18:23 / 26.04.2023
23106

Имомали Раҳмон янги лайнер соҳиби бўлди. Навбат Қирғизистонгами?

Тожикистон ҳукумати Мексика президентининг қимматбаҳо самолётини сотиб олди. Мамлакат ғазнасига қарийб 93 миллион долларга тушган Boeing 787-8 Dreamliner энди Имомали Раҳмонга хизмат қилиши кутилмоқда. Қўшни Қирғизистонда эса президент сафарларга 30 йиллик “стаж”га эга самолётда бориб келади. Аммо ОАВдаги хабарларга кўра Садир Жапаров учун ҳам аллақачон янги учоқ олиш ҳаракати бошланган.

На Обама ва на Трампда йўқ самолёт

Матбуотдаги хабарларга кўра, шу пайтгача мамлакат раҳбарининг самолёти бўлмаган. Бироқ очиқ манбаларда Имомали Раҳмон бир пайтлар Ту-154 учоғидан фойдалангани ҳақида маълумот бор. Аммо бу ҳаво кемаси президент самолёти сифатида неча йил давомида хизмат қилгани номаълум.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Имомали Раҳмон Somon Air авиакомпаниясининг тижорий рейсларидан фойдаланиб келгани айтилади. Президент учун Boeing 737-800 русумидаги учоқ махсус захирага олинган.

«Одатда давлат раҳбарлари шахсий учоқларида учишади. Бироқ Тожикистон президенти ҳалигача бундай имтиёз, устунликни ўзига раво кўрмайди, бу Тожикистон учун ортиқча харажат деб ҳисоблайди”, дея Тожикистон президенти матбуот хизмати раҳбари Абдуфаттоҳ Шарифзодадан иқтибос келтирганди Asia Plus нашри 2013 йилги хабарида.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Тожикистоннинг 28,5 йиллик президентининг ҳаётга қарашлари ўзгарган чоғи дунёдаги энг қиммат президент лайнери дея эътироф этилган учоқ бундан буён унга тегишли. 2012 йилда буюртма қилиниб, Мексикага 2016 йилнинг февралида олиб келинган Boeing 787 дримлайнерининг таннархи 218,7 млн доллар бўлса-да, қўшимча жиҳозланиши билан бирга у 600 млн долларга тушгани айтилади.

Фото: Twitter / Hacienda_Mexico
Фото: Twitter / Hacienda_Mexico

Узунлиги 57, эни 60 метрли улкан дримлайнер 80 кишига мўлжаллаб жиҳозланган. Бортда алоҳида ваннага эга бўлган президент люкс хонаси ва ётоқхонаси мавжуд. Президент учун мўлжалланган хонада югуриш йўлакчаси, сунъий йўлдошга уланган телефон, 360 даражагача айланадиган диван ва креслолар ўрнатилган.

Дунёдаги энг қимматбаҳо президент лайнери сифатида тан олинган, ҳашам бобида Саудия Арабистони қиролига тегишли учоқни ҳам ортда қолдирган ҳаво кемаси интерьерига харидор талабига кўра анча қимматбаҳо безаклар ишлатилган. Мексиканинг ҳозирги президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор ушбу лавозимга сайлангандан сўнг ундан фойдаланишни истамаган, ўзининг сайловолди пиар компаниясини на Барак Обама ва на Дональд Трампда бундай учоқ йўқлигини таъкидлаш атрофига қурган Обрадорга сўзининг устидан чиқиш орадан салкам беш йил ўтибгина насиб қилмоқда.

Фото: Twitter / Hacienda_Mexico
Фото: Twitter / Hacienda_Mexico

Экспертлар самолётни 300 йўловчини таший оладиган одатий лайнер сифатида қайта жиҳозлаш анча қимматга тушишини таъкидлашган. Шундан сўнг у сотувга қўйилганди.

Дримлайнер соатига 1609 километр тезликда ва Америка қирғоқларидан то Осиё қирғоқларигача қайта ёқилғи қуймасдан парвоз қила олади.

Фото: UNOPS

Мексика ҳукумати 2018 йилдаёқ самолёт сотилганини эълон қилган бўлса-да, амалда бу хабар тасдиғини топмаган. 2019 йили Мексика президенти учоқни АҚШга 130 млн долларга сотиб олишни таклиф қилган. Харидор топилмагани учун ҳатто ҳукумат президент самолётини лотереяга тикмоқчи бўлган.

Фото: Reuters
Фото: Reuters

2020 йилдан буён Калифорниядаги Boeing ангарида қолаётган баҳайбат лайнерни сақлаб туриш харажатлари Мексика ҳукуматига кунига 4000 долларга тушгани айтилади.

Қайд этилишича, ҳозирча Тожикистон ҳукумати Мексика президенти самолётини сотиб олганини тасдиқлагани йўқ. Шунинг баробарида, бу борадаги хабарларни рад этиб ҳам чиқмаган.

Танқидлар гирдобидаги президент

Тожикистонга қўшни Қирғизистон президентида ҳам қимматбаҳо учоқ йўқ. Қирғиз президентлари сафарларга 1993 йилда ишлаб чиқарилган Ту-154 самолётларида бориб-келишган. Бугунги кунда биринчи рақамли бортга Air Kyrgyzstan авиакомпанияси хизмат кўрсатади.

Иллюстратив сурат Фото: Kaktus.media

Бир пайтлар Қирғизистон президентининг учоғи билан боғлиқ фавқулодда вазият ҳам содир бўлган. 2006 йилнинг сентябрида Бишкекдаги Манас аэропортида Ўшдан мамлакат пойтахтига келаётган Ту-154 самолёти АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг KC-135 Stratotanker учоғи билан тўқнашиб кетади. Бахтли тасодиф туфайли йўловчилар ва экипаж аъзолари омон қолишади.

Фото: Kyrgyzstan авиакомпанияси

Тўқнашув оқибатида хорижий сафарлар пайтида Қирғиз президенти фойдаланадиган лайнернинг қанот конструкцияси зарар кўради. АҚШ ҳарбий учоғининг чап қанотидаги биринчи двигатель ишдан чиқади. Табиийки, бу кам сонли ҳаво кемаларига эга мамлакат учун катта йўқотиш бўлганди. 2006 йилнинг декабрида Россия Қирғизистонга янги бўлмаса-да, бошқа бир Ту-154 самолётини ҳадя қилганди.

Россия Қирғизистонга совға қилган Ту-154 учоғи Фото: Kaktus.media

2002 йилда капитал таъмирдан чиққан ва 2012 йилгача бемалол парвоз қила олиши таъкидланган самолёт ҳозиргача Қирғизистон раҳбари учун биринчи рақамли борт сифатида хизмат қилиб келмоқда. Мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров ўтган йилнинг сентябрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига Ту-154 лайнерида келганди. Бироқ ҳукумат президентнинг олисдаги хорижий сафарлари учун бошқа учоқларни ижарага ола бошлаган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта.

Садир Жапаровнинг 2022 йилги АҚШга сафари учун ижарага олинган Bombardier Global Express XRS лайнери ички кўриниши Фото: Kaktus.media
Садир Жапаровнинг 2022 йилги АҚШга сафари учун ижарага олинган Bombardier Global Express XRS лайнери ички кўриниши Фото: Kaktus.media

1993 йилда ишлаб чиқарилган, 30 йилдан бери фойдаланишда бўлган президент самолёти аллақачон маънан эскирган. Гарчи техник кўриклар ўз вақтида ўтказиб келинаётган бўлса-да, бундай учоқда президентнинг хорижга бориб-келиши катта таваккалчиликдан бошқа нарса эмас. 2021 йилдаёқ экспертлар у яна бир йил парвоз қила олишини айтишган. Таъкидланишича, эски самолётга техник хизмат кўрсатиш йилдан-йилга қимматга тушмоқда.

2010 йили Польша президенти Лех Качинский, рафиқаси ва ҳукумат мулозимларидан иборат 96 кишини олиб кетаётган худди шундай лайнер Смоленскда, 2016 йили бошқа бир Ту-154 Қора денгизда ҳалокатга учрагач, Россия мудофаа вазири Сергуй Шойгу айни русумдаги самолётлардан фойдаланмасликни таклиф қилганди.

Қолаверса, 2021 йилнинг ноябрида Буюк Британия ҳукумати иқлим ўзгариши бўйича саммитга бораётган Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг самолётини мамлакатга киритишга рухсат бермаган, бунга Ту-154 самолётининг техник нормалари Евроиттифоқ ва Буюк Британия қабул қилган нормаларга жавоб бермаслигини сабаб қилиб кўрсатганди. Натижада Қирғизистон президенти Глазгога етиб олиш учун Embraer Lineage 1000 хусусий самолётини ёллашга мажбур бўлганди.

Садир Жапаровнинг хорижий сафарлари учун бир неча марта ижарага олинган Embraer Lineage 1000 учоғининг ички кўриниши Фото: 24.kg
Садир Жапаровнинг хорижий сафарлари учун бир неча марта ижарага олинган Embraer Lineage 1000 учоғининг ички кўриниши Фото: 24.kg

Бу воқеадан сўнг Садир Жапаров хорижий сафарларга асосан ижарага олинган учоқларда бориб келмоқда. АҚШ, Қатар, Шотландия, Хитойга сафарлар шулар жумласидан. Табиийки, хусусий лайнерни ижарага олиш арзонга тушмайди. Бу эса қирғизистонликлар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

Гарчи президент матбуот хизмати ижара тўловлари учун мамлакат бюджетидан пул кетмаётгани, харажатлар катта эмаслиги, асосан ёқилғи учун пул тўланиши, бу ҳам бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан қопланишини таъкидлаб келаётган бўлса-да, жамоатчилик бунга ишонмайди. Журналистлар ҳатто очиқ маълумотларга таяниб Жапаров парвоз қилган самолётлар ижараси қанчага тушганини ҳам ҳисоблаб чиқишган. Танқидлар ортидан президентнинг парвозлари ҳақидаги маълумотлар махфийлаштирилди.

Президент лайнерини янгилаш ҳақида Қирғизистонда Сўронбой Жээнбеков давридан, яъни 2018 йилдан буён айтиб келинади. ОАВ 2019 йили Ту-154 замонавий Боингга алмаштирилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Bombardier Global Express XRS Фото:Jetcraft.com
Embraer Legacy 1000 Фото: Globaljet.aero

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон президенти учун Bombardier Challenger ёки Embraer Legacy русумли учоқлардан бири лизинг асосида сотиб олиниши мумкин. Бу ҳақда Садир Жапаровнинг матбуот котиби маълум қилган. Бошқа бир хабарда Қирғиз президенти Нью-Йоркка бориб-келган Bombardier Global Express XRS учоғини биринчи рақамли бортга айлантириш ниятида экани қайд этилган.

Самолётнинг аниқ нархи эълон қилинмаган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, 2013 йилда ишлаб чиқарилган Embraer Legacy 1000 русумли учоқ 53 млн доллар, 2010 йилги Bombardier Global Express XRS эса 17,5 млн доллар туради. Ҳар икки ҳаво кемасининг бирламчи комплектациясида сунъий йўлдошга уланган телефон, видео-кўнгилочар тизим ва бошқа қурилмалар мавжуд. Лайнернинг техник ҳолати, ўрнатилган жиҳозлар ҳамда ишлаб чиқарилганидан буён қанча муддат парвоз қилганига қараб унинг қиймати чиқарилади.

Қизиқарли фактлар

Имомали Раҳмон бошқа давлат раҳбарининг самолётини сотиб олган ягона президент эмас. Туркманистон бошқарувига Гурбангули Бердимуҳаммедов келгач салафининг VIP Boeing 767-300ER лайнерини Беларусь президенти Александр Лукашенкога пуллаб, ўзига эса янги Boeing 777-200 сотиб олади.

Сапармурат Ниязовнинг самолёти қанчага сотилгани ошкор қилинмаган. Сунъий йўлдошли телефон ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган учоқнинг нархи ўша пайтдаги бозор баҳоси бўйича 124-160 млн доллар тургани айтилади.

Қозоғистонда президент ва ҳукумат раҳбари учун ўндан зиёд ҳаво транспорти, жумладан, Airbus A330-243, Airbus A321-211, Airbus A320-214, Ил-76, Embraer-135, СRJ-200 ва Ми-8 хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонда биринчи рақамли борт 2019 йилда сотиб олинган Boeing 787-800 VIP дримлайнери ҳисобланади. Шунингдек, Boeing 767-300ER ҳамда Airbus A320 президент ва бош вазир фойдаланиши учун ажратилган.

Туркманистон президентида Boeing-777-200 самолётидан ташқари, Boeing 737-700 , Challenger 870, 2 Challenger-605 ва BAe 125 учоқлари, AgustaWestland AW-101 русумидаги вертолёт бор.

Ўртача ҳисобда президент самолётларида ётоқхона, конференц-зал, махфий сўзлашувлар учун яхши ҳимояланган хона, президент офиси, ҳордиқ чиқариш жойлари бўлади. Айрим давлат раҳбарларининг лайнерларида эса тренажёр зали (Россия), фонтан (Саудия Арабистони), ядро ҳужумидан электромагнит ҳимоя тизими (АҚШ), мини-операция блоки (Франция, АҚШ, Баҳрайн) мавжуд.

Жамшид Ниёзов

Top