Ўзбекистон | 11:41 / 11.05.2023
21624
4 дақиқада ўқилади

«Озодликдаман, ўлиб кетганим йўқ» – Аctivist лойиҳаси муаллифи 15 суткага қамалганидан сўнг илк марта оммага кўриниш берди

Instagram’даги саҳифаси орқали мухлисларига мурожаат йўллаган блогер фаолиятини якунлаш ниятида эмаслигини маълум қилган.

Йогуртларда кармин моддаси борлиги, шу боис улар ҳаром экани ҳақидаги видеоси ортидан 8 апрель куни суд томонидан 15 суткага қамалган Activist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан сўнг илк марта жамоатчиликка кўриниш берди.

Блогер 23 апрелда озодликка чиққан бўлса-да, фаолиятини давом эттирмаётган, бу эса ижтимоий тармоқларда унга нисбатан жиноят иши очилгани ва у вафот этгани ҳақида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлганди.

Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz сўровига жавобан ушбу миш-мишлар ёлғон эканини маълум қилганди.

Ҳожиакбар Носиров 11 май куни Instagram’даги саҳифасига жойлаган видеомурожаати орқали 15 суткага қамалганидан бери жамоатчиликка илк марта кўриниш берди. Видеода блогер ўзини қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилигини билдирган.

“Менда ҳаммаси яхши, озодликдаман. Кўп Telegram-каналларда ёзишаётганидек, ўлиб кетганим йўқ ёки фирибгарлик, товламачилик билан ҳам устимдан жиноий ишлар очилгани йўқ.

Чиққаним ҳақида гапирмай турганимнинг сабаби бор, албатта, узрли сабаб. Шунинг учун тўғри тушунасизлар деган умиддаман.

Бўлган воқеа бўйича фикр билдирадиган бўлсам, биласизлар, мен нима бўлса ҳам яхшиликка дейман. Бундаям бир ҳикмат бордир.

Мени қўллаб-қувватлаб видео олганларни, изоҳлар ёзганларни, умуман, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилганларни кўрдим, ҳаммага раҳмат. Тўғриси, жудаям хурсанд бўлдим», — дейди блогер.

Видеомурожжатида у кузатувчилари томонидан энг кўп сўралаётган савол – фаолиятини давом эттириши ёки якунлаши ҳақидаги масалага ҳам тўхталган.

“Йиғиштириб ташлаш ният йўқ, [бу борада] хавотирга ўрин йўқ. Шунчаки, фикрларимни тартибга солиб олиб, мақсадларимни қайта кўриб чиқиб, худо хоҳласа янада кучли бўлиб қайтиш учун озгина танаффус қилмоқчиман. Албатта, танаффус пайтида йўқ бўлиб қолмайман: сторис ва постларда сизлар билан бирга бўлиб тураман ва жараённи ўзларингиз кўрасизлар», – дея таъкидлаган Ҳожиаксар Носиров.

Эслатиб ўтамиз, Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалишига Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар асос бўлгани келтирилган. Суд мажлисида блогер ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортган. Ҳожиакбар Носировнинг адвокати ишни апелляция инстанцияда кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилганда эса блогер адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўрагани сабаб сифатида келтириб, иш кўрмасдан қолдирилган.

Аctivist лойиҳаси муаллифининг озодликка чиққани ҳақида на Тошкент шаҳар судлари, на пойтахт ИИББ ва прокуратураси хабар берди. Бу ҳолат фаоллар ва блогерларнинг эътиборини тортганди.

Activist’нинг YouTube’даги каналида 9 апрелдан, Тelegramʼдаги каналида эса 12 апрелдан буён ҳеч нарса эълон қилинмаган. Ҳожиакбар Носиров суд томонидан жавобгарликка тортилганидан сўнг Activist Telegram-каналидаги кўплаб постлар ғойиб бўлган.

Ҳожиакбар Носировнинг адвокати 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига шикоят ариза билан мурожаат қилган. Бироқ суд блогер ўз адвокатининг шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўрагани учун апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарганди.

Фаоллар суд қарори адолатсиз бўлгани, блогерни 15 суткага қамаш учун унга навбатчи моддалар тиркалгани, суд вазиятни тўғри малакалай олмагани ҳақида ёзишган.

 

Мавзуга оид