Жаҳон | 15:57 / 21.03.2023
15708
6 дақиқада ўқилади

Қариялар жон сақлаётган пана жой ва фронтда дрон ови. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 390-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • ХХР раҳбари Си Жинпинг Москвага уч кунлик ташриф билан келди. Биринчи кун у Владимир Путин билан 4,5 соат давом этган норасмий учрашув ўтказди. Учрашувнинг ОАВ учун очиқ қисмида Хитой раҳбари россияликлар 2024 йилги президентлик сайловларида Путиннинг «яхши ташаббуслари»ни қўллашига ишонч билдирди.
  • Евроиттифоқ Украинага 12 ой ичида миллион дона артиллерия снарядлари етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел буни «тарихий қарор» деб атади.
  • «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин март ойи охирида — апрел ойи бошларида Украина армияси унинг ёлланма кучларини Россиянинг асосий кучларидан узиб қўйиш мақсадида «қанотдан кесувчи зарбалар» бериши ҳақида айтди. Пригожин Сергей Шойгуни бунга йўл қўймаслик учун «барча зарур чораларни қабул қилиш»га чақирди. Шу билан бирга, «Вагнер» раҳбари унинг ёлланма жангчилари Бахмут ҳудудининг «70 фоизга яқин» қисмини назорат қилаётганини маълум қилди. Украина томони бу маълумотга муносабат билдирмади.
  • Россия Тергов қўмитаси РФ президенти Владимир Путин ҳамда болалар омбудсманини Украинадаги болаларни Россияга зўравонлик билан депортация қилишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон ва судьяларга нисбатан жиноий иш қўзғатди.

Кун кадри. Орихивдаги бошпана

Орихив — Запорижжядан 60 километр жануби-шарқда жойлашган шаҳар. Област маркази каби бу шаҳар ҳам Украина қуролли кучлари назоратида қолмоқда. Орихив фронт чизиғига яқин —  ва доимий равишда россияликлар зарбаларига дучор бўлмоқда. Шунга қарамай шаҳарда тинч аҳоли вакиллари қолган — уларнинг аксари катта ёшли кишилар ҳисобланади. Фотода ракета зарбалари вақтида улар бошпанада жон сақлашмоқда. Фото муаллифи: Andriy Andriyenko / AP / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги жанглар

Украина қўшини Бахмут мудофаасини давом эттирмоқда. «Душманнинг бундай шиддатли ҳужумлари шароитида шаҳарни бир ҳафта, кўпи билан икки ҳафтадан ортиқ муддат давомида ушлаб туришнинг имкони бўлишига ҳеч ким ишонмаганди. Аммо минглаб аскарларимиз жасорати ва қаҳрамонлиги, шунингдек генералларимиз ва зобитларимизнинг оқилона раҳбарлиги эвазига Бахмут мудофааси давом этмоқда ва имкониятлар ҳали сақланиб қолмоқда», — дея қайд этди Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.

Россиянинг Бахмут йўналишидаги асосий кучи бўлиб қолаётган «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин 20 март куни унинг ёлланма жангчилари шаҳар ҳудудининг 70 фоиз қисмини назорат қилаётгани ва «юришни тўлиқ озод этишга қадар давом эттириши»ни маълум қилди. Шу билан бирга Пригожин мудофаа вазирлигига юзланиб, «"Вагнер" ХҲК жангчилари РФ армиясининг асосий кучларидан узиб қўйилишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни қабул қилиш»ни илтимос қилди.

РФ мудофаа вазирлиги Пригожинга жавоб қайтармади ва сўнгги ҳисоботида бу йўналишдаги вазият ҳақида тўхталмади. Украина томони ҳам «Вагнер» раҳбарининг баёнотидаги маълумотларни тасдиқламаган.

Т-64 танкини жангга тайёрлаётган украиналик ҳарбий
Sergey Shestak / AFP / Scanpix / LETA
Украина кучлари С-60 зенит қурилмасидан россияликлар позицияларини ўққа тутмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Россияликлар дрони Украина қуролли кучлари позицияси устида
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
РФ армияси дронини ўққа тутаётган украиналик ҳарбий
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Бахмутдаги ёнғиннинг қўшни Часив Ярдан кўриниши — Украина қуролли кучларининг асосий таъминот йўли Часив Яр орқали ўтади
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Харкив областидаги вайронгарчилик 

Циркуни қишлоғида яшовчи 58 ёшли Володимир Алипов россияликларнинг 2022 йилда амалга оширган зарбалари вақтида вайрон бўлган уйи атрофида. Циркуни Харкивдан 13 километр масофада жойлашган.
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Константиновкада сув тарқатилиши

Константиновка Донецкдан тахминан 80 километр шимолда жойлашган ва Украина қуролли кучлари назоратида қолмоқда. Россиянинг областдаги юриши давомида Константиновка доимий равишда РФ қўшинлари томонидан ўққа тутилмоқда — натижада бу шаҳарда электр ва ичимлик суви таъминотида муаммолар юзага келган. Қуйида Константиновкадан кета олмаганлар ҳаёти акс этган суратлар. 

Ignacio Marin / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Ignacio Marin / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Киевда ҳаво тревогаси 

Киевда 20 март куни эълон қилинган ҳаво тревогаси вақтида мактаб ўқувчилари ўз ўқитувчиси билан метрода. Киев шаҳри ҳарбий маъмуриятига кўра, украин ҳарбийлари пойтахтдан шимолроқда россияликлар дронини уриб туширган.
Roman Pilipey / Getty Images

Фронт чизиғидан суратлар

Мавзуга оид