Жамият | 12:38 / 17.12.2022
15968
3 дақиқада ўқилади

Энди жамоат транспортларини узоқ кутиб қолмаймиз(ми?)

Эрталаб ўқишга, ишга, кечқурун эса уйга шошаркансиз, жамоат транспортларида керагидан ортиқ тиқилинчни кузатасиз. Кўплаб автобусларнинг интервали узоқ бўлгани учун сиғимдан ортиқ одамлар ташилади, айрим йўловчилар ҳатто бир неча автобусга чиқолмай ҳам қолади. Kun.uz юртдошларимизнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди. 

Бизнинг маҳаллада автобуснинг ўзи йўқ”, - дейди пойтахтнинг биқинидаги Зангиота тумани Эркин маҳалласида яшашини айтган Улуғбек Пўлатов. Унинг айтишича, олдин 446-сонли автобус маҳалла орқали ҳаракатланган ва кейинчалик йўналишдан чиқариб ташланган. Энди эса болалар, талабалар, умуман маҳаллий аҳоли фақат такси хизматларидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.

Улуғбек Пўлатов /  Фото: Kun.uz

Яна бир юртдошимиз пойтахтнинг 55-сонли автобуслари юрадиган йўналиш хизматларидан норози. У қаҳратон қиш кунларида ҳам мазкур автобусни бекатларда соатлаб кутиб қолишаётгани ҳақида айтади.

“Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамиятининг Тошкент кўчаларида ҳаракатланувчи барча автобус йўналишларини ўзида қамраб олган онлайн иловасида ҳақиқатан ҳам 55-йўналишда 2 дона автобус узоқ интервал билан ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Бошқа йўналишларда ҳам автобуслар қатновидаги оралиқ вақт жуда узун.

Бундай муаммолар ҳатто давлат раҳбари даражасида ҳам танқид қилиниб, 13 декабрь куни пойтахтдаги 18-сонли автобус саройи фаолияти билан танишган президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда энг оғир йўналишларга қўшимча автобуслар қўйиш топшириғини берган эди.

Президентга кўра, Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу орқали автобусларнинг оралиқ интервалини 7-10 дақиқагача қисқартириш мумкин.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХнинг баёнот беришича, айни пайтда жамоат транспорти сифатини яхшилаш, тезкорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Пойтахтда автобуслар сони кўпайтирилиб, оралиқ интервали қисқартирилади.

Бироқ узун интервалларга фақат автобуслар етишмовчилиги сабаб эмас. Ҳатто пойтахтда Алишер Навоий кўчасидан бошқа бирорта жамоат транспорти учун махсус йўлларнинг йўқлиги ва бунинг ортидан тирбандликлар аро ҳаракатланишга мажбур бўлаётган ҳайдовчиларнинг ҳам ўз айтарлари бор.

“Бизни эрталабки тирбандликлар қийнайди. Кейин ўз вақти-соатида келолмасдан қолиб кетиб қолсак, йўловчилар устимиздан ёзиб, шикоят қилишади, - дейди автобус ҳайдовчиси Бобур Эрмонов. У, шунингдек, автобус ҳайдовчиларига қўйиладиган кунлик “план”лар, ўхшаш йўналишларда ҳаракатланувчи “рақобатчи” автобуслар борлигини ҳам айтади.

Бобур Эрмонов /  Фото: Kun.uz

Яна бир автобус ҳайдовчиси Дилшод Буванов тирбандликлар билан бирга йўлнинг автобус қатнаши керак бўлган қисмини такси машиналари “стоянка” қилиб олгани ва бу ҳолат ҳаракатланишга халал бераётганидан ёзғирди.

Дилшод Буванов /  Фото: Kun.uz

Аҳолини жамоат транспортларига жалб қилиш учун йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, жамоат транспортлари сонида, узлуксизлиги ва вақтларида муаммолар бўлмаслигини таъминлаш шарт. Бу йўлдаги ечимлар эса вақтинчалик ёки мавсумий бўлмаслиги, бундан кейин аҳолининг жамоат транспортларига эҳтиёжи аниқ таҳлиллар, тизимли кузатувлар ва прогнозлар асосида ўрганиб борилишига умид қиламиз.

Мавзуга оид