Жаҳон | 09:26 / 18.05.2023
5852
2 дақиқада ўқилади

Чехия Россияни бепул ер участкаларига бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилди

ОАВ маълумотларига кўра, гап Россия элчихонаси томонидан “дипломатик мақсадларда” фойдаланилмаётган 59 та ер участкаси ҳақида бормоқда. Улар Прага, Карлови Вари, Брно ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жойлашган.

Прагадаги Россия элчихонаси / Фото: Getty Images

Украинадаги уруш фонида Чехия ҳукумати СССР давридаги фармонларни бекор қилди, у Россия элчихонасига Прага ва республиканинг бошқа шаҳарларида ердан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берганди. Бу ҳақда 17 май, чоршанба куни Европа ишлари бўйича вазир Мартин Дворжак маълум қилди.

"Мамлакатимиз босиб олингандан сўнг биз Россия танклари томонидан қурол остида қабул қилинган ҳукумат қарорларини бекор қилдик, бу қарорлар бугунги кунга қадар Россияга бизнинг ҳудудимиздаги катта ерлардан эркин фойдаланишга имкон берди. Бу участкалардан рухсат этилмаган даромадлар ҳозирги оккупацияни қўллаб-қувватламаслиги керак”, — деб ёзди Дворжак Twitter’да.

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский, ўз навбатида, “Россия томонидан ердан текин фойдаланиш, асоссиз бойиб кетишнинг олдини олиш учун ижара шартномалари асосида фойдаланиш билан алмаштирилиши керак”, деб таъкидлади.

Чехия ахборот агентлиги (ČTK) маълумотларига кўра, гап Россия элчихонаси томонидан “дипломатик мақсадларда” фойдаланилмаётган 59 та ер участкаси ҳақида бормоқда. Улар Прага, Карлови Вари, Брно ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жойлашган. Чехия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айрим объектлар тижорат мақсадларида фойдаланилади.

Мавзуга оид