Фаворитлар сараланмоқда. Чоракфиналнинг яна бир жуфтлиги маълум
Ҳақиқий жаҳон чемпионати энди бошланмоқда. Қатардаги жаҳон чемпионатининг ўн бешинчи кунидаги асосий воқеалар.
Полша ҳақли равишда турнирни тарк этди: Мбаппе ва Жиру рақибга имкон қолдирмади
ЖЧ-2022. 1/8 финал.
Франция – Полша 3:1
Голлар: 1:0 – 44 Жиру, 2:0 – 74 Мбаппе, 3:0 – 90 Мбаппе, 3:1 – 90+9, пенальти Левандовски.
Франция – Льорис, Кунде, Варан, Упамекано, Эрнандес, Рабьо, Тчуамени (Фофана, 66), Жиру (Тюрам, 76), Гризманн, Дембеле (Коман, 76), Мбаппе.
Полша – Шченсни, Кэш, Глик, Кивер, Берешиньски, Каминьски (Залевски, 71), Франковски, Криховяк (Белик, 71), Зелиньски, Шиманьски (Милик, 64), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Тчуамени (31), Берешиньски (47).
Шченснининг хизматлари
Чеслав Михневич жамоаси кучли гуруҳдан плей-оффга чиқди, бу гуруҳда сўнгги сонияларга қадар ҳеч нарса аниқ эмасди. Вазият шунгача етиб бордики, аргентиналикларга қарши ўйиннинг сўнгги 20 дақиқалигида поляклар очиқчасига яккакурашлардан қочишди ва 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни сақлаб қолиш учун ўйнашди, чунки бу натижа Мексикани қўшимча кўрсаткичлар эвазига ортда қолдиришига имкон берарди — сариқ карточкалар камлиги эвазига.
Якунда Полшанинг омади келди: Мексика параллел учрашув охирида гол ўтказиб юборди, шундай экан Европа жамоаси голлар нисбати яхшироқлиги туфайли ҳам иккинчи ўринни эгаллашди. Аммо Михневич жамоаси гуруҳ босқичида мақтовга арзигулик ўйинлар кўрсатишмади: жамоа фақат бир бўлимда (Саудия Арабистонига қарши ўйиннинг иккинчи бўлими) сифатли ўйин кўрсатишди ва уч рақибга қарши ўйинда ҳам зарбалар сони бўйича анча катта фарқ билан ортда қолишди. Агар икки ўйинда пеналти қайтарган Шченсни бўлмаганида Полша 1/8 финалга чиқа олмасди.
Moving on to the quarter-finals ⏭🇫🇷#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) December 4, 2022
Чуқур ҳимоя
Поляклардан амалдаги жаҳон чемпионларига қарши ўйинда ҳам ҳеч ким жиддий қаршилик кўрсатишини кутмади. Французлар асосий таркиби футболчиларининг катта қисми Тунис билан ўйин вақтида дам олишган, лекин шу ўйинда африкаликлардан учралган мағлубият уларнинг жаҳлини чиқарганди.
Франция ўйинни жуда ажойиб бошлади. Вақт ўтган сайин ўйин темпи юқорилаб борди, стандарт вазиятлар хавфли кўриниш олди ва илк дақиқаларданоқ рақиб жарима майдонига қамалиб қолди. Барчаси кутилгандек кўриниш олди: илк дақиқалардаги ўйин Франция ҳисобни очиши вақт масаласи эканини кўрсатиб турганди.
Аммо Полша ҳужумларга бардош берди. Шу билан бирга жамоа футболчилари рақиб томонига ўтишмади: улар дастлабки зарбани фақат 21-дақиқага келиб йўллашди, шунда ҳам узоқ масофадан — Левандовски ўзи учун хос бўлмаган услубда гол уришга ҳаракат қилди, чунки рақиб дарвозасига яқин боришнинг имкони бўлмади.
Жиру — Франциянинг энг яхши тўпурари
Бу учрашув икки томонда ҳам юқори прессинг йўқлиги билан ажралиб турарди. Бунинг ажабланарли томони йўқ: Полша ҳам, Франция ҳам рақибни майдоннинг иккинчи томонида кутиб олишни хуш кўрмайди, лекин бу учрашувда уларга ҳимоячиларга босим уюштириш ёрдам берган бўларди. Аммо поляклар позицион мудофаадан чекинмади ва вақти-вақти билан юзага келадиган вазиятлардан фойдаланишга умид қилди. Бундай вазият юзага келди ҳам: 38-дақиқада Льорис, Эрнандес ва Варан биргаликда Францияни голдан қутқариб қолишди, кетма-кет зарбалар қайтарилди.
Ўшанда ҳисоб 0:0 эди, агар Полша гол урганида, мухлислар Жируни танқидларга кўмиб ташлаган бўларди. Бундан бир неча дақиқа олдин Оливье жуда қулай вазиятни йўққа чиқарганди. Лекин танаффус арафасида Жиру хатосини тузатди: полшалик ҳимоячилар хатога йўл қўйишди, Франция термаси форварди бундан фойдаланди. Бу Жиру учун миллий жамоадаги 52-гол бўлди ва у энди Тьерри Анрини ортда қолдирган ҳолда, «Учранглилар» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
Мбаппе — жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари
Танаффусда Дешам ҳеч нарсани ўзгартирмасликка қарор қилди, бунга ҳожат йўқ эди. Полша эса тўпга эгалик қилишга уринди ва бу мантиқий эди: улардан гол уриш талаб этиларди. Франция учун бу идеал сценарий эди: Полша Саудияга қарши ўйинда тўпга эгалик қилган бўлса ҳам позицион ҳужумларни жуда ёмон ўтказган ва икки голни фақат қарши ҳужумдан урганди.
Шунинг учун Льорис дарвозаси атрофидан хавф аригани бежиз эмас. Биринчи бўлимда поляклар вақти-вақти билан зарба бериб турган бўлса, иккинчи бўлимда ярим соат давомида зарба йўллай олишмади. Франция эса ҳеч қандай асабийликсиз ҳимояланди ва вазият туғилганда қарши ҳужумларга чиқди, бу эса иккинчи гол урилиши вақт масаласи эканини англатарди. Бу лаҳза 74-дақиқада келди: поляклар жуда олдинга чиқиб кетишганди ва бундан французлар фойдаланишди. Ўз жарима майдони ичида турган Гризманн тўпни узоқлаштирди — Жиру маҳорат билан қабул қилди — Дембеле ўнг қанотда очилди — Мбаппе ҳужумни якунлади.
Mbappe made this amazing strike look so easy! 🚀😮💨#LetitFly with @qatarairways pic.twitter.com/2lfkQ9QugI
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) December 4, 2022
Иккинчи голдан кейин ўйин масаласи амалда ҳал бўлди. Полша инерция билан қаршилик кўрсатишда давом этди, аммо Франция ҳимоясидан ўтиб бўлмасди. Бу вазиятда полшаликлар жавоб голини уришидан кўра французлар учинчисини уриши ҳақиқатга яқин эди ва шундай ҳам бўлди: Мбаппе шедевр ижро этди. У Қатардаги голлари сонини бештага етказди ва жаҳон чемпионатларида урилган голлар сони бўйича Роналдуни ортда қолдириб, Месси билан тенглашди ва энди «Олтин бутса» учун асосий даъвогарга айланди.
Шу билан бирга французлар ўйинни хотиржам якунлашга муваффақ бўлишмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар сўнггида Упамекано жарима майдонида қўл билан ўйнагани учун французлар дарвозасига пенальти қўйилди. Льорис Левандовскининг зарбасини ушлаб олди, аммо арбитр Робертдан зарбани қайтадан ижро этишни сўради (француз футболчилари жарима майдонига эртароқ кириб кетишганди) — ва иккинчи уринишда ҳужумчи аниқ зарба берди.
Якун — мутлақо ҳаққоний натижа. Полша биринчи бўлимнинг маълум дақиқаларидагина гол уришга ҳақли ўйин кўрсатди, қолган вақтда — Франциянинг тотал устунлиги кузатилди. Улар кучлироқ эди ва кейинги босқичга айнан улар йўл олишди. Поляклар уйга жўнашди.
Инглизлар жаҳон чемпионатида учинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қозонишди
ЖЧ-2022. 1/8 финал.
Англия – Сенегал 3:0
Голлар: 1:0 – 38 Ҳендерсон, 2:0 – 45 Кейн, 3:0 – 57 Сака.
Англия – Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунз (Дайер, 77), Шоу, Ҳендерсон (Филлипс, 82), Райс, Беллингем (Маунт, 76), Фоден (Грилиш, 65), Сака (Рэшфорд, 65), Кейн.
Сенегал – Менди, Сабали, Кулибали, Диалло, Якобс (Балло-Туре, 84), Менди, Сисс (Гуйе, 46), Ндиай (Дьенг, 46), Сарр, Диатта (Сарр, 46), Диа (Дьедиу, 72).
Огоҳлантиришлар: Кулибали (76).
Рэшфорд қаерда?
Маркус Рэшфорд гуруҳнинг сўнгги ўйинида Уэлс дарвозасига икки гол уриб, бир голга узатма берган ва жамоа биринчи ўрин билан плей-оффга чиқишида асосий ишни бажарган ҳужумчи. Ушбу форвард турнирда ажойиб статистика қайд этмоқда: у зарбалар сони бўйича, жумладан дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони бўйича, шунингдек рақиб футболчиларини алдаб ўтишлар ва ўз ўзидан голлар сони бўйича жамоада энг яхши кўрсаткичга эга. Қолаверса, унинг тўғридан тўғри рақобатчиси гуруҳ ўйинларида яхши таассурот қолдира олмади, ўйин куни эса оилавий сабабга кўра Англияга қайтишига тўғри келди.
Лекин Гарет Саутгейт уни бошланғич таркибга қўшмади. Ҳолбуки Рэшфорд асосий таркибга кириш учун барча ишни қилди, позиция бўйича унинг рақобатчиси Стерлинг эса заявкадан жой олмади (хабарларга кўра, унинг Лондондаги уйига ўғри тушган). Қолаверса, Англиянинг бу ўйин учун таркиби аввалги ўйиндаги билан фақат бир футболчига фарқ қиларди — ўша ўйиндаги икки гол муаллифи эса захирада қолдирилди. Нега бундай?
Баҳсли таркиб
Мухлислар доим ноодатий қарорлари учун Саутгейтни сўроққа тутишади ва улар жавобсиз қолади. Бу сафар ҳам ҳеч қандай янгилик йўқ: Англия термаси мураббийи Рэшфорд илк дақиқалардан ўйнамаслиги керак деб топди, ҳужум қанотларига эса чап оёқда ўйнайдиган икки футболчи — Сака ва Фоден туширилди. Саволларга жавоб майдонда берилади.
Умуман олганда, Саутгейтни айблаш ўринсиз. Жамоа бошқарувидаги олти йил мобайнида у йирик турнирларда савия борасида кучсизроқ бўлган рақибларга умуман мағлуб бўлмаган. Унинг натижалари барчасини айтади: ЖЧ-2018 яримфинали ва Евро-2020 финали. Аммо Сенегал билан ўйинда дастлабки ярим соат хавотирларга сабаб бўлди.
Британлар ўйин стартида суст ҳаракат қилишди. Умуман олганда, уларнинг ўйинни бошлаши анчадан буён ҳайрон қилмай қўйган — инглизлар доимий равишда ўйиннинг илк дақиқаларида тўпни майдон бўйлаб олиб юришади ва улар олдига оғир вазифа қўйилмагунча суръатни оширишмайди. Сенегал эса шундай вазифа қўйди: дастлабки ярим соатда африкаликлар бир неча голли вазият яратишди, аммо Сарр ҳам, Диа ҳам имкониятларидан фойдалана олишмади. Лекин ўйиннинг бу қисмида сенегалликлар камида битта гол уришга муносиб ўйнашди.
England score THREE to move on to the Quarter Finals!#FIFAWorldCup | #Qatar2022
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) December 4, 2022
Англия эса ташқаридан қараганда хотиржам кўринарди, аммо бу ишончли бўлиши учун гол уриши талаб этиларди. Бунинг учун шунчаки Кейннинг ассистентлик сифатини намойиш этишини кутиш кераклиги маълум бўлди. Орқароққа қайтиб ўйнаган сардор жамоа ҳужумини бошлаб берди: Беллингемга кесиб ўтувчи ажойиб узатма берди, у эса Ҳендерсонга голли узатма амалга оширди — 1:0.
Кейннинг узоқ кутилган голи
Англия бу жаҳон чемпионатида ҳисобни очиб олса дарҳол иккинчисини урмоқда. Бунга мухлислар Эрон ва Уэлсга қарши ўйинларда гувоҳ бўлишганди ва бу ўйинда ҳам шундай бўлди: ҳисоб очилишидан ўн дақиқа ўтмасдан Кейн Қатардаги илк голини нишонлади.
Harry Kane goal from the stands pic.twitter.com/ry6NRZaAFo
— Koma (@koma_AFC) December 4, 2022
Топ-жамоалар бошқаларидан нимаси билан фарқ қилиши шу ўйинда сезилди. Биринчидан, Сенегал вазиятлардан фойдаланишда сусткашлик қилди — Манесиз таркибда гол урадиган футболчи топилмади. Англия эса кўп вазиятлар яратмаса-да, ўз голларини урди. Иккинчидан, британияликлар рақибдаги умидни тезлик билан ўлдиришга ҳаракат қилиб, ҳисобдаги устунликни оширишди. Бу турнирдаги кўплаб жамоаларга айнан шу жиҳат етишмаяпти — масалан, Германия ва Испания Япония билан ўйинларда ёки Аргентина Саудия Арабистонига қарши ўйинда иккинчи голни ура олмагани натижасида мағлубиятга учради.
Хотиржам ғалаба
Танаффусда африкаликлар бирданига учта ўзгариш қилишди, аммо барчаси — позициялар бўйича. Алиу Сиссе шунчаки толиққан футболчиларни тетикларига алмаштирди, аммо ўйин картинаси аввалгича қолди. Ҳатто тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик ҳам ўзгармай қолди. Англия танаффусгача қилган ишини давом эттирди — Фоден, Беллингем ва Шоунинг ҳисобига чап қанотда кучли босим уюштирилди, шунингдек ўнг қанотда Сака учун бўшлиқ юзага келтирилди. Биринчи бўлимда бундай тактика иш бермаганди, лекин 57-дақиқада барчаси ўхшади: Фоден шериклари билан чап қанотда моҳирона ҳужум уюштирди, ўнг қанотда ёлғиз қолдирилган Сака эса ҳужумни гол билан якунлади.
3:0 — бундай учрашув учун кўп гол. Сенегал йирик ҳисобда ютқазишга лойиқ эмасди (ўйин давомидаги зарбалар бўйича африкаликлар 10:8 ҳисобида устун келган), аммо инглизлар раҳм қилишмади. Улар учинчи голдан кейин ҳам намунали ҳаракат қилишда давом этишди: хотиржамлик билан ҳимояланишди ва африкаликларга ўйинни қутқариш ҳақида ўйлашга ҳам имкон қолдиришмади. Ишончли ғалаба — худди Франциянинг Полша устидан қозонган ғалабаси сингари.
10 декабр куни ўтказиладиган чоракфинал учрашувида англияликлар айнан французлар билан тўқнашади. Бу муросасиз рақибларнинг классик тўқнашуви бўлади, икки жамоанинг ҳақиқий кучи шу ўйинда билинади. Франция учун ҳам, Англия учун ҳам бу савия борасида тенг рақибга қарши илк ўйин бўлади.