Ўзбекистон | 20:59 / 06.10.2022
21961
4 дақиқада ўқилади

Орден муҳокамаси, “мобил қуллик”дан чиқиш, Starlink ва Uztelecom — кун иқтибослари

Kun.uz кун давомида ахборот маконида янграган энг асосий фикрлар ва баёнотларни бериб борувчи “Кун иқтибослари” рукнини ташкил этмоқда. 6 октябр, пайшанба кунининг муҳим иқтибослари билан танишинг.

“Ўзбекистон ҳам катта оила, яхшиси ҳам, ёмони ҳам ўзимизники”

Президент Шавкат Мирзиёев:

— Вақти келиб барча масалалар маҳаллада ҳал қилинишига эришамиз. Маҳаллалар тинч бўлса, мен Тошкентдаги иш кабинетимда тинч ўтира оламан. Ўзбекистон ҳам катта оила, яхшиси ҳам, ёмони ҳам ўзимизники. Биз шу ёмонларни ҳам тўғри йўлга солиш устида ишлашимиз керак. Бунда маҳалла фаолларининг, оқсоқоллар, имомларимизнинг роли катта. Ёшларимизга бугунги кун моҳиятини, тинчлигимиз қадрини тушунтиришимиз керак. Атрофдаги вазият бизни сергаклантириши зарур.

“Асимметрик жавоб: орден бериш, туғилган кун бўлса, туғилган кун-да!”

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

— Ўзбекистон президенти Мирзиёев бугун туғилган куни, яъни 70 йиллигини нишонлаётган В.Путинни Ўзбекистоннинг “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлабди. Июл ойида В.Путин Ўзбекистон президентини “Александр Невский” ордени билан мукофотлаган эди. Асимметрик жавоб: орден бериш, туғилган кун бўлса, туғилган кун-да!

[...] Ўзбекистон тарафи вазмин ва мулоҳазали жавоб қайтарди. Орденни олишдан бош тортиш, бир томондан бошқаларнинг (Қозоғистон) ишини такрорлаш, иккинчи томондан конфликтли демарш бўларди. Биринчи савдо-иқтисодий ҳамкор билан теп-текис жойда зўриқишга бориш, кимга керак? Ўзбекистон тарафи орденни олиб, вақти келганда, ўзининг бошқаларга кенг бериладиган орденини бериб, муносиб жавоб қайтарди. Чиройлигина шарқона дипломатия!

“Uztelecom Starlink'дан кўра 4-5 баробар тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин”

Шерзод Шерматов, АКТ вазири:

— Кўпчилик “Илон Маскнинг Starlink интернети қачон бизга келади?” деб сўрайди. Ундан 4-5 баробар тез ва арзон бўлган интернетни Uztelecom ҳозир исталган хонадонга олиб бориб бериши мумкин. Starlink'ка ойига 100-500 доллар тўлаш керак, бизга унақа пул тўлаш шартмас, арзонроқ тўласа, уйига бемалол олиб бориб берилади. Шунақа имкониятимиз бор.

Ўзбекистонликлар “мобил қуллик”дан чиқишига оз қолгани айтилди

Шерзод Шерматов, АКТ вазири:

— Бир операторда ишлатаётган рақамингизни бошқа операторга ўтказиш учун технологик ечим деярли ишлаб чиқилган. Интеграция ва хавфсизлик масалалари қолган. Яъни сизнинг номингиздан бошқа одам кимгадир телефон қилиши каби муҳим хавфсизлик жиҳатлари бор. Бошқа давлат органлари билан бу ишларни охирига етказамиз.

“Агар биринчи демократия тажрибаси шакллансин, ана ундан кейин эркинлик бўлади дейилса, эркинлик ҳеч қачон бўлмайди”

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

— Демократия, эркинлик жараёнда шаклланади. Агар биринчи демократия тажрибаси шакллансин, ана ундан кейин эркинлик бўлади дейилса, эркинлик ҳеч қачон бўлмайди. Биринчи маъмурият даврида ахборот шу қадар қаттиқ назорат қилиндики, жамиятда эркин фикрлашни ва эркин ахборот оқимини шакллантиришнинг имкони бўлмади.

Марказий Осиё давлатларининг конституциялари ғирт демократик конституциялар, лекин улар ишламайди. Унинг ишлаши учун жуда ҳам кенг сиёсий элита керак. Ўзбекистонда сиёсий элита кейинги 6 йилда кенгайяпти. Лекин менинг назаримда тез эмас, анчагина секин кенгайяпти.

“Таниш-билиш кўп, “любой” нарсани биттада бажарсанг бўлади”

Самарқанднинг Паст Дарғом туманидаги қоидабузар профилактика инспекторининг таниши билан суҳбатидан:

— Жума [шаҳри]да ҳам умуман ишлаб бўлмай қолди, ҳамма таниб қолди.

— Шаҳарга кўчирсангиз бўлмайдими ишни?

— Эээ, Жума “нормалний”. Таниш-билиш кўп, “любой” нарсани биттада бажарсанг бўлади.

Воқеа тафсилотлари билан Kun.uz материалида батафсил танишинг.

Мавзуга оид