҳга ёки йўл бўйига бориши керак. Узоқ йўлдан чарчаб келган, қўлида оғир юклари бўлган одамлар учун бу хурсандчилик эмас албатта.

Нега фақат битта компания? Бир нечта компания рақобат асосида ўз нархларини таклиф қилса бўлмасмиди?

Uzbekistan Airports давлат компанияси эканидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фуқаролар аэропорт такси хизматлари учун белгиланган нархлар қаердан келиб чиққанини билишга ҳақли.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, аввалги хаосга қарши қатъий чоралар кўриш керак эди, лекин бу хизматни кўрсатиш фақат битта компанияга бериб қўйилганини Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўрганиб чиқиши керак.

Uzbekistan Airports ўтказган аукционда асосий талаб автомашиналарнинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмагани ва фақат бензинда ҳаракатланиши лозимлиги қайд этилган эди. “Бу талабга бутун Тошкентда фақат битта компания жавоб берган бўлиши мумкинлигига ишониш жудаям қийин”, – дея ёзди иқтисодчи.

Фото: Uzbekistan Airports

“Кунига 12 минг, тиғиз соатларда 2400 йўловчига хизмат кўрсатадиган аэропорт учун 100та машинаси мавжуд ягона такси компанияси етарли бўладими?” – дея савол қўйди Отабек Бакиров.

Бу масалани Uzbekistan Airports бугун, 15 сентябр куни чиқарган баёнотида тан олди. “Вақт ўтиб, йўловчилар оқими ўсиб бориши билан, албатта, яна бир фирмани ва эҳтимол такси хизматларини кўрсатадиган бир нечта компанияларни танлаш керак бўлади”, – дейилади расмий ахборотда.

Шу билан бирга, иқтисодчининг қуйидаги ҳақли саволлари жавобсиз қолмоқда:

  • Аксилмонопол қўмита ҳолат юзасидан ўз муносабатини берадими?
  • Аукционда компаниялар тарифлар бўйича рақобат саватига солинганми?
  • Буюртмачи талабларига жавоб берадиган ўзаро боғлиқ бўлмаган учта, бешта компания танлаб олинишига нима ёки ким тўсиқ бўлган?

Мавзуга оид