17:34 / 11.02.2023
27626

Бир офатда 300 мингдан ортиқ қурбон: янги асрнинг энг даҳшатли зилзилалари

Туркия ва Сурия ҳудудида содир бўлган зилзила ва 20 мингдан ортиқ инсоннинг ўлими дунё аҳлини ларзага солди. Қурбонлар сони муттасил ошиб бормоқда. Афсуски, инсоният ер қимирлашидан жуда кўп марта азият чеккан ва бунинг ортидан миллионлаб одамлар ҳалок бўлишган.  

2001 йил, Ҳиндистон, 13,8-20 минг қурбон 

Фото: Arko Datta—AFP/Getty Images

2001 йилнинг 26 январи, соат 03:16 да Ҳиндистон жануби-шарқидаги Гужарат штатида 7,6 балли ер қимирлаши содир бўлди. Ерости тўлқинлари нафақат Ҳиндистон, балки қўшни Непал, Покистон, Хитой каби давлатларда ҳам сезилди.

Зилзила турли ҳисоб-китобларга кўра, 13,8 мингдан 20 минг нафаргача инсоннинг ёстиғини қуритди, 170 минг киши жароҳатланди. Мазкур зилзила мамлакатда ярим аср давомидаги энг кучлиси дея тан олинди.  

2003 йил, Эрон, 26 271 қурбон 

Фото: AP/Fars News Agency, Mohammad Fatemi

2003 йилнинг 26 декабри, соат 01:26 да 6,6 магнитуда кучига эга зилзила Эроннинг жануби-шарқидаги Кермон музофоти, Бам шаҳрини тўлиқ вайрон қилиб ташлади. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 26 271 киши ҳалок бўлди, 30 мингдан ортиғи жароҳат олди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда 44 давлат вакиллари иштирок этди. 

2004 йил, Индонезия, 225-300 минг қурбон 

Фото: Frans Delian/Shutterstock

2004 йилнинг 26 декабри, соат 00:58 да содир бўлган зилзила янги асрнинг энг катта талафотли табиий офати бўлди. Ҳинд океанида, Суматра оролидан 160 км нари ва 30 км чуқурликдаги эпимарказида 9,1-9,3 магнитуда куч билан қўзғалди. Зилзиланинг ўзи ҳам, пайдо бўлган цунами ҳам шу қадар кучли бўлдики, пайдо бўлган тўлқинлар баландлиги 10 метргача кўтарилди.

1200 км масофадаги тектоник плиталар силжиб кетди. Офат оқибатида Индонезия, Таиланд, Шри-Ланка, Ҳиндистон каби 14 давлат ва 2,2 млн аҳоли зарар кўрди. Нобуд бўлганлар сони бўйича турлича маълумотлар келтирилади. Аммо 225 мингдан 300 минггача инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги маълумотлар тасдиғини топган. Бу зилзила Таиландга 5 млрд, Индонезияга 4,5 млрд, Ҳиндистонга 1,6 млрд, Мальдив оролларига1,3 млрд доллар иқтисодий зарар ҳам етказган. 

2005 йил, Покистон, 87 мингдан ортиқ қурбон 

Фото: AFP/Getty Images

2005 йилнинг 8 октябри, соат 3:50 да Жанубий Осиёнинг қатор давлатлари – Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда жиддий зилзила содир бўлди. Унинг эпимаркази Покистон пойтахти Исломобод шаҳридан 105 км нарида бўлгани учун энг кўп талафотни шу давлат аҳолиси кўрди. 7,6 балли ер қимирлаши таъсирида 87 мингдан ортиқ одам нобуд бўлди, 69 мингдан ортиғи яраланди. 32 мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлди.

Бу зилзила Ҳиндистонда 1350 кишининг ёстиғини қуритган бўлса, 6266 одамни жароҳатлади. 4 млн аҳоли бошпанасиз қолди.

Покистон ҳукумати бу офат келтирган иқтисодий зарарни 5-12 млрд доллар дея баҳолади. Зилзила Жанубий Осиёда сўнгги 100 йилликдаги энг йирик офат деб тан олинди. Унинг натижасида 100 кмдан ортиқ ёриқ пайдо бўлди. 

2008 йил, Хитой, 87 587 қурбон

Фото: Ricky Chung/South China Morning Post

2008 йилнинг 12 майи, соат 6:28 да Хитойнинг Сичуан музофотида 7,9 балли зилзила содир бўлди. Тўлқин шу қадар кучли эдики, 1,5 минг км наридаги Пекин ва 1,7 минг км масофадаги Шанҳайда ҳам сезилди. Бундан ташқари ер қимирлашини Ҳиндистон, Покистон, Таиланд, Вьетнам, Бангладеш, Непал, Мўғулистон ва Россия каби давлатлар аҳолиси ҳам ҳис қилди.

Қурбонлар ўта аниқликда ҳисоблаб чиқилди – 87 587 инсон нобуд бўлди, 370 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. 15 млндан ортиқ аҳоли ўз уйларидан эвакуация қилинган бўлса, ўндан ортиқ музофотда яшовчи умумий ҳисобда 45 млндан ортиқ аҳоли жабрланган деб топилди. 5,36 млн бино вайрон бўлди, 21 млндан кўпроғи зарарланди. Умумий иқтисодий йўқотишлар 86 млрд доллар экани ҳисоблаб чиқилди. 

2010 йил, Гаити, 100-316 минг қурбон 

Фото: Cameron Davidson/Corbis

2010 йилнинг 12 январи, соат 21:53 да Гаити пойтахти Порт-о-Пренс шаҳридан 25 км узоқликда ва 13 км чуқурликдаги эпимарказда 7 балли зилзила содир бўлади ва тарихнинг энг ҳалокатли офатларидан бирига айланади. Чунки қашшоқ давлат бўлган Гаитида аҳоли жуда зич бўлиб, яна анча омонат бошпаналарда яшарди. Натижа оғир бўлди: турли ҳисоб-китобларга қараганда 100 мингдан 316 минггача, яъни ҳатто Индонезия зилзиласидан ҳам кўпроқ бўлиши эҳтимолича одам ажал домига тортилди. 300 мингдан ортиқ гаитилик жароҳатланди, 1,3 млн одам уй-жойсиз қолди. 97 минг кўчмас мулк вайрон бўлди, 188 минг бино, жумладан президент қароргоҳи ҳам жиддий зарарланди, пойтахт Порт-о-Пренс харобага айланди. Зилзила шундоқ ҳам иқтисодий муаммолар гирдобидаги Гаитига деярли 8 млрд доллар зарар етказди. 

2011 йил, Япония, 19 759 қурбон

Фото: Asahi / Reuters

2011 йилнинг 11 марти, соат 5:46 да Япония шимоли-шарқида содир бўлган зилзила кучи чиндан даҳшатли эди. 9 балли ер қимирлаши ўчоғи Сендай портидан 130 км нарида, Тинч океани тубининг 10 км чуқурлигида бўлиб, у ўта кучли цунами ҳам ҳосил қилди. Қурбонлар сони камлигига сабаб япон халқининг зилзилалар бўйича аччиқ тажрибаси борлиги ва бинолар ўта бардошли қурилгани эди. Яъни шундай ер қимирлаши аҳолиси зич йирик давлат ҳудудида содир бўлганида миллионлаб қурбонлар ортидан бу зилзила энг вайронкор сифатида тарихга муҳрланарди.

Аммо шунга қарамай 19 759 киши ҳалок бўлди, 6 242 одам жароҳатланди, 2553 инсон бедарак йўқолди.

Фото: Asahi / Reuters

Табиий офатнинг оғир асорати – “Фукусима-1” атом электростанциясига зарар етиши бўлди ва мана 10 йилдан ортиқ муддат ўтди ҳамки Япония бу авария оқибатлари билан курашади. Бу оқибатларни батамом бартараф этиш учун 40 йил вақт зарурлиги ва зилзила 300 млрд доллар иқтисодий зарар етказгани ҳисоблаб чиқилган. 

Аброр Зоҳидов

Мақолада янги, йигирма биринчи асрнинг энг кўп талафотли зилзилалари келтириб ўтилди. Мазкур инфографикада эса сўнгги юзйилликдаги катта зарар келтирган кўплаб қурбонларга сабаб бўлган ер қимирлашлари ҳақида маълумот берилган.

Top