18:19 / 04.05.2023
21468

Activist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров озодликка чиққан

Бош прокуратура матбуот хизмати унга нисбатан жиноят иши очилгани ва у вафот этгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Маълум қилинишича, блогер 15 суткалик қамоқ муддатини ўтаб, 23 апрел куни озодликка чиққан.

ACTIVIST YouTube-каналидаги видеодан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Activist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу хабарлар ёлғон.

Бундан ташқари, у Ҳожиакбар Носировга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини ҳам рад этди.

“Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда эълон қилинган Ҳожиакбар Носировга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейди Бош прокуратура мулозими.

8 апрел куни 15 суткага қамалган Ҳожиакбар Носировнинг озодликка чиққан-чиқмагани ҳақида хабар бўлмаётгани фаоллар ва блогерларнинг эътиборини тортганди.

Ҳаёт Шамсуддиновнинг айтишича, у суд томонидан белгиланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, жорий йилнинг 23 апрел куни соат 16:00 да озодликка чиққан.

Бироқ Activist лойиҳасининг YouTube'даги каналида 9 апрелдан, Telegram'даги каналида эса 12 апрелдан буён пост жойланмаяпти; Telegram-каналдаги кўплаб постлар ғойиб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, блогер бир нечта корхонага тегишли йогуртларда кармин моддаси борлиги, шу боис улар ҳаром эканини даъво қилиб видео тарқатиши ортидан 15 суткага маъмурий қамалганди. Айбловга Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар асос бўлгани келтирилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази блогер ҳаром деб айтган кармин моддаси бўйича изоҳ берди. Таъкидланишича, ушбу модда қизил рангли бўёқ бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Кармин моддаси ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб кошенил ҳашаротидан олинади.

“Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган.

Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “истиҳола” – бир модданинг бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб, бошқа нарсага айланади. Шариат (бирор нарсанинг) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади”, – дейилади Фатво маркази изоҳида.

Ҳожиакбар Носировнинг адвокати 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига шикоят-ариза билан мурожаат қилган. Бироқ суд блогер ўз адвокатининг шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўрагани учун апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарганди.

Фаоллар суд қарори адолатсиз бўлгани, блогерни 15 суткага қамаш учун унга навбатчи моддалар тиркалгани, суд вазиятни тўғри малакалай олмагани ҳақида ёзишган.

Жумладан, собиқ депутат Расул Кушербоевнинг айтишича, маъмурий ишга тиркалган “ИИБ ходимига бўйсунмаслик” деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган “дежурный статья”га айланиб қолган. Адвокат Абдумалик Абдуллаев Ҳожиакбар Носировга нисбатан юритилган маъмурий ишни кўриб чиққан суд қарорини шубҳага олган.

Журналист Санжар Саидга кўра, Activist лойиҳаси муаллифининг бир видео ортидан 15 суткага қамалиши мамлакатда сўз ва эътиқод эркинлигига уюштирилган навбатдаги таҳдиддан бошқа нарса эмас.

Top