Спорт | 13:01 / 28.05.2023
36375
18 дақиқада ўқилади

Германияда драма, Месси Роналдунинг рекордини янгилади. Европада кун ўйинлари

Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Reuters

Германия: гегемоннинг қулаши рўй бермади

Боруссия Д – Майнц 2:2
Голлар:
0:1 – 15 Ханче-Олсен, 0:2 – 24 Онисиво, 1:2 – 69 Геррейру, 2:2 – 90+6 Зюле.
Боруссия Д – Кобел, Ҳуммелс, Зюле, Рюэрсон (Модест, 80), Геррейру, Жан, Брандт (Дюранвил, 62), Волф (Мукоко, 46), Мален (Рейна, 63), Аллер, Адейеми (Ройс, 40).
Майнц – Дамен, Каси, Белл, Ханче-Олсен, Фернандеш, Аарон Мартин, Кор, Ли Жэ Сон (Ингвартсен, 66), Баррейро, Штах (Баркок, 80), Онисиво (Мустафа, 90).

Кёлн – Бавария 1:2
Голлар:
0:1 – 8 Коман, 1:1 – 81, пеналти Любичич, 1:2 – 89 Мусиала.
Кёлн – Швэбе, Шмитц (Хусейнбашич, 62), Шабо, Хюберс, Хектор, Кайнц (Шиндлер, 62), Схири, Любичич (Педерсен, 82), Майна (Лемперле, 82), Мартел, Зелке (Тилманн, 62).
Бавария – Зоммер, Павар, Упамекано, де Лигт, Мазравий (Мусиала, 85), Киммиҳ, Гравенберҳ (Горетцка, 71; Тел, 85), Мюллер (Жоау Канселу, 62), Коман (Шупо-Мотинг, 71), Сане, Гнабри.

Бундеслиганинг сўнгги туридаги интрига ва «Бавария» таъқибчи ролида бўлиши — охирги марта қачон кузатилганди? «Биз етарлича кўп хатога йўл қўйдик ва ҳозирда шундай вазиятдамизки, бунда фақат ўзимизни айблашимиз мумкин», — деди Томас Тухел. Мюнхендаги фаолияти кўплаб саволлар туғдираётган мураббий жамоа ўзи ғалаба қозонишидан ташқари ташқаридан ҳам ёрдам керак бўлишини — Дортмундда ҳам, Кёлнда ҳам — ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Томаснинг сўзлари тўғри бўлиб чиқди. 8-дақиқада Коман тўпни рақиб дарвозасининг юқори бурчагига йўллади ва онлайн турнир жадвалида «Бавария»ни биринчи ўринга олиб чиқди. Кейин эса жамоага ташқаридан ҳам ёрдам бўла бошлади. Бир йил муқаддам 14 дақиқа ичидаги уч гол билан мюнхенликларни нокаут қилган (3:1), кейин эса қаторасига тўрт ўйинда ютқазган «Майнц» пойгадаги иккинчи фаворитга муаммолар туғдирди.

Меҳмонлар аввалига бурчак жарима зарбасидан ҳисобни очишди. Кейин — жарима майдони ичида Рафаэл Геррейруни йиқитишганида ва VAR бош ҳакамга мониторга келиб вазиятни текширишни тавсия қилганида — Аллернинг оёғи пеналти ижро этишда қалтиради. «Асаларилар» «Майнц»ни жарима майдонига қамаб қўйгандек туюлганида, рақиб қарши ҳужумга чиқди. «Боруссия»нинг икки марказий ҳимоячиси Онисивони дарвоза қаршисида бўш қолдиришди ва у осонлик билан тўпни дарвозага жойлаб, стадиондаги мухлислар устидан совуқ сув қуйди.

Эдин Терзич ёш жамоаси ҳеч қачон бундай босим остида ўйнаб кўрмаганидан келиб чиққан ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўргандек эди. Шу туфайли 40 ёшли мутахассис ўйиндан олдинги матбуот анжуманида вазият жамоага ортиқча таъсир кўрсатмаслиги кераклиги, ҳеч қандай фавқулодда чоралар кўрилмаслиги, майдон ва тўп эса — бир ҳафта олдинги каби экани ҳақидаги оддий гапларни гапирди.

Ўтган турни соғлигидаги муаммо туфайли ўтказиб юборган Беллингем майдонда рўй бераётган драмани захира ўриндиғида ўтириб кузатарди. Аммо унда ҳали ҳаммаси олдинда — катта эҳтимол билан, «Реал»да. Ўйинга биринчи бўлимдаёқ шошилинч туширилган Ройсга эса ҳар қанча ачинса арзийди. Унинг шартномаси яна бир йилга узайтирилганига қарамай, Маркода энди фаолиятида илк бор «Кумуш товоқ»ни кўтариш имконияти бошқа бўлмайди.

34 ёшга тўлаётган бу футболчи эса ҳаммадан кўпроқ бунга лойиқ эди. Масалан, жамоанинг бошқа фахрийси — Ҳуммелс 11 йил муқаддам «Боруссия» билан чемпион бўлганди. Қолаверса, орада «Бавария»да ҳам ўйнаб келган бу футболчи оқпадар ўғил мақомида, Ройс эса сон-саноқсиз таклифлар бўлганига қарамасдан, сариқ-қораларга содиқ қолганди.

Шанба куни у шер каби курашди. «Боруссия»ни иккинчи бўлимда 18 ёшли Мукоко олдинга бошлади. Лекин бошқалар кетма-кет вазиятларни йўққа чиқаришди — ёки хато тепишди, ёки дарвозабонга қарата. «Майнц» эса барчасига навбатдаги қарши ҳужумда нуқта қўйиши ҳам мумкин эди. Бундай ҳолатда Дортмунддагилар фақат Кёлндаги ўйинда мўъжиза бўлишига умид қилиши мумкин эди ва бу рўй беришига бир бахя қолди.

Тухел бошқарувидаги «Бавария»нинг иккинчи бўлимдаги ўйини — ҳақиқий фалокатнинг ўзгинаси эди. Жамоа катта фарқ билан олдинга чиқиб олмаганди, Саненинг голи тўп қўл билан ўйналгани туфайли бекор қилинди. Зоммер жуда хавфли вазиятда, тўп дарвоза тўсини остига кираётганида қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди, лекин 80-дақиқада белгиланган пеналти Мюнхен ва Дортмунддаги кайфиятни 180 даражага буриб юборди.

Матннинг давоми бундай «Бавария» чемпионликка лойиқ бўлмагани ҳақида, Тухел эплай олмагани ҳақида, бош директор Оливер Кан ва спорт ишлари директори Хасан Салихамиджич Юлиан Нагелсманни истеъфога чиқариб, катта хатога йўл қўйгани ҳақида ёзилиши керак эди. Аммо мюнхенча характер ва Мусиаланинг ҳаракатлари бундай фикрларни чиқиндихонага улоқтирди, жамоа бир неча дақиқа ичида Мюнхенга қаторасига ўн биринчи чемпионликни тақдим этди.

Бу — баварлар руҳининг ғалабаси. Бу омил жамоага мантиқ қонунларига қарши бориб ҳам юқорида қолиш имконини берди. Бу эса катта ишлар учун хомлик қилган «Боруссия»да йўқ эди.

Агар бўлганида Зюленинг қўшимча дақиқаларда урган ва ҳисобни тенглаштирган голи ортидан яна бирини урган бўлишарди. Аммо майдонда илмий фантастика эмас,  балки бундеслигадаги реал ҳолат кечди. «Бавария»можаролар гирдобида қолган ва кучсизланган ҳолатида ҳам биринчи.

Унион – Вердер 1:0
Гол:
1:0 – 81, Хедира

Айнтрахт Ф – Фрайбург 2:1 
Голлар:
0:1 – 44, Грифо – 1:1 – 83, Коло Муани, 2:1 – 90+1, Дина Эбимбе Ж.

Табиийки, бундеслигадаги чемпионлик интригаси қолган интригаларни сояда қолдирди, аммо иш бу билан тугаб қолгани йўқ. Ҳали Чемпионлар лигаси учун тўртинчи йўлланма эгасини аниқлаш керак эди ва бу ерда ҳам барчаси сўнгги дақиқаларда ҳал бўлди. 81-дақиқага қадар «Фрайбург»га омад кулиб боқиб турди, жамоа Франкфуртдаги ўйиннинг биринчи бўлимини турнирдаги 50-голини уриш билан якунлади.

Аммо очколар тенг келган тақдирда тўплар нисбатига кўра юқорида бўладиган «Унион» барибир ўйин охирида «Волфсбург»ни таслим этди. Хедиранинг голи жамоага тарихий ғалаба келтирди ва Урс Фишер жамоаси Германиянинг асосий еврокубокда ўйнайдиган 15-жамоасига айланди. Бу — рекорд, Испания икки пункт билан ортда қолдирилди (13).

Берлиндаги гол параллел учрашувдаги воқеалар боришига таъсир кўрсатгани ҳақида аниқ айтиш қийин. Қисман шундай. «Айнтрахт»да бу мавсумда «Байер»ни қувиб ўтиш имкони қолмаганди, аммо «бургутлар» кейинги дам олиш кунлари бўлиб ўтадиган Германия Кубоги финалига қадар тонусни ушлаб турадиган бўлди. Ва яна Коло Муани ўзини кўрсатди, унинг бош билан берган зарбаси камбэкни бошлаб берди. Энди француз — чемпионатнинг «гол + пас» тизимидаги энг яхши футболчиси (15+11).

Испания: Себалйосга ҳуштакбозлик

Ла Лига. 37-тур
Севиля — Реал 1:2
Голлар:
Мир (3) — Родриго (29, 69).
Севиля – Буну, Монтьель, Рекик, Гудел (Баде, 81), Акуня, Ракитич (Сусо, 62), Гомес (Оливер Торрес, 74), Ламела (Корона, 74), Буэно, Хил (Хордан, 62), Рафа Мир.
Реал – Куртуа, Алаба, Милитао, Менди (Родригес, 66), Модрич, Кроос, Тчуамени, Васкес (Рюдигер, 81), Себальос, Вальверде (Камавинга, 54), Родриго (Начо, 81).
Огоҳлантиришлар: Васкес (33), Тчуамени (65), Начо (84), Хордан (90+2), Себалйос (90+2), Торрес (90+7). 
Четлатиш: Акуня (83).

Европа Лигаси финали арафасида турган «Севиля» (жамоа ўйини шунинг учун бир кун олдинга сурилди, чемпионатнинг қолган ўйинлари якшанба куни бир вақтда ўтказилади) шанба кунги ўйинни бериб юбориши ҳақидаги гапларда асос йўқ эди. Ҳа, Хосе Луис Мендилибар таркибда ротация амалга оширди, аммо бу ўйин сифатига таъсир кўрсатмади. Илк ҳужумлардан бириёқ муваффақият келтирди - Рафа Мир жарима майдони ичида тўпни ўзига бўйсундириб, уни юқори бурчакка аниқ йўналтирди.

«Реал»нинг очиқчасига омади келди. Ламела бир неча дақиқа ичида аввалига тўпни дарвоза устунига теккизганида, кейин эса қулай позицияда туриб тўпни дарвоза бурчагига йўналтириб юбора олмаганида. Аргентиналик футболчи сермаҳсуллик бобида Родригодан ортда, ёш футболчи жарима зарбаси орқали барчани, жумладан Бунуни ҳайрон қолдирди. Дарвозабон тўп «жонли девор» устидан ўтиб келишини кутганди, аммо ўзи турган бурчакдан ўтказиб юборди.

Бу бразилиялик форвард бенефисининг бошланиши эди. Иккинчи бўлимда мадридликлар ўзига хос қарши ҳужум уюштиришди, Модрич ва Кроос икки пас билан тўпни ўз жамоаси жарима майдонидан рақиб жарима майдонига етказиб беришди ва бу ерда Родриго жаҳон чемпиони Монтиэлни болаларча алдаб ўтиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Ғалаба учун шу голнинг ўзи етарли бўлди, аммо меҳмон жамоа мухлислари кайфиятини Валверде жароҳат олиши бузиб қўйди.

Ўйинни можаросиз якунлашнинг имкони бўлмади. Аввалига «Севиля» фанатлари Винисиус Жуниорнинг қизил карточкаси бекор қилинганига норозилик акцияси ўтказишга қарор қилишди, кейин эса Акуня аҳмоқона подкати билан мавсумдаги тўртинчи қизил карточкасини олишидан кейин трибунадагилар ҳакамга ва жабрланувчи Дани Себалйосга ҳақорат ёғдиришди. Мухлислар асли Севилядан бўлган футболчини кечира олишмайди, чунки у ўтмишда андалусияликларнинг ёшлар жамоасида ўйнаган, кейин профессионал футболчилик фаолиятини жамоанинг асосий рақиби бўлмиш «Бетис» сафида бошлаган. Себалйоснинг асаблари Винисиусникидан бақувватроқ чиқди, аммо у провокацион имо-ишоралари билан рақиб фанатларини издан чиқарди.

Италия: Моуриньо финал ҳақида ўйламоқда

А Серия. 37-тур
Фиорентина – Рома 2:1

Голлар: 0:1 – 11 Ал-Шаъровий, 1:1 – 85 Йович, 2:1 – 88 Иконе.
Фиорентина – Черофолини, Венути (Додо, 62), Мартинес (Миленкович, 46), Игор Жулио, Бираги (Терзич, 46), Сапонара (Соттил, 61), Данкан (Куаме, 76), Барак, Мандрагора, Иконе, Йович.
Рома – Свилар, Миссори, Смоллинг (Манчини, 46), Лиоренте, Залевски (Абраҳам, 80), Вейналдум (Кристанте, 60), Бове, Солбаккен (Рожер, 71), Белотти, Тахирович, Ал-Шаъровий (Челик, 46).
Огоҳлантиришлар: Сапонара (25), Миссори (32), Мартинес (43), Венути (50), Солбаккен (58), Йович (64), Свилар (75), Игор Жулио (77).

«Рома» Флоренциядаги ўйинни тетик бошлади, аммо якунда Ал-Шаъровийнинг голи дуранг учун ҳам етарли бўлиб чиқмади. Бу эса римликларда Чемпионлар лигасига чиқиш учун фақат бир йўл қолганини англатади — Европа Лигасида ғолиб бўлиш. Дарвоқе, Жозе Моуриньо ҳам эътиборини айнан финалга қаратгани, «Фиорентина» билан ўйин эса уни унчалик ташвишлантирмаётганини айтганди. Аммо португалиялик мутахассис «Рома» ўйин охирида муваффақиятсизликка учраб, икки дақиқа ичида икки гол ўтказиб юборганидан мамнун бўлмагани аниқ. Мезбонларнинг биринчи голидан кейин меҳмонларда саросималик пайдо бўлди ва бундан фойдаланган Иконе иккинчи голни урди.

Интер — Аталанта 3:2
Голлар:
Лукаку (1), Барелла (3), Мартинес (77) — Пашалич (36), Муриэл (90+1). 
Интер – Онана, Думфрис, Д`Амброзио (Дармиан, 83), Ачерби, Бастони (де Врей, 81), Димарко (Гозенс, 70), Брозович, Чалхонўғли, Барелла (Аслани, 81), Лукаку (Жеко, 81), Мартинес.
Аталанта – Спортьелло, Мэле (Околи, 86), Толои, Жимшити, Скальвини, Дзаппакоста, де Рон, Пашалич (Лукман, 61), Копмейнерс, Эдерсон (Муриэл, 69), Ҳейлунд.
Огоҳлантириш: Толой (58).

«Интер» Италия Кубоги финалидаги ғалабадан кейин бўшашмади. Аксинча, Чемпионлар лигаси финали арафасида нерадзуррилар ўзини тонусда ушлаб турибди ва улар ҳам дебютдаёқ том маънода «Аталанта» мудофаасини доғда қолдиришди. Бергамоликлар 1-дақиқада ўтказиб юборилган голдан ўзига келиб улгурмасдан (Лаутаро Мартинес Лукаку яккама-якка вазиятга чиқариб юборганди), Барелла Димарконинг зарбаларини қайтарганидан кейин тўпни барибир дарвоза тўрига жойлади. Миланликлар А серияда ўйинни бу қадар кучли бошлаши сўнгги бор 1941 йил январида кузатилган.

Аммо бу барибир кучли тўртликка киришга уринаётган жамоага қарши ўйин эди ва барчаси бу қадар осонлик билан ҳал бўлиши иложсиз эди. Меҳмонлар биринчи бўлим ўрталарида ўзларига келиб олишди ва мезбонларни мунтазам ҳужумлар билан безовта қила бошлади. Копмайнерснинг мураккаб зарбасини Онана қайтара олган бўлса-да, дарвоза қаршисидан туриб зарба берган Пашаличга қаршилик кўрсатиши имконсиз эди. Ўйин қизиқарли кечишда давом этди, аммо биринчи бўлимда «Аталанта»да ҳисобни тенглаштириш имкони бўлмади.

«Интер» ўйинни назоратига қайтарди ва кучли позицияларидан фойдаланди. Иккинчи бўлимда Лукаку ташкиллаштирган ҳужум амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Майдон марказида рақиб дарвозаси томон орқа ўгирган ҳолда тўпни қабул қилган белгиялик футболчи тўрт рақиб қуршовидан чиқиб кетиб, тўпни рақиб жарима майдони томон бораётган Брозовичга узатиб берди. У эса шусиз ҳам чиройли комбинацияни янада чиройли қилиб, Мартинесни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Симоне Индзаги жамоаси кейинги мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида иштирок этишини кафолатлади.

Франция: барчани қониқтирувчи дуранг

Страсбург — ПСЖ 1:1
Голлар:
Гамейро (79) — Месси (59). 
Страсбург – Зельс, Дагба (Лиэнар, 66), Ньямси, Перрен, Дукуре, Гильбер, Сансон, Сиссоко (Гамейро, 76), Белльгард, Диарра, Диалло.
ПСЖ – Доннарумма, Рамос, Битшиабу, Данилу Перейра, Бернат, Заир-Эмери, Верратти, Саншеш, Витинья (Солер, 84), Месси, Мбаппе.

«Ланс» «Аяччо»га қарши ўйиннинг биринчи танаффусидаёқ уч гол уриб, иккинчи ўрин ва Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига тўғридан тўғри йўлланмани кафолатлаётганида, парижликлар жуда оддий тарзда навбатдаги чемпионликни расмийлаштирди. Назарий жиҳатдан лигани тарк этиш хавфи остида турган «Страсбур»га қарши сафар ўйинидаги дастлабки 45 дақиқаликдан кейин таблода ноллар порлаб турганди.

Албатта, бу ўринда Ҳакимининг дисквалификациясини, шунингдек Маркиньос ва сўнгги вақтларда яхши ўйнай бошлаган Фабиан Руиснинг жароҳатини сабаб қилиб келтириш мумкин. Аммо барибир жамоа ўйини чемпионларга хос эмасди. Алалоқибат, жамоанинг юлдузли футболчилари ташаббусни қўлига олишига тўғри келди. Мбаппе қанотда ҳимоячиларни алдаб ўтди ва бир пас билан Мессини олдинга чиқарди, у эса ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси билан дарвозабонга имконият қолдирмади.

Шу тариқа, ўйин якунланишига бир дақиқа қолганида икки мураббий бир-бирини қучоқлаб нишонлаган дуранг билан якунланган ўйиндан кейин ҳам жозибадор сарлавҳалар кафолатланганди. Кристоф Галтенинг ўйиндан олдинги сўзлари, «Месси — бу футболнинг ўзи» иборасига янги ранглар қўшилди. 577-ўйиндаги 496-гол аргентиналикни «кучли бешлик» чемпионатларидаги энг яхши тўпурарга айлантирди. Криштиану Роналду яна абадий рақибидан ортда қолди (у 626 ўйинда 495 бор тўп киритганди), қолаверса, Месси фаолиятидаги 43-совринни ютиб олди. Энди у тарихдаги энг совриндор футболчилар рўйхатида эски қадрдони Дани Алвесга тенглашиб олди.

Кун статистикаси

  • Йигирма йил ичида 1-бор бундеслигада тўпурарлар пойгасида икки футболчи бир хил натижа кўрсатди. Мавсумнинг энг яхши тўпурари мақоми 16 тадан гол урган Фюллкруг («Вердер») ва Нкунку («Лейпциг») ўртасида тақсимланади.
  • Германия чемпионатида мавсумнинг иккинчи ярмида тайинланиб, чемпион бўлган Томас Тухел бу борада Франц Беккенбауэрдан кейинги 2-мураббий бўлди.
  • Бир ўйинга ўртача 2,38 гол — «Бенфика»нинг 1984 йилдан буён энг яхши натижаси.
  • Топ-5 лигаларда 4 нафар футболчи сўнгги икки мавсумда голлари сонини 20 тадан оширган. Шанба куни Левандовски, Ҳоланд ва Мбаппе сафига Лаутаро Мартинес ҳам қўшилди.
  • «Лион» форварди Баркола амплуадоши Ляказеттга 7 та голли узатма берган. Бу француз чемпионатидаги энг самарали боғлам бўлиб, Месси ва Мбаппенинг натижасидан (5) ҳам яхшироқ.
  • 8 йилдирки «Порту» футболчилари Португалия лигасида энг яхши тўпурар бўла олмаётганди. Паузани бу мавсумда 22 гол урган эронлик Торимий тўхтатди.
  • «Бавария» сўнгги турда чемпионликка эришиши 23 йил олдин кузатилганди, ўшанда жамоа турнир жадвалида «Байер»ни қувиб ўтганди.
  • Италия чемпионатида «Торино» сафар ўйинларида 31 очко қўлга киритган. Бу ушбу жамоанинг уч очколик тизимга ўтилганидан буён қайд этган энг яхши натижаси.
  • Португалия чемпионатида ғолиб чиққан «Бенфика»даги расмий совринлар сони 84 тага етди ва жамоа совринлари сони бўйича яна «Порту»дан ўзиб кетди.
  • Бундеслига ўйинларида «Айнтрахт» дарвозасини 235-бор қўриқлаган Трапп клубн рекордини ўрнатди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди