Ижтимоий тармоқларда Activist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу хабарлар ёлғон.

Бундан ташқари, у Ҳожиакбар Носировга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини ҳам рад этди.

“Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда эълон қилинган Ҳожиакбар Носировга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейди Бош прокуратура мулозими.

8 апрел куни 15 суткага қамалган Ҳожиакбар Носировнинг озодликка чиққан-чиқмагани ҳақида хабар бўлмаётгани фаоллар ва блогерларнинг эътиборини тортганди.

Ҳаёт Шамсуддиновнинг айтишича, у суд томонидан белгиланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, жорий йилнинг 23 апрел куни соат 16:00 да озодликка чиққан.

Бироқ Activist лойиҳасининг YouTube'даги каналида 9 апрелдан, Telegram'даги каналида эса 12 апрелдан буён пост жойланмаяпти; Telegram-каналдаги кўплаб постлар ғойиб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, блогер бир нечта корхонага тегишли йогуртларда кармин моддаси борлиги, шу боис улар ҳаром эканини даъво қилиб видео тарқатиши ортидан 15 суткага маъмурий қамалганди. Айбловга Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар асос бўлгани келтирилган