Ўзбекистон | 20:41 / 22.05.2023
19430
1 дақиқада ўқилади

Сингапур президенти Ўзбекистонга келмоқда

Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб 21-23 май кунлари Қозоғистонга, 23-25 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифларини амалга оширмоқда. Бу – Сингапур президентининг Марказий Осиё давлатларига илк ташрифи ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳалима Ёқубни Ўзбекистонга президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил январ ойида, Сингапурга қилган ташрифи чоғида таклиф этган эди.

Сингапур президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Кўксаройда кечадиган музокаралардан кейин, Ҳалима Ёқуб Сингапур-Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этади. Шунингдек, меҳмон Самарқандга ҳам ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев йил бошида Сингапурга ташрифи вақтида ушбу мамлакат бош вазири Ли Сян Лун билан ҳам музокара ўтказган эди. Парламентар республика бошқарувидаги мамлакатда аксар ваколатлар бош вазирга тегишли ҳисобланади.

Таъкидлаш лозим, шу пайтга қадар Сингапур президенти ёки бош вазири Марказий Осиёга ташриф буюрмаганди.

Маълумот учун, яқин истиқболда Ўзбекистонга Франция президенти Эммануэл Макрон, Япония бош вазири Фумио Кишида, Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Венгрия президенти Виктор Орбаннинг ташрифлари режа қилинган.

Мавзуга оид