Ўзбекистон | 18:23 / 15.03.2023
7191
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чегарачиларининг Қирғизистонга ўтгани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу ҳақдаги видео ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилди.

Қирғизистон Республикаси ҳудудига Ўзбекистон чегарачилари ўтгани ҳақидаги видеотасвир ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб Kaktus.media хабар берди.

12 март куни ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Боткен туманида яшовчи фуқаро томонидан суратга олинган видео тарқатилди. Унда гўё Ўзбекистон чегарачилари қурол билан Қирғизистон ҳудудига кириб келгани акс этган эди.

Шундан сўнг «можаронинг олдини олиш мақсадида» Қирғизистон Республикасининг Айдаркен йўналишидаги чегара вакиллари Сўх йўналишида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашув ўтказди.

«Учрашув натижасида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар давлат чегарасини бузмагани, балки ҳудудни кўздан кечириш мақсадида чегара чизиғи яқинида Ўзбекистон ҳудудида бўлганлиги аниқланди», дейилади хабарда. Боткенлик фуқаро билан суҳбат давомида улар ўзини тўғри тутган.

Хабарга кўра, икки республиканинг чегарадош вилоятлари аҳолиси ўртасида тушунмовчилик юзага келмаслиги учун чегара вакиллари тегишли идораларни олдиндан хабардор қилган ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг барча ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Видеони тарқатган боткенлик фуқарога вазият тушунтирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид