09:50 / 09.10.2022
30573

Жиззаки қўшни, уйғурлар бўйича позиция ва грин-карта — ҳафта дайжести

Комиловнинг баёнотини кўтаролмаганлар транспорт йўлакларини блокада қилишга урингани маълум бўлди. Ўзбекистон дуч келаётган ташқи сиёсатдаги чақириқлар ва якунланаётган ҳафтанинг бошқа муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Путиннинг туғилган кунига орден: “дипломатик қарз” қайтарилди

Ҳафта давомида ўз қўшнисига уруш очган Россия билан Ўзбекистоннинг муносабатлари жамоатчилик диққат марказида бўлиб турди. Бунга сабаблардан бири – Владимир Путиннинг туғилган куни.

7 октябрда 70 ёшга тўлган Россия президенти МДҲ давлатлари раҳбарларини Санкт-Петербургга, норасмий учрашувга таклиф қилди. Унинг таклифини 7 та давлат раҳбари қабул қилди, Қирғизистон президенти Садир Жапаров эса келмади – норасмий саммитда унга ажратилган жой бўш қолди. Лекин афтидан, бошқа меҳмонлар ҳам йиғилиш мезбонининг нутқини мароқ билан тинглади деб бўлмайди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Петербургдаги туғилган кунга бормади. У ўз табригини қирғиз делегацияси орқали жўнатиб юборгани айтилди. / Фото: Tengrinews

Президентлар Путиннинг юбилейига совғалар билан келишди. Беларус президенти Александр Лукашенко иттифоқчисига трактор ҳадя қилган бўлса, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон қовун-тарвуз ва мевалардан иборат композиция ясаттирди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса россиялик ҳамкасбини “Олий даражали дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Жамоатчилик фаолларининг фикрича, бу мукофотга ортиқча урғу бериб ўтириш шарт эмас. Яъни орденни беришдан мақсад – охирги пайтларда анча жиззаки ва таъсирчан бўлиб қолган Кремлдагиларни шунчаки тинчлантириш, холос. Йўқ жойдан муаммо яратмаслик учун қилинган оддийгина дипломатия.

Қолаверса, июл ойида Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунига совға қилинган Александр Невский орденини жавобсиз қолдириб ҳам бўлмасди. Ўтган ойда худди шу “Олий даражали дўстлик” ордени Самарқандга келган Си Жинпингга ҳам берилганди. Хитой раисига мукофот берилган бир пайтда, Путиннинг орденига ҳеч қандай жавоб қайтмай турса... Тўғри-да, ортиқча бошоғриқ кимга керак?

Умуман олганда, бу орден, трактор ва қовун-тарвузлар ўз йўлига, асосийси – Путин туғилган кунига энг катта совғани ўзига ўзи тортиқ қилди. У чоршанба куни Украинанинг тўртта вилоятини Россия таркибига қўшиб олиш тўғрисидаги қонунларни имзолади. Буни нишонлаш чоғида айирмачилар билан қўл беришиб, “Россия” деб ҳайқирди.

Шу ҳафта Россиядаги воқеаларни кузатганлар орасида бу давлат борган сари Шимолий Кореяга ўхшаб кетаётганини айтганлар ҳам бўлди. Масалан, бир хил кийинтириб, шиор ёдлатилган ва Путинни хўр бўлиб туғилган куни билан табриклаган 2 минг ходим видеоси шундай таассурот уйғотмасдан қолмайди.

Ўзбекистонга шимолдан эсган иқтисодий буҳрон

Юқорида айтилганидек, катта муаммоларга ўралашиб қолган Россия раҳбариятининг ҳозир ҳар доимгидан ҳам феъли торроқ, кўнгли нозикроқ. Натижада кўп жиҳатдан шимолий йўналишларга боғлиқ Ўзбекистон ҳам эҳтиёткор ташқи сиёсат юритишга, миллий манфаатларни шовқинли баёнотлар билан эмас, сокинлик ва вазминлик билан ҳимоя қилишга мажбур бўляпти. Шу ҳафта депутат Алишер Қодиров Kun.uz'га берган интервюсида ошкор қилган факт ҳам шундан далолат беради.

Қодировнинг айтишича, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов март ойида Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаши ҳақида берган баёнотидан кейин, Ўзбекистон учун шимолдан иқтисодий буҳрон бошланган.

Абдулазиз Комилов март ойида Сенатдаги чиқишида ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан тўхталиши кераклиги, Ўзбекистон Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаши, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган “ЛДХР”ни тан олмаганини айтган эди. / Фото: Kun.uz

“Абдулазиз Комиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди”, – деди депутат.

Эслатиб ўтамиз, ўша воқеадан кейин Комилов вазир лавозимидан озод этилган эди. Шундан кейин у Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили этиб тайинланган.

Россиядаги инсон ҳуқуқлари ва уйғурлар масаласи: Ўзбекистоннинг позицияси

Ёдингизда бўлса, бундан икки йил олдин Ўзбекистон ўз тарихида илк марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлган эди. Ўзбекистон Женевада жойлашган бу кенгаш аъзолигига уч йил муддатга сайланган. Шу ҳафта кенгашнинг 51-сессияси бўлиб ўтди ва унда Россия ва Хитойга тааллуқли масалалар ҳам овозга қўйилди.

Улардан бири – Россияда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиш учун кенгашнинг махсус вакили лавозимини жорий этиш масаласи эди. Эътиборлиси, расмий Тошкент бу масалага ҳеч қандай муносабат билдирмади ва овоз бермади. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Россияда сўз эркинлиги ва бошқа инсон ҳуқуқлари очиқчасига бузилаётганини инкор этгани йўқ. Бу масалада фақат 6 та давлат, шу жумладан Қозоғистон қарши овоз берди. Кенгашга аъзо 42 та давлатдан 17 тасининг ёқлаб овоз бериши натижасида таклиф қабул қилинди ва энди БМТ кенгашида Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилишини мониторинг қилиб борувчи махсус маърузачи лавозими жорий этилади.

Иккинчи масала – Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият эди. Ўзбекистон бу масала бўйича кенгашнинг махсус йиғилишини ўтказишга қарши овоз берди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна 17 та давлатнинг қарши овоз бериши натижасида кенгашда бу масала муҳокама қилинмайдиган бўлди.

Шинжонда 26 миллионга яқин аҳоли яшайди. Шунинг салкам ярми – уйғурлар / Фото: Encyclopedia Britannica

Шинжондаги мусулмон аҳоли – Хитой учун худди Тайван каби энг нозик мавзулардан. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Хитой ҳукуматини уйғурларга қарши юқори технологик кузатувлар олиб бориш ва мажбурий меҳнат лагерларига жўнатишда айблаб келади. Расмий Пекин эса лагерлар кўнгилли таълим ва малака ошириш учун ташкил қилинганини айтади.

Август ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси Шинжон-Уйғур мухтор вилояти бўйича узоқ кутилган ҳисоботини эълон қилганди. Ҳужжатда минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг бузилаётгани тафсилотлари баён этилган, лекин АҚШ ва бошқа давлатлар айтаётган айблов – “геноцид” ҳақида сўз юритилмаган.

Фото: AFP / Getty Images

Тошкент ва Остонанинг бу масалада Пекин тарафда тургани бу мамлакатлар ташқи сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва бошқа идеалларни эмас, прагматик миллий манфаатларни устун қўйиши билан изоҳланиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Си Жинпинг ўтган ойда Самарқандга келишидан олдин Остонага ҳам ташриф буюрганди.

Қолаверса, Ўзбекистон Конституциясига биноан, мамлакат бошқаларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилади. Конституциянинг янгиланиши жараёнида бу модда тўлдирилиб, ундаги “чегараларнинг дахлсизлиги”га қўшимча равишда “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” деган сўзлар ҳам киритилиши кутиляпти. Тушунарлики, Ўзбекистоннинг уйғурлар, Тайван ва Украина масалаларидаги позицияси айнан шу ҳудудий яхлитлик ва миллий манфаатлар устунлиги принципларидан келиб чиқади.

Сенатор номига доғ туширилдими?

Абира Ҳусайнова / Фото: Сенат матбуот хизмати

Конституция янгиланаётганини эслатишимизга бошқа сабаб ҳам бор. Шу ҳафта сенаторлардан бири бош қомусда аллақачон бор қоидани янги Конституция лойиҳасига киритишни таклиф қилиб, кулгига қолди.

“Конституцияда “Хотин-қизлар ва эркаклар қонун олдида тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма киритилишини таклиф қиламан”, дея ёзди сенатор Абира Ҳусайнова “Миллий тикланиш” газетаси орқали қилган чиқишида. Ваҳоланки, амалдаги қомусда бунақа қоида 30 йилдан бери бор. 46-моддада: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб ёзиб қўйилган.

Сенаторнинг бу чиқиши машҳур бўлиб кетгач, ижтимоий тармоқда ҳазиломуз изоҳларга сабаб бўлди. Айримлар Тошкент шаҳрига пойтахт мақомини беришни “таклиф қилган” бўлса, бошқалар Сенатга сенаторлар сайлансин деган “таклиф”ни ўртага ташлади.

Эслатиб ўтамиз, Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум қачон ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас. Айни пайтда овозга қўйиладиган якуний қонун лойиҳаси тайёрланяпти. Президент Сирдарёга сафарида “халқчил Конституцияни яратиш учун шошилмаслик кераклиги”ни таъкидлади.

Жума куни Сенат ялпи мажлисида референдумда овоз бериш тартибини ўзгартириш ҳақидаги қонун маъқулланди. Натижада Конституция бўйича референдум моддама-модда тартибида эмас, таклиф қилинган бутун бир лойиҳа яхлит ҳолда бўлиши деярли аниқ бўлди. Яъни фуқароларга бериладиган бюллетенларда ҳар бир моддага алоҳида-алоҳида муносабат билдириш имконияти бўлмаслиги мумкин.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланиши мумкин

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салкам 60 фоизи Қашқадарё ва Сурхондарёга тўғри келади. / Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланиши мумкин. Бу таклиф Оила кодексига янги нормалар қўшиш ҳақидаги қонун лойиҳасига киритилган.

Агар қонун қабул қилинса, амакивачча ёки холавачча каби қариндошлик даражасига эга фуқароларнинг оила қуриши мумкин бўлмайди. Сабаби эса тушунарли – яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон болалар туғилиши жуда кўп учрайди.

Статистикага кўра, Ўзбекистонда 1 ёшга тўлмаган, лекин ногиронлиги бор чақалоқлар сони 2 йил ичида 30 фоизга кўпайган. Бундан ташқари, 1 ёшгача туғма нуқсонлар, деформация ва хромосом бузилишларга учраган болалар сони 18 фоизга ошган.

2021 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон бўйича яқин қариндошлар ўртасида 1210 та никоҳ тузилган. Бу никоҳларнинг 529 таси холавачча, 307 таси тоғавачча, 196 таси аммавачча, 178 таси амакиваччалар ўртасида тузилган. Қариндошини келин қилиш ёки қариндошига қиз узатиш ҳолатларининг салкам 60 фоизи Қашқадарё ва Сурхондарёга тўғри келади.

Туғилиш ва никоҳлар бўйича айрим рақамлар

Шу ҳафта Ўзбекистондаги оилалар ҳақида яна бошқа қизиқарли рақамлар ҳам эълон қилинди. Маълум бўлишича, чақалоқларга энг кўп қўйилаётган исмлар рўйхатида етакчилар ўзгармаган: туғилаётган чақалоқларнинг ҳар 20 тасидан биттасига ё Муҳаммадали, ёки Солиҳа деб исм қўйиляпти. Бу икки исм уч йилдан бери Ўзбекистонда чақалоқларга энг кўп қўйилаётган исмлар бўлиб турибди.

Давлат статистика қўмитаси эълон қилган яна бир статистикага кўра, Ўзбекистон туғилиш кўрсаткичи бўйича МДҲда биринчи ўринда боряпти. Ўтган йили мамлакатимизда 905 минг нафар чақалоқ туғилган ва ҳар мингта аҳолига туғилиш коэффиценти 25,9 ни ташкил этган. Бу кўрсаткич Қозоғистон ва Қирғизистондан ташқари минтақанинг бошқа давлатларидан 2-3 бараварга кўп.

Афсуски, ҳафта давомида очиқланган статистикаларнинг ҳаммаси ҳам қувонарли эмас. Расмий маълумотга кўра, йил бошидан август ойигача Ўзбекистонда 20 ёшга тўлмаган 372 нафар аёл никоҳдан ажрашган. Бу – ҳали йигирмага тўлмаган аёллардан ҳафтасига 10 тасининг турмуши бузилиб, қизлик уйига қайтиб келяпти дегани.

Грин-карта ойлиги бошланди

Интернетда ҳазилларга сабаб бўлаётган сурат / Фото: Troll.uz Telegram-канали

Миллионлаб ватандошларимиз учун ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири – грин-карта мавсумининг бошланиши бўлди. АҚШга доимий яшаш учун кўчиб кетишни истовчилар 5 октябрдан 8 ноябргача виза лотереясида қатнашиш учун ариза беришлари мумкин.

Шу йилдан бошлаб ўзбекистонликлар грин-карта ўйнаш учун хорижга чиқиш паспортини олмаса ҳам бўлади. Чунки энди анкета тўлдираётганда фуқаронинг паспорт маълумотлари сўралмайди. 2019 йилда, АҚШда миграцияни жини суймаган Дональд Трампнинг президентлиги пайтида жорий қилинган бу талаб ҳозир бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, дунё бўйлаб ўтказиладиган бу лотереяда ҳар йили 2 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси иштирок этади. Бу йил улардан 5511 нафарига ютуқ чиққан. Бу – дунё бўйича учинчи энг юқори кўрсаткич. Лекин, лотереяда ютуқ чиқди дегани Америка визасини аниқ оласиз дегани эмас.

Телефон рақамни ўзгартирмасдан бошқа компанияга ўтиш: бу ваъда амалга ошиши чўзилиб кетди, лекин Шерматов хижолат эмас

Шерзод Шерматов / Фото: uznews.uz

Ўзбекистонликларни “мобил қуллик”дан чиқариш бўйича ишлар қачон якунига етиши ҳали ҳам аниқ эмас. Ахборот-коммуникация технологиялари вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, бу борадаги “технологик ечимлар” деярли тайёр бўлган, лекин масаланинг “тегишли органлар билан келишадиган жойлари” қолган.

“Бир операторда ишлатаётган рақамингизни бошқа операторга ўтказиш учун технологик ечим деярли ишлаб чиқилган. Интеграция ва хавфсизлик масалалари қолган. Яъни сизнинг номингиздан бошқа одам кимгадир телефон қилиши каби муҳим хавфсизлик жиҳатлари бор. Бошқа давлат органлари билан бу ишларни охирига етказамиз”, – деди Шерматов.

Дунёнинг кўп давлатларида телефон рақамини ўзгартирмаган ҳолда алоқа компаниясини алмаштириш мумкин. Компаниянинг хизмат сифати ёқмаяптими, бемалол бошқа компанияга ўтаверасиз, бунинг учун рақамингизни алмаштиришингиз шартмас.

Бунақа тизим Ўзбекистонда ҳам бўлади деб илк марта ваъда берилганига нақ 5 йил бўлди. Икки йил олдин бу борада ҳатто норматив ҳужжат ҳам қабул қилинган. Ўшанда АКТ вазирлиги “2021 йил охиригача тизим тўлиқ амалиётга жорий этилади” деб эълон қилган эди. 2022 йил тугаяпти, вазирнинг гапларини эса ўзингиз эшитиб турибсиз.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Тошкентдаги "Сеул Мун" мажмуаси қурилиши сабаб Бўрижар канали бўйидаги дарахтларга қирғин келган. / Фото: Maxar / Google Earth

Чилонзордаги қурилиш майдонида 700 га яқин дарахт йўқ қилингани маълум бўлди. Ҳолат “Сеул Мун” мажмуаси қурилаётган ҳудудда рўй берган. Экология вакилининг айтишича, қурувчилар дарахтларни гўёки кўчириб ўтказишганини айтган, лекин буни исботлаб бера олишмаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шавкат Мирзиёев Венгрияга икки кунлик расмий ташрифни амалга оширди. Евроиттифоқнинг Россияга энг яқин бу аъзоси 2021 йилдан бери Ўзбекистоннинг ҳам стратегик шеригига айланган. Жиззахда қурилажак АЭСда Венгриянинг совитиш тизимларидан фойдаланиладиган бўлди.

Туркистонбанк ва Hi-tech bank'нинг лицензияси бекор қилинди. Марказий банк баёнотига кўра, бу икки хусусий банк мунтазам равишда пруденциал талабларни бузиб келган. Туркистонбанк ва Hi-tech bank активлари ҳажми бўйича Ўзбекистондаги банклар орасида 26- ва 29-ўринда эди.

Ўзбекистон банкларида яна нақд доллар танқислиги кузатила бошлади. Бир нечта банклар нақд валюта сотишга чекловлар киритишга мажбур бўлди. Бу Россиядан спекулятив амалиётлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани билан изоҳланяпти. Айни пайтда, сафарбарликдан қочиб келаётган россияликлар сабаб Тошкентда ижара ва меҳмонхона нархлари кескин кўтарилиб боряпти.

3 нафар собиқ судя қамоққа олингани ойдинлашди. Kun.uz'нинг аниқлашича, қамоққа олинганлардан икки нафари Зангиота туманлараро иқтисодий судида ишлаган ва мансаб ваколатидан фойдаланиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликда гумонланяпти.

Top