Жаҳон | 19:53 / 12.10.2022
7939
2 дақиқада ўқилади

Meta компанияси Россияда террорчилар ва экстремистлар реестрига киритилди

Энди Марк Цукерберг корпорацияси «Ал-Қоида» ва «Толибон» билан бир рўйхатда.

Фото: AP

«Росфинмониторинг» 11 октябрь куни Американинг Meta Platforms Inc. корпорациясини террорчилар ва экстремистлар реестрига киритди. Ушбу рўйхатда «Ал-Қоида» ва «Толибон» ҳаракатлари ҳам бор.

Қоидага кўра, бу реестрга киритилган компанияларнинг банк ҳисобрақамларига тақиқ қўйилади. Бу қоида Meta корпорациясига нисбатан амал қилиши ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Шу йилнинг март ойида Россия бош прокуратураси Meta компанияси фаолиятини «Россия ва унинг Қуролли Кучларига қарши қаратилган»ликда айблаган эди. Шундан сўнг, ушбу ташкилот суд томонидан экстремистик деб топилди.

Россия расмийлари фикрига кўра, Meta компанияси Украина ҳудудидаги қуролли можаро шароитида Россия ҳарбийларига, шунингдек, Россия президенти ва Беларус президентига нисбатан «нафрат тили»дан фойдаланишга вақтинча рухсат берган. Айнан шу сабаб ташкилот экстремистлар рўйхатига киритилган.

Meta компанияси бу айбловга жавобан, русофобияга қарши эканини айтди. Шунингдек, гап фақат россиялик ҳарбий хизматчилар ва амалдорлар ҳақидаги ҳиссиётли баёнотлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритди.

Эслатиб ўтамиз, Meta компанияси Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига, WhatsApp мобил иловасига эгалик қилади. Facebook ва Instagram Россия ҳудудида блокланган. Аммо россияликларнинг ушбу тармоқлардан ва иловадан фойдаланишига тақиқ қўйилмаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид