Кўчада қолган боғча болалари: Боғдоддаги МТТдан репортаж
Фарғона вилояти Боғдод туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолгани боис болалар бинодан чиқариб юборилган. Кўчада қолиб сарсон бўлган болалар вақтинча маҳалладаги хонадонлардан бирига кўчирилган. 130 нафар тарбияланувчи гигиена талабларига жавоб бермайдиган аҳоли хонадонида қолишга мажбур бўляпти. Вазиятни ўрганиш учун ҳудудга Kun.uz мухбири боргандан кейингина расмийлар ҳаракатга тушиб қолган.

Болаларга раҳми келиб хонадонидан вақтинча жой берган Турсуной Мавлонова ўғлини уйлантириш учун тўй бошлаб қўйган. 75 нафар тарбияланувчини ўз бағрига олган хонадон бекаси боғча болалари сабаб тўй кечикаётгани ҳақида куюниб гапирди.

“Яроқсиз ҳолга келиб қолган боғчадан чиқариб юборилган болалар у ёқ-бу ёққа боришиб сарсон бўлишди. Болаларга раҳмим келиб, 3-4 ойда янги боғча биноси битиб қолса керак деган ўй билан яшаб турган уйларимни бўшатиб бердим.

Болалардан ташқари 3 та хўжалик яшаймиз. Турмуш ўртоғим болалар шовқинига чидай олмай кун бўйи кўчаларда юради. Ўғлимга тўй бошлаб қўйганман. Келинни олиб келиш учун уй йўқ. Тезроқ болалар бошқа жойга чиқиб кетишса тўй қилишим керак. Айни пайтда уйимизда 3 та гуруҳ, жами 75 нафар бола бор.
Ҳолат юзасидан раҳбарларга чиқдик. Улар хонадонимизга келиб, 3-4 ойда янги боғчани битириб берамиз дейишди. Лекин натижа бўлмаяпти. Уйимизда болалар сиғмаганидан яна бошқа бир хонадондан жой қилиб, олиб бориб қўйганмиз. Туман “катталари”дан тезроқ боғчани битириб беришларини илтимос қиламиз,” – дейди у.
3 невара ва 2 чевараси боғчада тарбияланаётган Фотимахон Жўраева болалар вақтинча жойлаштирилган хонадонда шароит қониқарсиз экани, янги боғча биносини қуриш ишлари кечикаётгани, туман раҳбарлари ҳолатга панжа ортидан қараётганини таъкидлади.

“Хонадондаги ҳожатхона, ошхона ва умуман барча хоналар ҳеч бир талабга жавоб бермайди. Овқат тайёрлайдиган жойни кўриб болаларга ачиниб кетади одам.
Болалар кўчада қолганида хонадон эгаси мажбур ўз уйидан жой берган эди. 3 невара ва 2 чеварам мана шу боғчада тарбияланади. Қишлоқдаги аёллар кунлик ишга чиқади. Улар ишга чиқмаса қора қозони қайнамайди. Мажбурликдан болаларини боғчага ташлаб кетади. Ҳокимиятга борсак масалани ҳал қиламиз, деб ваъда беришди. Лекин натижа бўлмади. Янги Ўзбекистон учун бундай ҳолат уят албатта”, – дея таъкидлайди у.
Суриштирув давомида бизга таълим ташкилоти билан боғлиқ вазиятни тушунтираётган 20-МТТ директори Эътибор Қўрчиевага юқори ташкилотлардан қўнғироқ бўлди. Раҳбар ҳолатни ижтимоий тармоққа чиқариш учун журналист чақирганликда айбланиб, унга тазйиқ ўтказилди.

“20-МТТ 2022 йил ноябр ойида сносга тушган эди. Болалар кўчада қолгани учун маҳалладан хонадон топиб, ўша ерга кўчиб ўтдик. Шароит йўқлигидан барчага бирдек қийин бўляпти. Ёрдам сўраб мурожаат қилмаган жойим қолмади. Минг афсуски натижа бўлмаяпти. Раҳбарлар ҳар доим сабр қилинглардан бошқасига ўтмаяпти. Ҳадемай қиш кириб келса шунча бола билан қаерга борамиз? Иссиқ кунларда туман мутасаддилари боғча қуриб бизни кўчириш ҳақида ўйлашмаяпти. МТТ 2018 йилдан бери дастурга тушаверади.
Номаълум сабабларга кўра яна дастурдан чиқиб кетади. Жами бўлиб 130 нафар бола тарбияланади. Ҳоким Юсуфжон Ҳусаиновнинг ўзи ҳам ўринбосарлари билан келиб, ҳолатни ўрганиб кетган. Улар ҳам сабр қилинглар дейишди. Қачонгача сабр қиламиз?!” – дейди Эътибор Қўрчиева.
Боғдод тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Шарифжон Ураимовдан ҳолат бўйича изоҳ олдик.

“Болалар боғчасини шу ҳолатда ташлаб қўймаймиз. МТТ қуриб беришларини сўраб, туман ҳокимига ҳам чиққанмиз. Яқин орада давлат тасарруфидаги бино мавжуд бўлмагани учун болалар хонадонга жойлаштирилган. Болаларни гигиена талабларига тўғри келадиган жойга кўчиришга ҳаракат қиламиз. Тез орада МТТ биносини бузиб, ўрнида янги бино қуришни бошлаймиз.

Ота-оналар болалар аянчли шароитда яшаётгани ҳақидаги мурожаатларидан кейин мен туман ҳокими ва унинг тегишли ўринбосарига бу ҳақда айтганман. Ҳоким 3 ой ичида боғча қуришга ваъда берди. Қурилиш ишлари июн ойидан бошланади,” – дейди у.
Суриштирув давомида боғча тарбиячиси Наргиза Норматованинг ҳам хонадонига 26 нафар тарбияланувчи кўчирилгани, бироқ жой етишмаслигидан болалар полда ухлаб ётганига гувоҳи бўлдик.

Мактабгача таълим ташкилоти билан боғлиқ саволларимизга Боғдод тумани ҳокими ўринбосари Қаҳрамон Миртазоқуловдан ҳам жавоб олдик.

“МТТ фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолгани сабабли 2023 йилнинг феврал ойида СЭСдан тегишли хулоса олиниб, аҳоли яшаш хонадонига кўчирилган.
Ҳокимият томонидан шу йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 100 ўринли енгил типдаги МТТ қуришни режалаштирилган. 32-умумтаълим мактабига болаларни вақтинча кўчиришни режа қиляпмиз. Янги ўқув йили бошлангунча боғча биноси қуриб битказилса, болалар яна янги бинога кўчирилади. Эртадан бошлаб боғчада бузиш ишларини олиб борамиз.
Маблағ етишмаслигидан МТТ биносини қуриш ишлари кечикди. Шу ҳафтанинг ўзида лойиҳа ишлаб чиқиб қурилиш ишларини бошлаймиз,” – дейди Қаҳрамон Миртазоқулов.
Мақола тайёрланиш жараёнида Kun.uz’га Боғдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан хонадонга жойлаштирилган боғча яқин ҳудуддаги 32-умумтаълим мактабига кўчирилаётгани ҳақида хабар берилди.
Маълум бўлишича, яроқсиз ҳолатга келиб қолган 20-мактабгача таълим ташкилоти биносини бузиш ишлари бошлаб юборилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тендерларда “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига тақдим этиладиган ўқув қуролларини қарийб 15 млрд сўмга қиммат нархда харид қилаётган, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров санъаткорнинг юбилейини ўтказиш учун маҳаллий бюджетдан миллионлаб сўм пул ажратаётган бир пайтда халқнинг боласи учун боғча қуриб бериш муаммога айланаётгани жуда афсусланарли ҳол.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.
Сарвар Зиёев
Жаҳонгир Алибоев
Тавсия этамиз
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?
Спорт | 11:37 / 29.05.2025
Чет эллик жангчилар, хусусан ўзбеклар Суриядан қувиладими?
Жаҳон | 21:35 / 28.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«ПСЖ»нинг финалдаги ғалабасидан сўнг Парижда тартибсизликлар юзага келди
Спорт | 13:29
-
Минтақанинг хавотирли келажаги, қирғизларнинг сигаретга тақиқи ва кузатувчиларга ёпиқ Душанбе аэропорти
Жаҳон | 12:40
-
Курск областида ҳам кўприк қулади
Жаҳон | 11:21
-
NYT: Илон Маск Трампнинг сайловолди кампанияси вақтида гиёҳванд моддалар истеъмол қилган
Жаҳон | 09:00
Мавзуга оид

18:46 / 31.05.2025
Қашқадарёдаги боғчада 2 ёшли қиз ариққа чўкиб ҳалок бўлди

11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди

08:50 / 22.05.2025
Қозоғистонда ота-она қарамоғисиз қолган бола Ўзбекистонга қайтарилди

19:58 / 21.05.2025