13:01 / 08.08.2023
17722

Жондор туманига янги ҳоким тайинланди

Туманнинг олдинги ҳокими Санъатилло Ҳикматов Навоий вилояти ҳокимига ўринбосар бўлиб кетганди.

Фото: Жамшид Худоев

Халқ депутатлари Жондор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Санъатилло Ҳикматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Жондор тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. 

Ўз навбатида, Жамшид Худоевни Жондор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилингани депутатларга маълум қилинди. Жамшид Худоевни Жондор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор депутатлар томонидан маъқулланди.

Жамшид Худоев 1983 йилда Жондор туманида туғилган. 2004 йилда Тошкент давлат юридик институтини ва 2009 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос ва иқтисодчи.

Ж.Худоев меҳнат фаолиятини Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қоровулбозор тумани бўлими суриштирувчилигидан бошлаб, ушбу тизимнинг Бухоро шаҳар бўлими инспектори, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари бошқармалари инспектори, Гулистон шаҳар бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2013 йилдан бери тадбиркорлик тизимида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунга қадар Жондор туманидаги «Чинор» фермер хўжалигини бошқариб келаётган эди.

  • 2020 йил декабридан буён Жондор туманига ҳокимлик қилиб келган Санъатилло Ҳикматов 2023 йил июл ойида Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
  • Бундан олдин Бухоро туманига янги ҳоким тайинланганди. Ҳалим Сафаров Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди. Туманнинг олдинги ҳокими Хайрулло Жўраев президент танқидидан сўнг ишдан олинган.
Top