Жаҳон | 15:55 / 27.10.2022
8208
2 дақиқада ўқилади

АҚШ янгиланган ядро бомбаларини Европага ўтказишни тезлаштиради

Декабрь ойида НАТОнинг Европадаги базаларига B61-12 термоядро бомбалари етказилади, деб ёзади Politico. Пентагон бунинг Россиянинг Украинага қарши урушига алоқаси йўқлигини айтди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар НАТОнинг Европадаги базаларига янгиланган B61-12 термоядровий бомбаларини жўнатишни тезлаштиради, деб хабар берди Politico 26 октябр, чоршанба куни хабардор манбаларга таяниб. АҚШнинг асосий ядро қуроли ҳисобланган B61-12 бомбалари аввалига келаси баҳорда Европага жўнатилиши режалаштирилган эди, бироқ кейин етказиб бериш декабрь ойига кўчирилди, деб ёзади Politico октябрь ойида Брюсселда НАТО мудофаа вазирларининг йиғилишидан сўнг Пентагон ва Давлат департаменти расмийларига юборилган хатга таяниб.

Икки хабардор манба нашрга бомбалар тезлаштирилган тарзда юборилишини тасдиқлади. АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер Politico нашрига берган интервьюсида B61 бомбаларини модернизация қилиш кўп йиллардан бери давом этаётганини, Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери эски бомбаларни модернизация қилинган версиялар билан алмаштиришни режалаштирганини айтди. «Бунинг Украинадаги ҳозирги воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва ҳеч қандай тарзда тезлаштирилмаган», — деди Пентагон вакили. 

B61 - биринчи марта 1960-йилларда ишлаб чиқилган ядровий бомбалар оиласи. Қўшма Штатлар ўнлаб йиллар давомида бомбаларнинг 12 та версиясини ишлаб чиқди, уларнинг аксарияти ҳозирда эскирган. АҚШ Энергетика вазирлиги бомбаларнинг эски версияларини, жумладан Германия, Италия, Бельгия, Нидерландия ва Туркиядаги ҳаво базаларида сақланадиган 100 га яқин зарядларни алмаштириш учун 10 миллиард долларлик модернизация дастурини режалаштирмоқда. 

B61 бомбасининг янги версияси АҚШ ва иттифоқчи ҳарбий самолётларга, жумладан B-2 ва B-21 бомбардимончи самолётларига, шунингдек, F-15, F-16, F-35 ҳамда Tornado қирувчиларига ўрнатиш учун мўлжалланган. 

17 октябрдан 30 октябргача НАТО қўшинлари альянс ядровий кучлари текшириладиган Steadfast Noon («Қатъий кун») машқларини ўтказмоқда. Машқларда 70 га яқин самолёт қатнашмоқда. 26 октябр куни Россия ҳарбийлари ўз машғулотлари давомида душманнинг ядровий зарбасига жавобан йирик ядровий зарба бериш бўйича ўқув машғулотларини амалга оширди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид