Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Шахматчиларимиз бу йил орзумиз томон улкан қадам қўйдилар” – Саида Мирзиёева
30 октябр куни Тошкентда «Zakovat-Gambit» турнирининг 2-мавсум финал босқичи бўлиб ўтди. Кун давомида баҳсларда қатнашган 83 нафар иштирокчи орасидан ғолиблар сараланди ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, бир йил аввал ўтказилган “Zakovat-Gambit” мусобақасини эслади.
“Бундан бир йил аввал, илк бор “Zakovat-Gambit” мусобақаси ўтказилганида, орзумиз рўёбга чиқиши учун замин яралди – биз жаҳоннинг Шахмат пойтахтига айланишни ният қилдик. Шахматда етакчи бўлишни мақсад қилдик!
Шахматчиларимиз бу йил орзумиз томон улкан қадам қўйдилар – Ўзбекистон тарихда илк маротаба шахмат бўйича етакчи 20 давлат қаторига кирди!
Деярли тўрт минг ўйинчи рўйхатдан ўтган биринчи “Zakovat-Gambit”да бизнинг шахмат ўйинидаги ажойиб маҳоратимиз ва бу ўйинга бўлган муҳаббатимиз яққол намоён бўлди”,– дея таъкидлади у.
Мирзиёева хоним жорий йилда ўзбекистонлик шахматчиларнинг Ҳиндистонда ўтган 44-шахмат олимпиадасидаги ютуқларини ҳам алоҳида эътироф этди.
“Бу ғалабани бутун дунё кузатди, халқаро шахмат ҳамжамияти йигит-қизларимизни олқишлади. Бир пайтлар энг кучли шахматчиларни бошқа давлатлардан таклиф қилардик. Энди эса, ўзимиз жаҳоннинг энг олди қаторидамиз.
Биз ғолибларимизни ҳақиқий қаҳрамонлардек қарши оламиз. Чунки, улар барчани ғалабага руҳлантирадилар; ақл-идрок - ҳеч ким, ҳеч қачон тортиб ололмайдиган ягона қадрият эканлигини намойиш этадилар; билим олган ва орзусига интилган инсон бир кун албатта бахтли бўлишини ўзлари намуна бўлиб исботлайдилар.
Мен аниқ биламан ва ишонаманки, ҳақиқий қаҳрамонлар айнан шундай бўлади”, дея Саида Мирзиёевадан иқтибос келтирмоқда тадбирни кузатиб борган Kun.uz мухбири.
Саида Мирзиёева тадбирдаги чиқиши давомида Тошкентни шахмат пойтахтига айлантириш йўлида яна кўплаб қадамлар ташланишига умид билдирган.
Бундан ташқари, тақдирлаш маросимда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳам қатнашиб, ўзбек ёшларини катта орзу-мақсадлар қилишдан қўрқмасликка ундади.
“Бу йилги шахмат турнири учун, аҳамият берган бўлсангиз, хориждан ҳеч кимни таклиф қилганимиз йўқ. Олдинги йил таклиф қилинган эди, лекин бу йил ундай бўлмади. Нимага? Чунки чемпионлар ўзимиздан чиқмоқда, дунё тан олаётган асосий чемпионлар ҳам ўзимизнинг йигитлар, ўзбекистонлик ёшлардир.
Шунинг учун бир фикрни фурсатдан фойдаланиб айтаман, заковатли ёшларимиз ҳеч қачон шубҳа қилмасликлари керак. Яъни олдиларига қўйган мақсадлари, орзу ва ниятларига қараб; “бунга мен эришишим мумкинми ёки йўқ, бундай даражага чиқиш осонми ёки қийин”,– деб ҳеч қачон ўзини четга тортиши керак эмас.
Мана бизнинг йигитларимиз ҳам ўзи устида ишласа, ҳар қандай йўналишда ҳам дунёнинг етакчи мутахассислари билан тенглаша оляпти. Бугунги тадбирнинг асосий муждаси ҳам аслида шу. Ҳақиқатда заковатда – куч, ҳақиқатда Ўзбекистон ёшларида – куч. Ҳаммангизни бу тадбирда, ғолибларимизни тақдирлаш маросимида кўриб турганимдан хурсандман”,– дея қайд этди Комил Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 10–15 август кунлари бўлиб ўтган “Zakovat-Gambit” турнирининг мукофот жамғармаси 610 миллион сўмни ташкил этганди.
Шахмат бўйича жаҳон чемпионлари Вишванатан Ананд, Рустам Қосимжонов, шахмат қироличаси Юдит Полгар, 2016 йилда ўйин сеансидаги партиялар сони бўйича шахмат жаҳон рекордини ўрнатган (48 ўйин) Тимур Гареев, 2018 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионати иккинчи ўрин совриндори ҳамда 2019 йилда жаҳоннинг энг яхши 30 шахматчиси қаторидан жой олган Гулрухбегим Тоҳиржонова илк турнирнниг фахрий меҳмонлари бўлишганди.
Турнир якунларига кўра, ўз гуруҳларида 1-ўринни олганларга 50 млн, 2-ўрин эгаларига 30 млн ва 3-ўриндан жой олганларга 20 млн сўмдан пул мукофотлари берилганди. Шунингдек, қизлар ўртасидаги мусобақаларда ажойиб иштирок этган 4 нафар қизнинг ҳар бири 20 млн сўмдан пул мукофоти билан тақдирланган.
Мавзуга оид
22:09 / 12.06.2026
Саида Мирзиёева Амир Темур ҳақидаги “Адолат фасли” спектаклига юқори баҳо берди
15:12 / 09.06.2026
Америка бизнеси Ўзбекистон лойиҳаларига қизиқишни кучайтирмоқда — Саида Мирзиёева
17:54 / 06.06.2026
Қўғирчоқ театри санъати анъаналарини асраб қолиш алоҳида аҳамиятга эга – Саида Мирзиёева
17:36 / 05.06.2026