Ўзбекистон | 12:19 / 14.09.2023
14483
3 дақиқада ўқилади

Алия Юнусова болалар омбудсмани лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилди

2020 йил февралидан буён Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили сифатида ишлаб келган Алия Юнусова “ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб” бу лавозимдан кетишини маълум қилди. Истеъфо сабаби маълум эмас.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) Алия Юнусова лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.

“Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидаги фаолиятимга якун ясаётганимни маълум қиламан”, – деб ёзди Юнусова Facebook'даги саҳифасида. У “ҳозирги вазият” деб нимани назарда тутганини очиқламаган.

Алия Юнусова президент Шавкат Мирзиёевга бола ҳуқуқлари ва манфаатлари, ўсиб бораётган авлоднинг баркомал ривожланиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор бераётгани учун миннатдорчилик билдирган.

“Болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга мос мустаҳкам тизимини шакллантиришда биз билан ҳамкорлик қилган, қўллаб-қувватлаган, ҳисса қўшган, ишонган ва бирга фаолият юритган барчадан миннатдорман”

ЮНИСЕФ ҳузуридаги Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода ва унинг жамоасига болалар манфаатларига қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлагани ва илгари сураётгани учун алоҳида ташаккур билдираман”, – дея ўз постини якунлаган у.

Алия Юнусова бу лавозимда 2020 йил феврал ойидан буён ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти 2019 йил апрелида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ўринбосари сифатида жорий этилган, 2021 йил августида омбудсман таркибидан чиқарилиб, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти сифатида мустақил институтга айланган эди.

Болалар омбудсмани ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

Алия Юнусова Хоразмдаги амалдорлар меҳрибонлик уйининг вояга етмаган тарбияланувчиларига нисбатан жинсий жиноятлари учун енгил жазо олгани резонансга сабаб бўлгач, Kun.uz'га берган интервюсида, унинг қўл остида фақатгина 2 нафар ходим ишлаши, болалар омбудсманининг вилоятларда ходимлари йўқлигини айтиб, тегишли қонун билан бу муаммо ҳал этилишига умид билдирганди.

2023 йил май ойида имзоланган, Янги Конституцияни амалга татбиқ этишга қаратилган президент фармонида Олий Мажлис палаталарига “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қисқа муддатда қабул қилиш тавсия этилган.

Мавзуга оид