Жаҳон | 23:00 / 13.12.2022
10762
2 дақиқада ўқилади

Британия россиялик 12 нафар юқори лавозимли ҳарбийга қарши санкция қўллади 

Cанкциялар Украина фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар билан боғлиқ. 

Фото: Anadolu Agency

Британия ҳукумати Россия Қуролли Кучларининг юқори мартабали қўмондонлиги ва қўмондонлик штабидан ўн икки кишини Россияга қарши санкциялар рўйхатига қўшди. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли баёнотида айтилишича, санкциялар Украина фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар билан боғлиқ. 

Буюк Британия санкциялари қўлланганлар орасида ҳаво-десант кучлари қўмондони Михаил Теплинский, стратегик ракета қўшинлари қўмондони Сергей Каракаев, Россия Мудофаа вазирлиги ракета ва артиллерия бош бошқармаси бошлиғи Николай Паршин, ракета қўшинлари бошлиғи Михаил Матвеевский бор. 

Бундан ташқари, рўйхатга Мудофаа вазирлигининг Бош ҳисоблаш маркази бошлиғи генерал-майор Роберт Баранов ҳам киритилган. Аввалроқ, бу марказда юқори аниқликдаги ракеталар учун парвоз миссияларини тузадиган махфий қисм борлиги, унда 30 нафар ҳарбий муҳандис ишлаётгани, уларнинг аксарияти ахборот технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш бўйича тажрибага эга бўлган ёш аёллар ва эркаклар экани аниқланган эди. Ушбу қисм Украинага ракета зарбаларини бериш жараёнига алоқадорлиги маълум бўлган. 

Бундан ташқари, Британия дронларни Россияга етказиб берувчи Эроннинг MADO концерни, унинг бош директори ва бунга ҳисса қўшган Эрон расмийларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этди. Санкциялар саёҳатни тақиқлаш ва активларни музлатишдан иборат. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид