Жаҳон | 10:58 / 24.05.2023
19447
7 дақиқада ўқилади

Атомдан кейинги Ҳиросима: инсоният ҳануз воз кечмаган қурол даҳшати

АҚШ қуролли кучлари томонидан 1945 йил 6 ва 9 август кунлари Япониянинг Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарларига ташланган атом бомбаси инсоният тарихида ушбу ваҳшат қуролининг биринчи ва охирги марта қўлланиши бўлиб қолмоқда. Юз минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритган бу қурол бугунги кунда ҳам айрим йирик давлат раҳбарларининг “шантаж қуроли”га айланган.

Даҳшатли урушнинг аянчли якуни

Ҳиросима атом бомбаси зарбасига қадар Япония империясининг муҳим флот шаҳарларидан бири эди. Японлар ушбу стратегик шаҳардан ҳарбий база сифатида фойдаланиб келишган. Шаҳар япон-хитой, рус-япон уруши даврларида жуда муҳим рол ўйнаган.

Иккинчи жаҳон уруши деярли якунланиб, Германия сўзсиз таслим бўлгач, унинг иттифоқчиси милитаристик Япония ўжарлик билан тинчлик шартномасини имзолашдан бош тортади. Ҳатто японлар 1945 йил Потсдам конференциясидаги талабномани ҳам рад этади.

Яқинлашиб келаётган совуқ уруш нафасини сезган ва Совет Иттифоқи каби рақибини чўчитиб қўйиш мақсадида АҚШ раҳбарияти ўта шафқатсиз тажрибага қўл уради ва биринчи бўлиб Хиросимага атом бомбасини ташлайди.

Ҳиросимадаги Фан ва технологиялар музейининг портлашдан кейинги ҳолати. Фото: Bettmann/Getty

Яксон бўлган шаҳар, кўмирга айланган одамлар

1945 йил 6 август тонгида “Little Boy” дея аталган бомба (13-18 килотонна тротил портлаш кучига эга) Ҳиросиманинг Айой кўприги ва Сима шифохонаси яқинига тушади. Лаҳзанинг ўзига минглаб одамлар мумдай эриб кетади.

Воқеа гувоҳларига кўра, ўша кун Ҳиросима тинч ва сокин эди, шаҳар уйқудан уйғониб, янги кунга ҳозирлик кўрарди. Кутилмаганда осмонда ракетага ўхшаш узун самолёт пайдо бўлди ва ундан улкан бомба пастга қулай бошлайди...

2020 йилда Greenpeace ташкилоти билан ўз хотираларини бўлишган Ҳироши Ҳарада атом бомба ташланган пайт бор-йўғи олти яшар болакай бўлган.

Ҳироши Ҳарада атом бомбаси портлашидан 1 йил ўтиб, мактабга чиққандаги олинган сурат.
Фото: Ҳироши Ҳараданинг шахсий архивидан

“Гуёки осмондан олов ёғилгандай эди... Кўз олдимда одамлар ўлди, бир неча дақиқада ҳаммаёқ мурдага тўлди. Оёқ босишга жой қолмади. Фалокат марказидан тезроқ қочиш учун мурдаларни топтаб, югуришга мажбур бўлдим. Биласизми... одамларнинг териси эриб кетганди. Оёғим уларнинг танасига ботиб кетарди... Югуришда давом этмасам ёниб кул бўлишимни ҳис этдим ва омон қолдим”, дейди Ҳарада.

Олти ёшли Ҳарада портлаш эпицентридан икки километр узоқликдаги станцияда жон сақлаб қолганди. Станциянинг мустаҳкам қурилгани ва боласини асраб қолишга уринган отанинг жасорати болакайни муқаррар ўлимдан олиб қолади.

“Олов орқамиздан тинимсиз таъқиб қилганди. У лаҳзаларни ҳануз унута олмайман” дейди Ҳироши Ҳарада.

Атом даҳшатидан тирик қолган болакай 1993 йилда Хиросима тинчлик хотира музейи директорига айланди.

Ҳирада Ҳирошининг 81 ёшдаги ҳолати
Фото: Greenpeace 

“Одамларнинг терилари, биласизми, худди хайвон пўстидай эди... Қўлларининг терилари ажралиб тушганди. Тарашадай қотиб қолган одамларни кўрдим. Одамга ўхшамасди улар”, дейди яна бир гувоҳ Такаяма Ҳитоши.

Ҳиросимада атом бомбаси портлашидан 40 мингдан зиёд киши омон қолган. Японлар даҳшатли ўтмиш гувоҳларини “hibakusha” дея аташади. 

Ҳиросимага атом бомбаси ташланишини тўғри қадам дея баҳолайдиганлар ҳам бўлган. Зеро, Япония ўз вақтида Хитойдек давлатни бўлиб юборган ва бир қисмини босиб олган, Жануби-Шарқий Осиёда тартиб ўрнатиб, АҚШга зарба бера олган қудратли давлат эди. Ҳитлернинг “тўнғиз қўпиши” аниқ бўлгандан сўнг ҳам японлар таслим бўлишни хаёлга ҳам келтирмади. 

Кам сонли атом ҳужумини қўлловчилар фикрича, Ҳиросима ва Нагасакидаги ваҳшийлик япон давлатини том маънода шокка туширди ва таслим бўлишга мажбур этди. “Шу тариқа бир неча юз минг одамнинг ҳаёти эвазига кенг кўламли уруш тўхтатилди” дея ҳисоблайди улар. 

Ядро қуролига қарши кураш ҳаракати вакилларидан бўлган Кейт Ҳудсонга фикрича, тарихий ҳужжатларга кўра, Япония шундоқ ҳам таслим бўлишга ҳозирлик кўраётган эди ва атом бомбасини ташлаш зарурати йўқ эди. Бу ҳаракат АҚШ президенти Гарри Трумэннинг урушдан кейин оёққа туриши кутилаётган социалистик блокка қилган дўқ-пўписаси эди.

Атом қуролини ташлаган учувчи: “Менга ёдгорлик ўрнатманглар…”

Америка ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Пол Тиббетс Ҳиросимага атом бомбаси ташлаган самолётни бошқарган.

Бахтга қарши, Пол қарийб 140 минг кишининг ёстиғини қуритган ишни амалга оширганида сира афсус чеккан эмас. Ҳатто у 2005 йилда ОАВга интерьвю бераётиб: “Жин урсин, агар яна шу ишга буюрсангиз, мен уни амалга оширган бўлардим...” дея баёнот берган.

Тиббетс ўлимолди васиятномасида катта дафн маросими ўтказишни ва қабрига ёдгорлик қўйишни кескин рад этди. Айтилишича, у қабри ва унга қўйиладиган ёдгорлик тинимсиз норозилик намойишлари маконига айланишидан чўчиган.

78 йил ўтиб

Ҳиросима тинчлик мемориал музейи
Фото: KyodoNews/Getty

Бугунги Ҳиросима — сокин ва ривожланган шаҳар. Шаҳарда қарийб 1,2 миллион аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудга айни дамда атом қуроли хавф солаётгани йўқ, аммо бошқа муаммолар бўй кўрсатмоқда. Худди бутун Япониядаги каби шаҳар аҳолиси қариб бормоқда, туғилиш кескин тушиб кетган, ёшлар улуши паст. Ҳиросималиклар 6 август тонгида содир бўлган даҳшатни унутмайди ва ёшларга доим сўзлаб беради.

Инсоният эса мана шундай ваҳшатли тарихдан ҳануз хулоса чиқарганича йўқ. Қайтанга ўзаро рақиблар муштлашув олди бақувват билакларини ўйнатгандек, қудратли давлатлар ядро каллаклари, баллистик ва гипертовушли ракеталар билан бир-бирларига мақтанишда давом этмоқда. Япониянинг шундоқ биқинида жойлашган Шимолий Кореянинг ядровий пўписалари ҳануз тинмаётир.

Ҳатто таҳлилчилар дунёдаги мавжуд сиёсий вазиятни Совуқ уруш даврининг энг қуйи нуқтасидан ҳам баттар дея ҳисобламоқда. Россиянинг Украинага бостириб кириши ажал қуроли масаласини яна кун тартибига чиқарди.

Ядровий уруш, атом даҳшатини чиндан ҳис этиш учун япон бўлиб кўриш керак. Аммо японлар бошдан кечирган талафот бугунги ажал қуроллари қудрати олдида ўйинчоқдек. Келажакда атом фалокати рўй берадиган бўлса инсоният таг-томири билан дунёдан йўқолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид