Ўзбекистон | 07:32 / 23.09.2022
7820
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида жадал ўсиш кузатилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил август ойида кўчмас мулк бозоридаги ҳолатни таҳлил қилди. Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги савдо ҳажми йил бошидан буён 8,5 фоизга ошди.

Фото: Kun.uz

Кўчмас мулк бозори таҳлили шуни кўрсатдики, бир ой ичида Ўзбекистонда уй-жой савдоси 30 фоизга ошган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари буни жорий йил август ойида ипотека кредитлаш ҳажми кескин ўсиши билан изоҳлашмоқда, бу барча ҳудудларда сотувлар ижобий динамикасига таъсир кўрсатди.

2022 йил август ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 26,5 мингтани ташкил этди, бу жорий йилнинг июль ойига (20,3 минг) нисбатан 30 фоизга (+6,2 минг) кўп.

Йил бошидан буён уй-жой савдоси ўсиши 8,5 фоиз (172,7 минг)ни ташкил этди. Август ойида ипотека кредитлаш ҳажми июль ойига нисбатан 37 фоиз кескин ўсиши (1,1 трлн сўмдан 1,5 трлн сўмгача) барча ҳудудларда савдо ҳажми ижобий динамикасига таъсир кўрсатди.

Қорақалпоғистонда 2,3 баробар, Самарқанд - 75 фоиз ва Жиззах вилоятларида 41 фоиз юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. 2021 йил август ойи билан таққослаганда кўчмас мулк олди-сотди бўйича шартномалар сони 22 фоизга (4,7 мингта) ошди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил август ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўсиши ойига 0,5 фоизни ташкил этди (июнь ойида – 2,7 фоиз, июль ойида - 2,5 фоиз).

Уй-жой нархи сезиларли ўсиши Хоразм – 6,1 фоиз, Қашқадарё – 1,9 фоиз ва Фарғона - 1,8 фоиз вилоятларида кузатилмоқда. Уй-жой нархи пасайиши Сурхондарё – 5,3 фоиз, Андижон – 2,1 фоиз, Сирдарё - 1,2 фоиз ва Навоий -1,1 фоиз вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши бироз секинлашди ва 1,4 фоизни ташкил этди (июнь ойида - 2,4 фоиз, июль ойида - 2,9 фоиз). Уй-жой нархи энг катта ўсиши Чилонзор, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилди. Сергели туманида нархлар пасайиши кузатилди.

Шу билан бирга, йил бошидан буён пойтахтда уй-жой ўртача нархлари 13 фоизга (республика бўйича 7 фоиз) ошди, бу уй-жойга бўлган талаб , шу жумладан, чет эл фуқаролари кириб келиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид