19:40 / 08.05.2023
30561

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 230 млн долларга камайди

Апрель ойи давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,4 млрд доллардан 35,2 млрд долларга камайди. Ҳозирда Марказий банк захирасида 12,2 млн унция олтин ва 9,9 млрд доллар хорижий валюта захиралари мавжуд.

Фото: Andreas Gebert / Bloomberg

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2023 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,2 млрд долларни ташкил қилган.  Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2023 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 35,4 млрд доллар бўлган. 

Ҳисобот даврида олтиннинг физик ҳажми 12,3 млн троя унциядан 12,2 млн троя унцияга, қиймати эса 24,25 млрд доллардан 24,2 млрд долларга пасайган.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари ҳам 10,1 млрд доллардан 9,9 млрд долларга камайган.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Top