14:26 / 11.07.2023
16674

Сурхондарёда банкда амалиёт ўтаётган икки талаба жиноятга қўл урди

Улар амалиёт даврида банкнинг барча сирларини ўрганиб, фуқаронинг пластик картасидан 75,7 млн сўм маблағни ўғирлашган ҳамда банкоматдан нақдлаштириб олишган. Талабалардан бири 2 йил 3 ойга, иккинчиси 2 йилга қамалган.

Фото: Видеодан кадр

ИИВнинг маълум қилишича, Термиз шаҳрининг Тупроққўрғон маҳалласида яшовчи фуқаро “102” хизматига қўнғироқ қилиб, номаълум шахслар банк картасидан илова орқали 75 млн 700 минг сўм пулни ечиб олганини билдирган. Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни тижорат банкларидан бирига амалиёт ўташ учун борган икки талаба содир қилгани аниқланган.

Талабалар амалиёт даврида банкнинг барча сирларини ўрганиб боришган. Сўнгра ўзаро келишиб, танишининг номига телефон рақами расмийлаштирган ҳамда унинг телефонидан фойдаланган ҳолда банк ходимларини алдаб, турли амалиётларни бажаришган. Жумладан, фуқаронинг 75 млн 700 минг сўм пулини ўғирлашган. Ўғирланган пуллар Термиз шаҳрида жойлашган банкоматлардан нақдлаштирилган.  

Гумонланувчилар қисқа фурсатда аниқланиб, улардан телефон аппаратлари, кўплаб банк карталари, шунингдек, улардан бири онасига бериб юборган 59,8 млн сўм миқдоридаги пул ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилган. Суд ҳукмига кўра амалиётчи талабалар Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан айбли деб топилган ва улардан бирига 2 йил 3 ой, иккинчисига эса 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Бухорода банк ходими 41 кишининг банк картасидан пул ўғирлаб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланганди.

 

Top