Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада атлас фестивали бошланди. Ҳокимлик бунга 2,5 млрд сўм ажратган
20-22 октябрь кунлари Марғилон шаҳрида Халқаро “Атлас байрами” V анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтмоқда. Уни ўтказиш учун 2 миллиард 457 миллион сўм ажратилган. Харажатлар вилоят маҳаллий бюджети ва захира жамғармаси ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. Биргина фестивал сайтини ишлаб чиқиш ва юритишга 30 млн сўм йўналтирилади.
Маълум бўлишича, фестивалда Туркия, Италия, Испания, Франция, Латвия, АҚШ, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Таиланд, Бангладеш, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан ҳунармандлар, маданият арбоблари, дизайнер ва соҳа мутахассислари иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбир давомида Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Марғилонга “Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 20 октябр куни атлас фестивалини очиб берди. “Атлас байрами” фестивали 22 октябрга қадар давом этади, уч кун давомида 10 га яқин тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Фестивал Фарғона вилояти ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимининг 2022 йил 11 октябрдаги фармойиши билан фестивални юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил учун тасдиқланган захира жамғармаси ҳисобидан 439 млн сўм, вилоят маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 2 млрд 18 млн сўм, жами 2 млрд 457 млн сўм маблағ ажратилган.
Фармойишда харажатлар учун асос сифатида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан 2022 йил 3 октябрда 31/1-1998-сон билан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 31/1-1998-сонли дастури ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 15 сентябрдаги 316/01-49-сонли йиғилиш баёни келтирилган.
Атлас фестивали учун ажратилган қарийб 2,5 млрд сўм нималарга сарфланиши вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 11 октябрдаги фармойиши 2-иловасида кўрсатиб ўтилган. Унга кўра:
- фестивал объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун 71,3 млн сўм “Ўзтелеком” АЖга;
- фестивал асосий саҳнасини безатиш, декорациялар ҳамда маданий тадбирлар ўтказиш харажатлари учун 725 млн сўм вилоят маданият бошқармасига;
- фестивал ҳақидаги реклама дизайнларини яратиш ва Марғилон кўчаларига ўрнатиш хизматлари учун 71,7 млн сўм Марғилон шаҳар ҳокимлигига;
- Марғилон тарихи музейи биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 200 млн сўм вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига;
- марказий кўчалар ва хиёбонлардаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 381,3 млн сўм Марғилон шаҳар ҳокимлигига;
- “Ижодкорлар боғи”да қурилиш-таъмирлаш ва электр таъминотини мустаҳкамлаш тизимини яхшилаш учун 374 млн сўм Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси ва Марғилон шаҳар ҳокимлигига;
- Саид Аҳмад Хўжа Эшон номли Миллий ҳунармандчилик марказида ободонлаштириш ва ёритиш тизимини яхшилаш учун 24,2 млн сўм Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясига;
- “Оналарга эҳтиром” номли Эко боғи ёритиш тизимини яхшилаш ишлари учун 28,5 млн сўм Марғилон шаҳар ҳокимлигига ажратилиши белгиланган.
Бундан ташқари:
- фестивалнинг хорижий иштирокчилари учун авиачипта харажатларига 400 млн;
- хорижлик ва маҳаллий иштирокчиларни овқатлантириш харажатлари учун 331,9 млн;
- фестивал доирасида ўтказиладиган модалар намойиши, мастер класс харажатлари учун 108,5 млн;
- хорижий иштирокчиларнинг меҳмонхона харажатлари учун 104 млн;
- гала-концертдаги мушакбозлик ва таклифномалар харажатлари учун 84 млн;
- фестивал ғолибларини тақдирлаш харажатлари учун 75 млн;
- маҳаллий ва чет элдан келган меҳмонларга замонавий автобусларни ижарага олиш учун 61,8 млн;
- фестивал сайтини ишлаб чиқиш ва юритиш учун 30 млн;
- тадбирда хизмат кўрсатувчи мутахассис ва кўнгиллиларни махсус кийимлар (кепка ва футболка) билан таъминлаш учун 3,2 млн сўм ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябрдаги селекторда ҳудудларда янги мактаблар қурилиши мавзусига тўхталиб, республика бўйича 290 та, биргина Фарғона вилоятида 23 та мактабда янги ўқув йили бошлангунга қадар қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаганини танқид қилганди.
Давлат раҳбари инвестицион дастур ижроси бўйича камчиликларга йўл қўйган вилоятларга келгуси йил мактаб қурилиши учун пул берилмаслиги айтганди.
Шу йил май ойида Фарғонага ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев вилоят бюджети йил якунигача 1 трлн сўмгача етказилиши, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу маблағни тўғри йўналтириши кераклиги, Фарғонанинг йўли тўғриланиши, халқига сув етиб боришини таъкидлаганди.
- Ўтган йили Шаҳрисабзда бўлиб ўтган ёшлар фестивали учун вилоят маҳаллий бюджетидан 1 млрд 517,8 млн сўм сарфлангани муҳокамаларга сабаб бўлганди.
- Шу йил 21-25 май кунлари Бухорода 14 миллиард сўм сарфлаб, “I Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” учун ўтказилганди. Харажатларнинг 50 фоизи маҳаллий бюджетдан, 50 фоизи республика бюджетидан қопланган.
- 22 май – 5 июнь кунлари Наманганда бўлиб ўтган Гуллар байрами учун вилоятдаги турли ташкилотлар зиммасига юклатилган харажатларни ҳисобга олмаганда 1 млрд сўм сарфлангани, лекин бу ҳам етарли бўлмай фестивал харажатлари учун 3,5 миллиард сўм қарздорлик юзага келгани танқидга учраганди.
Мавзуга оид
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026