Нуқтайи назар | 11:15 / 31.07.2023
250855
3 дақиқада ўқилади

Давлатнинг репутацияси – қимматли ресурс

Ҳар бир воқеа ва жараён, бир вақтнинг ўзида, кўплаб мезонларда ўлчанади. Айниқса, давлат ишлари. Мисол учун, бирин-кетин қамалаётган журналистлар ва блогерлар ҳақида “ахир ўзлари хато қилишган” деявериш мумкиндир, лекин...

Фото: Getty Images

Ҳа, ҳуқуқий давлатчилик оёққа турмаган, сиёсий плюрализм шаклланмаган давлатда сўз эркинлигидан фойдаланувчиларга нисбатан қўйилган айбловларни бемалол исботлаб ҳам бериш мумкин. Лекин бошқа томондан, давлатларнинг ички ва ташқи “репутацияси” деган нарсани ҳеч ким инкор қилмайди, қила олмайди.

Ташқи дунёда эса “Ўзбекистон журналистлари ва блогерларига қирон келаяптими?!” деган савол туғилиши табиий, ва айни кунларда шу савол туғилмоқда ҳам. Дунёнинг кўплаб давлатлари Ўзбекистон босиб ўтган босқични аллақачон ўтиб бўлган. Улар марказлашган давлатчилик нима-ю, танқид нима эканини яхши билишади.

Давлат шундай бўлиши керакки, ўзининг манфаатларини ҳар жиҳатдан тўғри чамалай олиши керак. Ички вазиятни деб, ташқи глобал репутацияни қурбон қилиш...

Бу ерда, бошқача натижа бўлмайди, бу фақат вақт масаласи. Натижа эса, салбий бўлади. Бу салбий натижалардан бири, масалан, хорижий молия институтларининг Ўзбекистон ҳақидаги фикри ёмонлашиши, инвестициялар оқими камайиши, натижада иқтисодий ўсиш бўйича берилган ваъдаларнинг амалга ошиши янаям қийинлашиб кетиши тарзида намоён бўлиши мумкин. Халқаро ташкилотларнинг бепул грантлари ва нисбатан арзон қарзлари бюджет камомадларини ёпиш ва кўплаб ижтимоий харажатларни қоплаб беришда катта аҳамиятга эгалигини инкор қилиб бўлмайди.

Журналистлар ва блогерлар хато ёки жиноят қилган бўлишининг эҳтимоли бордир. Лекин, сиёсий тизим шундай бўлиши керакки, улар хато қилишга қадар огоҳлантириш тизими ишлаши керак. Шу билан бирга, холис тергов ва адолатли суд таъминланиши зарур. Чунки қамалаётган ҳар бир журналист ёки блогер давлатга қимматга тушади.

Қонунлар давлатнинг миллиардларини ўмараётган амалдорга ҳам, “адашган” блогерга ҳам бирдек тўғри ишлаши керак.

Шунингдек, журналист ва блогерларга ўзларини фаолиятини молиялаштириш учун аниқ имкониятлар берилиши зарур.

Ҳеч бир ҳокимият беқарорликни ёқтирмайди. Танқидни эса – беқарорлик ва анархия элчиси сифатида кўриш одатий. Лекин давлат жамоатчилик билан ишлашни тўғри йўлга қўя олса, ҳеч қандай беқарорлик ёки анархия тинчликка раҳна сола олмайди.

Қисқа қилиб айтганда, давлат ўзига ишониши керак. Бир томондан жамоатчилик билан муттасил ишлаши, иккинчи томондан, куч ишлатар тизимлари ва бошқа мулозимларни тийиб туриши мақсадга мувофиқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид