Жаҳон | 21:46 / 20.04.2023
9961
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда рекорд даражада кўп журналист ҳибсга олинди

Журналистларнинг аксарияти Эрон (62), Хитой (43), Мянма (42) ва Туркияда (40) ҳибсга олинган. 

Фото: Leo Ramirez/AFP/Getty Images

2022 йилда дунёда 363 нафар журналист ҳибсга олинган ва бу рекорд кўрсаткич, дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳисоботида. «Чегара билмас мухбирлар» хабарига кўра, ҳозирда 546 журналист қамоқда сақланмоқда. 

Қамоққа олинган ОАВ ходимларининг умумий сони 2015 йилдан 2022 йилгача деярли икки баравар кўпайган. Жорий кўрсаткич ўттиз йиллик рекордга айланди.

2022 йилда журналистларнинг аксарияти Эрон (62), Хитой (43), Мянма (42) ва Туркияда (40) ҳибсга олинган. Россияда 19, Беларусда 26 журналист қамоқда сақланмоқда.

Ташкилот ҳар йили 1 декабрь ҳолатига кўра статистик маълумотларни тақдим қилади. Аммо йил давомида ҳибсга олинган ва озод қилинган журналистларни статистикага киритмайди.

CPJ президенти Жоди Гинсберг сўзларига кўра, «вазият ҳамма жойда ёмонлашган». 

«Ҳатто эркин ва мустақил матбуотга эгамиз деган мамлакатларда ҳам журналистлар қатор таҳдидларга дуч келмоқда», деди у. 

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бош котиби Кристоф Делуар фикрига кўра, «биз журналистика келажаги учун ҳал қилувчи ўн йилликда турибмиз».  

Унинг фикрича, Россия ва Хитой «янги дунё медиа тартибини яратмоқчи» ва уларнинг оммавий ахборот воситаларига нисбатан чекловчи позицияси бошқа мамлакатларга ҳам тарқалиши мумкин.  

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти маълумотларига кўра, 28 та давлатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ «жуда жиддий» вазият мавжуд. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид