Ўзбекистон | 10:54 / 19.05.2023
12985
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ҳиндистонлик йигитнинг ёнган мурдаси топилди

Тахминларга кўра, фожиага рад этилган муҳаббат сабаб бўлган. Хориж фуқаросининг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд-тиббий, суд-кимёвий ва суд-биологик экспертизалари тайинланган.

Фото: Kun.uz

Интернетда Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳаси худудидан номаълум одамнинг ёнган жасади топилгани, марҳум хорижий давлатдан Ўзбекистонга ўқиш учун келган талаба бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Вилоят прокуратураси фожиа 9 май куни содир бўлганини маълум қилди.

Расмий баёнотда қайд этилишича, Ҳиндистондан Ўзбекистонга келган 37 яшар йигит Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган 21 яшар ҳинд қизига турмуш қуришни таклиф қилган, аммо рад жавобини олган.

Шундан сўнг ошиқ йигитнинг руҳиятида ўзгариш бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғи ҳудудига кирувчи адирликда номаълум суюқлик [айнан қандай суюқлик эканига экспертиза ойдинлик киритади – таҳр.] ёрдамида ўзини ёқиб, вафот этган. Дастлабки суриштирув давомида марҳум ўлимидан олдин бошқа ҳиндистонлик талабаларга энди ҳаётнинг қизиғи йўқлиги, ўз жонига қасд қилиши ҳақида айтиб келгани аниқланган.

«Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотларига кўра, марҳумнинг танаси ва ички аъзоларида бирор бир кўринишдаги тан жароҳатлари аниқланмаган.  

Ҳозирда суд-тиббий, суд-кимёвий ва суд-биологик экспертизалари тайинланган», дейилади вилоят прокуратурасининг расмий баёнотида.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини маълум қилган.

Аввалроқ Тошкентда Россиянинг икки фуқароси вафот этганди. Жумладан, 8 март куни 37 яшар россиялик журналист, «Бюллетень кинопрокатчика» нашри бош муҳаррири Александр Нечаев Тошкентдаги квартирасида жонсиз ҳолда топилган бўлса, 13 март куни 27 яшар эркак 7-қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид