Ўзбекистон | 08:16 / 18.11.2022
6089
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Минтақавий иқлим кенгаши ташкил этишни таклиф қилди

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги мамлакат делегацияси Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси томонлари 27-конференциясида иштирок этди.

Фото: Senat.uz

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раиси ўз нутқида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина оқибатлари Марказий Осиёда ҳам яққол кузатилаётган иқлим ўзгариши муаммосига қарши туриш мумкинлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон асосий мақсади – амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришиш. Бу йўналишда иқтисодиёт барча секторларида углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади», деди Танзила Норбоева.

Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача парник газлар чиқаришни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу мақсадларга эришиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга ошириш бошланди.

2026 йилга бориб «яшил» энергетика улушини 8 минг МВтга етказиш режалаштирилмоқда, бу карбонат ангидрид гази чиқаришни 5 млн тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга бориб иқтисодиёт энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўп жиҳатдан республикада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ва уларга мослашишга хизмат қилади. Лойиҳа йилига 200 миллион туп дарахт ва буталарни экишни назарда тутади. Беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади.

Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакат халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканини ҳамда Минтақавий иқлим кенгашини ташкил этишни таклиф қилаётганини таъкидлади. Бу иқлимга мослашиш бўйича лойиҳаларни тарғиб қилишда, чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашишда, сувни тежовчи технологияларни жорий этишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш имконини беради.

Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонлар кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТ иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда. Барча халқаро ҳамкорларни ушбу форумлар ишида фаол иштирок этиш таклифи билдирилди.

Мавзуга оид