Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уятга қолган сенатор, шимолдан эсган буҳрон ва ҳазиллашмаётган Путин — кун иқтибослари
7 октябр, жума кунида ахборот маконида янграган энг муҳим ва қизиқарли фикрлар ҳамда баёнотлар – “Кун иқтибослари” рукнида.
Сенатор Конституцияни ўқимаганини билдириб қўйдими?
Абира Ҳусайнова, Конституцияда бор қоидани янги Конституция лойиҳасига киритишни таклиф қилган сенатор:
— Маълумки, тарихий-миллий қадриятларимиз ҳам эркаклар, ҳам аёллар зиммасига бирдек вазифалар қўяди. Айрим ҳолларда бундан бир томонлама хулоса чиқарилаётгани ҳам бор гап. Шунинг учун Конституцияда “Хотин-қизлар ва эркаклар қонун олдида тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма киритилишини таклиф қиламан.
Украинани қўллаган Ўзбекистонга шимолдан келган иқтисодий буҳрон
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров – собиқ ТИВ раҳбари А.Комиловнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб берган баёноти ҳақида:
— Абдулазиз Комиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди.
“Ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб, одамларнинг ўзи тасдиқласа, қандай яхши бўларди”
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти:
— Очиқ бюджет бўйича одамларимиз ўрганиб олдими? Адолат бўлса, жамиятда ўзгариш бўляпти, тўғрими? Бу жараёнга ҳеч ким аралашмаяпти-ку. Тасаввур қилинглар, ҳар бир берган пулимизни очиқ бюджет бўлиб одамларнинг ўзи тасдиқласа, қандай яхши бўларди. Ўн карра кўп адолат бўларди, ўн беш карра пул қисқарарди.
Минглаб Damas'лар юрган Ўзбекистонга “Captiva-5” мос келмас экан
Жамшид Бахшиллаев, UzAuto Motors'ни судга берган истеъмолчи:
— Давлат ташкилотлари берадиган сертификатлар кучлими ёки қайсидир ташкилотнинг ички хулосалари устун турадими? Агар уларнинг хулосаси устун турса, эртага биз ҳам ўз ички хулосамиз орқали қонунни айланиб ўтиш йўлларини излаймиз. Агар “Captiva-5” автомашинаси талабларга мос бўлмаса, 1996 йилда олиб келинган Damas автомашинасини текширувдан ўтказиб, халққа бир кўрсатиб беринглар.
“Халқчил Конституцияни яратиш учун шошилмаслик керак”
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти:
— 1 августгача конституциямизга ўзгартириш киритиш бўйича аҳолимиздан 150 мингта таклиф келиб тушди. Тасаввур қиляпсизларми?! Одамларимиз эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат бу.
1 августдан кейин ҳам муҳокамалар давом этди ва яна икки ярим мингта таклиф келиб тушди. Ҳозир таклифлар устида комиссия ишлаяпти. Энди ҳам бўлса мукаммал, халқчил, одамларнинг дардига кафолат бўла оладиган конституцияни яратиш учун, менинг таклифим шуки, шошилмаслик керак
Қирғизистонда байроқ ва мадҳияни ўзгартириш таклиф этилди
Арсланбек Малиев, Қирғизистон парламенти депутати:
— Қирғизларнинг байроғи кўк рангда бўлгани тарихдан маълум. Шу туфайли байроқ рангини ўзгартиришимиз керак. Бу ҳақда қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Мадҳиядаги баъзи сўзлар ҳам ўзгартирилиши лозим. Тарихий рамзларимизга қайтиш вақти келди.
“Ҳосил етиштириб, оч қолмасликлари учун Европага юборамиз”
Беларус президенти Александр Лукашенко – РФ президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига трактор совға қилгани ҳақида:
— Ғалла экамиз ва яна бошқа нарсаларни. Ҳосил олиб, оч қолмасликлари, Украинадаги ғаллани ўмармасликлари учун Дудага ёки Моравецкига, Европага юборамиз.
Озарбойжон ва Арманистон йил охиригача тинчлик шартномасини тузиши мумкин
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев – Арманистон билан тинчлик шартномаси ҳақида
— Ўйлайманки, агар яқин орада қарор қабул қилинса, икки давлат ишчи гуруҳлари тинчлик шартномаси матни устида ишлай бошлайди. Йил охиригача келишувга эриша оламиз.
“У ҳазиллашмаяпти”
Жо Байден, АҚШ президенти:
— Биз Кубадаги ракета инқирозидан кейинги даврда илк марта, агар ҳаммаси шу йўналишда ривожланишда давом этса, ядровий қурол билан реал таҳдидга дуч келиб турибмиз.
Мен бу йигитни [Путин назарда тутилмоқда] жуда яхши биламан. Тактик ядро қуроллари ёки биологик ё кимёвий қуроллар ҳақида гапираётганида у ҳазиллашмаяпти, чунки унинг армияси ортда қоляпти.