Жаҳон | 22:03 / 03.07.2023
46405
2 дақиқада ўқилади

Пригожин Беларусга «кетганидан» кейин биринчи марта алоқага чиқди 

«Бизга ёрдамингиз керак. Тез орада фронтдаги навбатдаги ғалабаларимизни кўрасиз», деди у. 

Фото: ТАСС

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин сўнгги ҳафта ичида биринчи марта аудио хабар ёзди. У гуруҳга яқин бўлган Grey Zone телеграм каналида эълон қилинди. 

«Бугун биз ёрдамингизга ҳар қачонгидан ҳам муҳтожмиз. Бунинг учун раҳмат. «Адолат юриши» сотқинларга қарши курашиш, жамиятни бирлаштиришга қаратилганини тушунишингизни истардим. Ўйлайманки, биз кўп нарсага эришдик», деди у. 

Пригожин, шунингдек, яқин келажакда ҳамма «фронтдаги навбатдаги ғалабаларни кўришига» ишонч билдирди. 

Бироқ, «Вагнер» асосчиси келажакдаги режалари ва қаерда экани ҳақида маълумот бермади. 

Аввалроқ, қуролли исёндан кейин, Пригожин фақат битта баёнот билан чиқди. 26 июнь куни унинг матбуот хизмати 11 дақиқалик аудиоёзувни эълон қилди. Пригожин унда содир бўлган воқеалар ҳақида ўз талқинини айтиб, «режимни ағдариш» ниятида бўлмаганига ишонтирди. 

Кремлнинг хабар беришича, исённи тўхтатиш тўғрисидаги келишув доирасида Пригожин Беларусга «жўнаб кетади». 

Беларус президенти Александр Лукашенко 27 июнь куни Пригожин ҳақиқатан ҳам мамлакатида эканини тасдиқлади.

Аввалроқ, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу биринчи марта Пригожиннинг қуролли исёни ҳақида фикр билдирганди.

Мавзуга оид